Жорий йилда вилоятимизда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан умумий узунлиги 155,3 километрга тенг ички йўлларга цемент-бетон қопламаси ётқизилади.
Тегишли туман ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан берилган таклифлар асосида шакллантирилиб, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг шу йил 31 майдаги қарори билан тасдиқланган манзилли рўйхатга мувофиқ, жорий йилда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида 15 километрдан, Қамаши туманида 10,3 километр, Ғузор, Деҳқонобод, Қарши, Косон, Китоб, Миришкор, Чироқчи, Кўкдала, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларида 10 километрдан, Касби, Муборак ва Нишон туманларида эса 5 километрдан цемент-бетон қопламали ички йўллар қурилади. Натижада воҳамиздаги 150 га яқин маҳаллада 210 тадан ортиқ кўча обод бўлади.
Мисол учун, Ғузор туманида бундай қоплама 5 та маҳалладаги ҳар бирининг кўча кенглиги 5,5 метрдан иборат Буюк карвон йўли (1 километр масофада), Тинчлик ва Наврўз (2,5 километрдан), Обод ва Мустақиллик (2 километрдан) кўчаларида ётқизилади. Қарши шаҳрида эса 2 та МФЙ – Араловул (3 та кўчада) ва Алишер Навоий (10 та кўчада) маҳаллаларида ҳар бириннинг кенглиги 4,5 метрга тенг 0,5-2 километр узунликдаги цемент-бетон қопламали ички йўллар барпо этилади. Ўз навбатида Кўкдала туманидаги 9 та МФЙ – Шўрбозор, Айритом, Кўкдала, Кумдарё, Шўрқудуқ, Тошли, Пахталисой, Аннарўз ва Дўстлик маҳалаларидаги асосан мактаблар ва бошқа муҳим объектларга олиб борувчи 12 та кўчада ички йўллар эни 4,5 метр, узунлиги 150 метрдан 2 километр 450 метргача цемент-бетон қопламасини ётқизиш эвазига кафтдек равон бўлади.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан Президентнинг ўтган йил 18 майдаги “Цемент-бетон қопламали автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида қабул қилинган ҳужжатга мувофиқ, мутасадди ташкилотлар ва тегишли мансабдор шахсларга халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан цемент-бетон қопламали ички йўлларнинг белгиланган муддатларда қурилиши ҳамда фойдаланишга топширилишини назоратга олиш вазифаси юклатилди.