Қонунчиликдаги ўзгаришлар: 2023 ЙИЛ 1 ЯНВАРДАН АМАЛДА
Президентнинг тегишли фармон ва қарорлари ҳамда ҳукумат қарорларига асосан келгуси йилнинг 1 январидан бошлаб:
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида хўжалик бошқаруви органларининг раҳбари вазифасини бажариши тақиқланади;
уюшма ва бошқа хўжалик бирлашмаларига давлат ҳокимияти ваколатларини бериш ва уларнинг раҳбарларини Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан лавозимга тайинлаш амалиёти бекор қилинади.
***
Давлат бюджети, ҳукумат кафолати остида жалб қилинган халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига ишлаб турган оқова сув тозалаш иншоотларини реконструкция ва модернизация қилиш ҳамда янги оқова сув тозалаш иншоотлари қурилиши билан боғлиқ лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишларида юқори эксплуатация харажатларини талаб қиладиган ва сарфланган маблағларни 10 йилдан кўп муддатда қоплайдиган эски самарасиз технологиялар қўлланилишига йўл қўйилмайди.
***
Янги қуриладиган кўп квартирали уйларни чиқинди тўплаш жойларини белгиламасдан лойиҳалаштириш ҳамда фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.
***
Божхона органлари ходимларининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш амалиётини босқичма-босқич жорий этилади.
***
Ер ости сувларининг кўп йиллик ўртача сатҳига нисбатан сув сатҳи 5 метрдан ортиқ пасайиб кетган ҳудудларда ерларни суғориш ва ишлаб чиқариш мақсадларига гидрогеологик хулоса бериш, ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ҳамда мавжуд қудуқлардан ерларни сув тежовчи технологияларсиз суғориш тақиқланади, бундан тасдиқланган давлат дастурлари доирасида ва жисмоний шахслар томонидан чуқурлиги 25 метргача бўлган қудуқларни бурғилаш ҳамда суткасига 5 метр кубгача ҳажмдаги ер ости сувларини шахсий эҳтиёжлар учун якка тартибда олиш мустасно.
***
Мажбурий суғуртанинг барча турлари бўйича суғурта полисларини қоғоз бланкаларда расмийлаштириш амалиёти бекор қилинади.
***
Тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек, атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тартибга солиш таъсири баҳолашдан ўтказилади.
***
Жисмоний тарбия ва спорт йўналишларида Паҳлавон Маҳмуд номли давлат стипендияси жорий қилинади.
***
Туман ва шаҳарлар ҳокимликлари молия бўлимларида ташаббусли бюджетлаштириш жараёнида танланган лойиҳаларни бошқариш бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.
***
Дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилган фуқароларнинг уй-жойларни сотиб олиш, қуриш ёки реконструкция қилиш учун олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди.
***
Назорат қилувчи органларга “Ягона давлат назорати” ахборот тизимидаги давлат назорати функциялари реестрига киритилмаган функциялар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тақиқланади.
***
Умумий ўрта таълим ташкилотлари ҳар 11 йилда камида бир марта мажбурий тарзда аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказилади.
***
I ва II гуруҳ ногиронлиги учун пенсия тайинлангандан кейин ишлаган фуқароларнинг иш стажи ва иш ҳақини ҳисобга олган ҳолда, ногиронлик пенсияси миқдорларини ҳар икки йилда қайта ҳисоблаш тартиби жорий этилади.
***
Оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан болалар ҳамда ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни янада сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш учун яна қўшимча 4 минг 900 та ўрта тиббиёт ходими (педиатрия ҳамшираси ва доя) штати ажратилади. Аввалроқ ҳам, аниқроғи 2022 йил 1 июлда шу мақсадда “тиббиёт бригадалари” таркибига қўшимча 3 минг 600 та штат ажратилган эди.
***
Ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари тармоғини янада кенгайтириш учун жойлардаги оилавий поликлиника филиаллари негизида оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади.
***
Ички ишлар органлари фаолиятига босқичма-босқич “Е-патруль” тизими жорий этилиб, фуқаронинг шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади ҳамда барча маълумотлар жойида планшет орқали текширилиб, ички ишлар органлари патруль-пост хизмати ходимларининг фаолияти “бодикамера”дан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши йўлга қўйилади.
***
Бюджет ташкилотларининг бюджет сўровлари, харажатлар сметаси ва штатлар жадвалини қоғоз шаклида расмийлаштириш амалиёти бекор қилинади ҳамда уларни тўлиқ электрон шаклда расмийлаштириш тартиби жорий этилади, бундан давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар мустасно.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.