Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Тиббиёт
  • Вирусли гепатит С билан оғриган беморларнинг 95 фоизи касаллик ташувчилари эканлигини хаёлларига ҳам келтиришмайди

Шоҳиста БОЗОРОВА

09.08.2024


Вирусли гепатит С билан оғриган беморларнинг 95 фоизи касаллик ташувчилари эканлигини хаёлларига ҳам келтиришмайди

Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасида ташкил этилган пресс-тур доирасидаги матбуот анжуманида бу ҳақда батафсил фикр юритилди.

Пресс-турда иштирок этган журналист ва блогерлар дастлаб  бошқармада олиб борилаётган қурилиш ишлари ва вирусология бўлими фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, вилоятимизда мамлакат Президентининг "Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш ва вирусли гепатитларни бартараф этиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида кенг маълумотларга эга бўлишди. Хусусан, тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда ҳудудда бир қатор вирусли касалликларнинг қайд этилмаслиги ёки камайишига эришилди. Масалан, бошқариладиган инфекциялардан бўғма, шол, қизилча, қоқшол каби касалликлар ҳамда менингит, тиф-паратиф касалликлари қайд этилмади.

Пресс-тур иштирокчилари республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалида ҳам бўлиб, вирусли гепатитнинг С тури, ушбу инфекция билан зарарланган беморлар билан ишлаш, уларни бир йил давомида бепул дори-дармон билан таъминлаш ва даволаш, улар саломатлигини назорат қилишда, оғир асоратларнинг олдини олишда бирламчи тизимда бажарилиши зарур бўлган вазифалар тўғрисида батафсил тушунча олишди. 

- Гепатит С - бутун дунёда ўлим ҳолатлари ошишига олиб келаётган сабаблардан бири бўлиб, соғлиқни сақлаш соҳаси учун улкан муаммодир, - дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Собир Муродов. - Бироқ тасаввур қилинг, гепатит билан зарарланганларнинг 95 фоизи касаллик ташувчилари эканлигини хаёлига ҳам келтирмайди. Бутун дунёда тахминан 150 миллион беморнинг катта қисми ҳеч қандай муолажа олишмайди.  Натижада жаҳонда ҳар куни 3 минг 500 киши гепатит В ва С инфекциясидан вафот этади.

Вилоятимизда шу кунга қадар жами 77 минг 883 нафар 18 ёшдан юқори бўлган фуқаро вирусли гепатитнинг В ва С турларига скрининг текширувидан ўтказилган ва RedCap тизимига киритилган. Шундан 2 минг 700 нафар фуқарода вирусли гепатитнинг В тури, 2 минг 926 нафарида эса С тури аниқланган.

Пресс-тур доирасидаги матбуот анжуманида вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Тўлқин Расулов томонидан ўтган 7 ой мобайнида тизимда амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболда соҳа вакиллари олдида турган муҳим вазифалар юзасидан иштирокчиларга атрофлича маълумотлар берилди. Айни пайтда, тадбир иштирокчилари мавзуга оид  кўплаб саволларига жавоб ҳам олдилар.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo