Шунингдек, "in vitro" лабораторияси ташкил этилади
Ривожланиш стратегияси
Китоб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманлари истеъмол ва уруғлик картошка, жумладан, унинг супер элита ва элита авлодларини етиштиришга ихтисослаштириладиган туманлар рўйхатига киритилди. Республика бўйича бундай туманлар умумий сони 40 тани ташкил этиб, ҳар бирида картошкачилик кластерлари ва кооперациялари тузилади.
Мамлакат Президентининг шу йил 6 майдаги "Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда уруғлик картошканинг супер элита авлодини етиштиришга ихтисослаштириладиган ҳудудлар рўйхати ҳам тасдиқланиб, унда, жумладан, вилоятимиздаги 7 та - Китоб туманидаги Мейлиқул Бобоев, Шодмон Умаров, Наврўз ва Зарафшон, шунингдек, Шаҳрисабз туманидаги Наврўз, Хазара ва Уроқ Ибрагимов ҳудудлари ҳам ўрин олган.
Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатда картошкачилик кластерлари ва кооперациялари фаолиятининг асосий йўналишлари санаб ўтилиб, улардан бири инновацион ва ресурс тежамкор технологиялар асосида яхлит майдонларда истеъмол ва уруғлик картошка етиштириш ҳамда соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишдан иборатлиги қайд этилган. Айни пайтда янги тузилмалар уруғлик картошканинг супер элита ва элита авлодларини етиштиришни кенгайтириш, уруғликлар тайёрлаш ҳамда замонавий картошка плантацияларини барпо этиш билан ҳам шуғулланади. Шунингдек, улар зиммасига истеъмол ва уруғлик картошкага бўлган ички бозор талабини қондириш, унинг экспортини ошириш, ушбу маҳсулотни экиш учун мўлжалланган экин майдонининг камида 50 фоизида уруғлик картошканинг супер элита ва элита авлодларини етиштириш, уни сақлаш, саралаш, етказиб бериш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш, картошкачилик соҳасига илғор технологиялар, инновацион ечимлар (ноу-хау) ва илм-фан ютуқларини жорий этиш ҳам юклатилган.
Қарорда белгиланганидек, 2020 йил 1 майдан бошлаб картошка етиштирувчи фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари, шунингдек, картошкачилик кластерлари ва кооперацияларининг уруғлик картошка харид қилиш харажатларини молиялаштириш учун уларга 12 ой муддатгача тижорат кредитлари ажратилади. Бундай кредитлар бўйича фоиз ставкасининг муайян қисми Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Ўрнатилган янги тартибга кўра, энди ҳар йили 1 декабрга қадар кластер ва кооперациялар таклифлари ҳамда истеъмол меъёрлари асосида келгуси йил учун картошка экин майдонлари ва ялпи ҳосили прогноз кўрсаткичлари, шунингдек, уруғлик картошкага йиллик талаб ва унинг етишмайдиган миқдори аниқланади. 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатга четдан олиб кирилаётган уруғлик картошка божхона божидан озод этилади. Бунда имтиёзлар тегишли ваколатли органларнинг карантин кўрик далолатномаси ва мувофиқлик сертификати асосида берилади.
Қарорга асосан Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ҳузурида Илмий изланишлар ва инновацион ишланмаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, картошка навлари селекцияси ва уруғчилигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. Маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорлар грантлари, бошқа бир қатор манбалар ҳисобидан шакллантириладиган ушбу жамғарма соҳадаги илмий изланишлар ва инновацион ишланмалар учун грантлар ажратиш билан бир қаторда картошка навлари селекцияси ва уруғчилигини йўлга қўйиш бўйича тажриба-синов ва бошқа лойиҳаларни молиялаштиради, сабзавот, полиз экинлари ва картошканинг яратилган навлари муаллифларини рағбатлантиради.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Фанлар академияси, Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари, Картошка етиштирувчилар уюшмаси билан биргаликда 2020 йил 1 ноябрга қадар ҳудудларда "in vitro" лабораторияларини ташкил этиш ҳамда уруғчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг уруғлик майдонларини сифатли синовдан ўтказиш чораларини кўриш вазифаси юклатилган.
Шу ўринда эслатиш жоизки, ўтган йил июнь ойида Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Қашқадарёда Польша Республикаси тўғридан-тўғри инвестициялари асосида қиймати 8 миллион АҚШ долларига тенг, йиллик қуввати 8 миллион дона in-vitro усулида (яъни "шишада", алоҳида ҳолатда, зарарли микроорганизмлардан холи) картошканинг уруғлик мини туганакларини кўпайтиришга ихтисослашган лаборатория ҳамда йилига 5 минг тонна юқори авлодли соғлом картошка уруғлиги етиштиришга мўлжалланган комплекснинг барпо этилиши муҳокама қилинганди. Ўшанда мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида мамлакатимизда уруғлик картошкага бўлган эҳтиёж импорт эмас, балки кўпроқ ички имкониятлар ҳисобидан қопланиши, соҳада уруғлик сифатининг яхшиланиши ҳамда аҳолининг иш билан таъминланишига эришилади, дея таъкидланганди.
Қарорда истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришни кўпайтириш, соҳада кластер ва кооперация механизмларини кенгайтириш ва замонавий технологияларни жорий этишни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш ҳамда картошкага бўлган ички бозор талабини тўлиқ қондиришга қаратилган яна бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, 2020-2021 йилларнинг қиш-баҳор мавсумида аҳолини ва ижтимоий соҳа муассасалари эҳтиёжларини кафолатли таъминлаш мақсадида истеъмол картошкасини захирага жамғариш ҳажмлари тасдиқланган. Уларга кўра, республика бўйича 235,2 минг тонна, Қашқадарёда эса 24,7 минг тонна картошка жамғариш кўзда тутилган.
Ўз мухбиримиз