Ўғлим Шахбознинг кўриш қобилиятида нуқсони бор эди. Унинг кўзини текширтириш, даволатишда айрим қийинчиликларга дуч келдим. Шундай кунларнинг бирида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали фуқароларнинг кўплаб муаммолари қисқа вақт ичида ҳал этилаётгани, барча мурожаатларга кўнгил тўлар даражада асосли жавоб берилаётганидан, ечим топилаётганидан хабар топдиму давлатимиз раҳбарига мурожаат қилдим.
Тўғриси, аризам бу қадар қисқа вақт ичида кўриб чиқилади, деб ўйламаган эдим. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг йўлланмасига асосан ўғлим кўз касалликлари шифохонасига ётқизилди, зарур текширувлардан ўтди. Даволанди. Худога шукур, ҳозир соғлиғи яхши, дунёни бор рангларида, борича, ёрқин ва ёруғ кўраяпти. Ҳаммаси учун Президентимизга раҳмат айтаман. У кишининг халқпарварлиги, оддий кишилар ҳаёти билан қизиқиб, муаммоларни тезда бартараф этишга қаратилган ишларидан юртдошларимиз мамнун, рози. Халқимиз бахтига бу инсон доим омон бўлсин!
Худойберди Макшванов, Касби тумани:
“ЭНГ МУҲИМИ, АДОЛАТ ҚАРОР ТОПДИ”
- Бир неча ой илгари онамнинг тоби қочиб, шифохонага тушиб қолди. Врач бир қанча дори ёзиб берди. Дорихонага борсам, сотувчи пластикка савдо қилмаслигини, нақд пул беришимни талаб қилди.
Мазкур масала кўпчиликни қийнаб юрган муаммо эмасми, жаҳлим чиқди. Пластикдаги ҳам пул-да. Унинг учун ҳам ишлаганмиз, тер тўкканмиз. Қолаверса, қачонгача бу каби талабларга кўниб юришимиз керак? Қачонгача ўз ҳуқуқимизни билмай юраверамиз?
Кейин бу каби муаммоларни самарали ҳал этишда сўнгги вақтларда кишилар оғзидан тушмаётган виртуал қабулхонага мурожаат қилдим. Унинг натижасини эса қисқа вақт ичида кўрдим. Вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан Қарши шаҳридаги Самарқанд МФЙ Чап қирғоқ кўчасида жойлашган мазкур дорихонада режадан ташқари қисқа муддатли текширув ўтказилди. Талабим ўринли экани яна бир бор исботини топди: текширув давомида сотувчининг харидорга харид чеки бермагани ва кунлик нақд савдо пулларини назорат-касса машинасига кирим қилмагани маълум бўлди. Айбдорларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди. Ўйлайманки, сотувчи энди қонун талаби асосида иш юритадиган бўлди. Яъни адолат қарор топди.
Демак, ҳар бир киши ўз ҳақ-ҳуқуқини етарли даражада билиши зарур. Бизга ана шу ҳуқуқимиздан тўла-тўкис фойдаланиш имконини ҳар томонлама кафолатлаб берган Президентимиздан миннатдормиз.
Хуршид Файзуллаев, Шаҳрисабз тумани:
“ГАЛДАГИ МАҚСАД ЭКСПОРТГА ҚАРАТИЛГАН”
- Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш учун барча қулай шарт-шароитларни яратиш, аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани кўпчилик қатори мени ҳам қувонтирди, руҳлантирди. Чунки тадбиркор бўлиш – элнинг корига яраш дегани. Бундан унумли фойдаланиш керак. Энди фақат ишлаш, юртга фойда келтирмоқ зарур.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентига виртуал қабулхона орқали мурожаат қилдим. Мурожаатимда чорвачиликни ривожлантириш ниятида эканимни билдирдим. Истиқболдаги режаларим ўрганиб чиқилиб, “Агробанк” туман филиали томонидан чорва моллари олиш учун кредит ажратиладиган бўлди.
Бундан ташқари, чорва моллари учун озуқа экинларини экиш ҳамда сутни қайта ишлаш цехи қуриш режаларим бор эди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори талабларига мувофиқ, чорвачилик хўжалигини тузиш учун 30 шартли мол бўлиши зарур экан. Шунга мувофиқ, туман ҳокимлиги мутасаддилари имкониятларимни чамалаб боғдорчилик йўналишида фермер хўжалиги тузиш таклифини билдиришди. Сўнг 2 гектар ер ажратиб берилди.
Буларнинг барчаси учун Президентимиздан миннатдорман. У кишининг ташаббуси билан юртимизда ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим яратилди. Ҳали ёш бўлсам-да, менга ишонч билдиришди. Зарур ҳамма шароитни яратиб беришди. Энди бу ғамхўрликка муносиб бўлишга қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Галдаги мақсадларим кўп. Боғдорчилик, чорвачиликни ривожлантириш, келгусида маҳсулотларни экспортга йўналтириш ниятидаман.