Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

11.03.2017


ВИРУСЛИ ГЕПАТИТ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

КЕЛИБ ЧИҚИШ САБАБЛАРИ ВА ЮҚИШ ЙЎЛЛАРИ

- Сариқ касаллиги (гепатит) жигар ҳужайраларининг зарарланиши бўлиб, у гепатит чақирувчи вируслар, турли кимёвий моддалар (дори воситалари, лак, бўёқ билан доимий ишловчи, уксус, спиртли ичимликларни сурункали истеъмол қилувчи кишиларда касалланиш хавфи юқори бўлади), механик таъсир (яъни жигардаги ўсимталар, ўт йўлларида тош пайдо бўлиши) туфайли келиб чиқади. Вирусли гепатит атрофдагилар учун юқумли саналади.

Вирусли гепатитнинг 5 та асосий тури аниқланган бўлиб, гепатит А ва Е турлари ошқозон-ичак йўли билан юқади, яъни касаллик вируслари ичак йўлларига оғиз орқали тушади. Вирусли гепатитнинг А тури билан касалланиш бошқа турларга нисбатан кўпроқ учрайди ва бемор 90 фоиз ҳолатларда асоратсиз тузалади. Гепатит В, С ҳамда Д оғир кечадиган турлар сирасига кириб, қон орқали юқади. Бунда жароҳатланган тери, шиллиқ қаватлар, масалан, тиббий муолажалар (стоматологик, гинекологик, жарроҳлик ва бошқалар) ўтказилаётганда юқиши мумкин. Бундан ташқари, гепатит В вируслари онадан болага ҳомила ривожланаётган пайтда ва туғиш жараёнида ўтиши ҳам мумкин.

Вирусли гепатитнинг энтерал - яъни оғиз орқали (вирусли гепатит A, E), парентерал - тери ва шиллиқ қаватлари бутунлигининг бузилиши туфайли зарарланган қон ва қон препаратлари орқали (вирусли гепатит B, C, Д) юқади. Вирусли гепатит A, E ювилмаган қўллар, вирус билан зарарланган озиқ-овқатлар, қайнатилмаган сув орқали организмга тушади. Вирус организмга тушгандан кейин унинг аломатлари дарров пайдо бўлмайди.

Вирусли гепатит касаллигини тарқатувчи асосий манба бемор одам ва вирус ташувчи ҳисобланади. Касаллик фақат одамдан одамга юқади. Вируслар бемор қони билан айланиб юриб, турли аъзоларга тарқалади, сийдик ва нажас билан ажралади. Вируслар соғлом кишига бемор ёки вирус ташувчи билан кўришганда, у фойдаланган буюмларни ишлатганда ёки сув, озиқ-овқат ва бошқалар орқали юқади. Санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаганда, яъни овқатланишдан олдин, ҳожатхонага кириб чиққандан кейин қўлни ювмаганда, сабзавот ва меваларни ювмасдан еганда вирус ҳазм қилиш органларига тушади. Шу сабабли бу касаллик “ифлос қўл касаллиги” деб ҳам аталади.

Ушбу касалликнинг тарқалишида чивин ҳам муҳим роль ўйнайди. Айниқса, чивин ёз-куз ойларида хавфли бўлади. У усти очиқ озиқ-овқат маҳсулотларига қўниб, вирусларни юқтиради.

АЛОМАТЛАРИ

- Кўпинча касаллик меъда-ичак йўли фаолиятининг бузилиши билан бошланади. Беморнинг иштаҳаси йўқолади, оғиз тахир бўлади, кўнгли айнийди, баъзан қайт қилади, тўш ости соҳасида оғирлик ва оғриқ сезади.

Баъзан касаллик ҳарорат кўтарилиши, эт увишиши, бош оғриши, йўталиш билан бошланади. Айрим беморларнинг йирик бўғимлари, мускуллари оғрийди. Сариқлик олди даврининг охирларида жигар, айрим ҳолларда талоқ катталашади, пешоб ранги ўзгаради.

Дастлаб кўз оқи, тиш ости шиллиқ пардаси ва юмшоқ танглай сарғаяди. Сўнгра аста-секин тери сарғая бошлайди. Сариқлик кундан-кунга зўрайиб боради, беморнинг аҳволи оғирлашади, дармонсизлик ва ҳолсизлик кучаяди, иштаҳа йўқолади, уйқу бузилади, кўнгил айнийди ва бемор кетма-кет қусади, жигар ва талоқ яна ҳам катталашади, бадан қичиша бошлайди.

Айрим беморларда касалликнинг сариқсиз тури ҳам учрайди, бундай беморлар дардни кўпинча оёқда ўтказиб, атрофдагиларга инфекция тарқатиб юрадилар.

Вирусли гепатит ёш болаларда (айниқса, ёшига тўлмаган гўдакларда), кексаларда, ҳомиладор аёлларда,  бошқа сурункали касалликларга чалинганларда, спиртли ичимликларни сурункасига ичиб юрадиганларда оғирроқ кечади.

ҚАЙТА ЮҚИШИ МУМКИНМИ?

- Вирусли гепатит B, C, Д ларда тери ва шиллиқ қаватлари бутунлигининг бузилиши билан боғлиқ муолажалардан тўғри фойдаланилса, вирусли гепатит А, Е да қўллар тоза бўлса, сув қайнатиб ичилса, мева ва сабзавотлар ювиб ейилса ҳамда санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинса, у сира ҳам юқмайди.

УЙ ШАРОИТИДА АНИҚЛАШ МУМКИНМИ?

- Уй шароитида вирусли гепатитни аниқлаш йўлларини қўллаш тавсия этилмайди, бунинг устига улар аниқ ташхисни беролмайди. Шунинг учун касаллик белгилари сезилганда, зардоб ферментлари, қон таҳлили топшириш лозим бўлади.

Вирусли гепатит касаллигининг олдини олишда энг муҳим нарса - дардни иложи борича эрта аниқлаб, беморни юқумли касалликлар шифохонасига ётқизишдир. Шунда касаллик инфекцияси бошқа соғлом кишиларга ўтмайди. Бемор касалхонага ётқизилгандан кейин барча уй-рўзғор буюмлари зарарсизлантирилади, идиш-товоқ, сочиқ, чойшаб, ёстиқ жилди ва бошқалар ярим соат давомида қайнатилади, кўрпа-ёстиқ, тўшак, гилам, пояндоз ва бошқалар офтобга ёйилади. Хоналар ҳўл латта билан артилади ва шамоллатилади. Кейин дезинфекция қилинади. Бемор касалхонага ётқизилгандан кейин у билан бирга бўлган барча оила аъзоларини 35 кунгача врач текшириб туради ва мулоқотда бўлганлар лаборатория усулида текширувдан ўтказилади. Мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларидаги болаларни ва у ердаги хизматчиларни тиббий текширувдан ўтказиб туриш зарур.

ОЛДИНИ ОЛИШ ЧОРАЛАРИ

- Вирусли гепатитга қарши курашда танани чиниқтириш муҳим роль ўйнайди. Жумладан, кўпроқ очиқ ҳавода сайр қилиш, спорт билан шуғулланиш, тўғри овқатланиш, қатъий кун тартибига амал қилиш жуда муҳим. Демак, касалликни юқтирмаслик учун шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, ҳар бир уй ва ҳовлини озода тутиш, ахлат ва чиқиндиларни ўз вақтида чиқариб ташлаш, ҳожатхоналарни (айниқса, канализация бўлмаса) дезинфекция қилиб туриш, пашшани барча воситалар билан қириш, озиқ-овқат маҳсулотларини ифлосланишдан сақлаш шарт. Булар вирусли гепатитнинг олдини олишда асосий тадбир саналади.

Шунингдек, вирусли гепатит касаллигининг олдини олишда энг самарали усул - вакцина билан эмланишдир.

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

Report typo