Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мусо МУРОДОВ

18.07.2017


ҚВП ўрнидаги поликлиника

Бугун мамлакатимизнинг қайси бир аҳоли яшаш ҳудудига қараманг, уларнинг барчасида бирламчи тиббиёт хизмати кўрсатиш йўлга қўйилган. Бу бўғин инсон саломатлигини асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда, аҳолининг барча қатламини замонавий тиббий-профилактика ёрдами билан тўлиқ қамраб олишда муҳим ўрин тутмоқда. Бироқ бугунги ривожланиш ҳар соҳада катта ислоҳотлар ўтказишни тақозо этаётгани сир эмас, шу жумладан, соғлиқни сақлаш тизимида ҳам. Зеро, жойлардаги мавжуд қишлоқ врачлик пунктлари бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш билан чекланиб қолаётгани, бу ерда замонавий тиббий аппаратларнинг йўқлиги боис тиббий кўрикдан ўтиш, касалликларни вақтида аниқлаб, уларга тўғри ташхис қўйиш учун етарлича шароит яратилмагани кўпгина муаммоларга сабаб бўлаётганди. Хусусан, касалликни аниқлаш ва сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш учун бемор узоқ йўл босиб, туман ёки вилоят марказига боришга мажбур эди. Бинобарин, тизимда ўтказилган мониторинг натижалари, таҳлиллар ҳам бу муаммо ва камчиликларни рўйи-рост кўрсатди. Давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи ҳудудларга сафари чоғида қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа тиббиёт муассасалари фаолияти, у ердаги ҳақиқий аҳвол билан бежиз қизиқмаяпти.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5 январь, 7 февраль ва 6 июль кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувларида соғлиқни сақлаш тизимининг бугунги ҳолати атрофлича таҳлил этилди, жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари жойлашувини қайта кўриб чиқиш зарурлиги ҳақида гапирилди. 2017 йилнинг 29 мартида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бу қарор, аввало, инсон саломатлигини асраш, халқимизга кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш, тиббий хизмат маданиятини, сифатини ошириш мақсадларига қаратилгани билан ғоят аҳамиятли бўлди. Шу асосда тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами олис қишлоқ ва маҳаллалар, тоғли ҳудудларда қад ростлаган ва замонавий жиҳозланган шифо масканларида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражаси ва самарадорлигини юксалтиришда намоён бўлмоқда.

Биргина вилоятимиз мисолида олиб кўрсак, соғлиқни сақлаш  бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, ҳудуддаги мавжуд 256 та қишлоқ врачлик пунктидан 101 таси қисқартирилди. Энди шундан 42 тасининг биносидан шифокорлар учун хизмат уйи, 30 тасидан тез тиббий ёрдам шохобчаси сифатида фойдаланилади. 39 таси эса консервация қилинади. Қолган 155 та қишлоқ врачлик пункти фаолияти мақбуллаштирилади, яъни уларнинг 83 таси ўз фаолиятини давом эттиради, 72 таси негизида поликлиника ташкил этилади. Поликлиникалар таркибида тор доирадаги мутахассислар – педиатр, терапевт, гинеколог, стоматолог, УТТ мутахассиси ва тез ёрдам шифокори фаолият кўрсатади. Шунингдек, бу ерда ижтимоий дорихона, тез ёрдам шохобчаси бўлади.

Ҳеч кимга сир эмас, вилоятимизда бир қатор ихтисосликка оид врачлар етишмовчилиги бугун юзага чиққан муаммо эмас. Шундай бир вазиятда янги ташкил этилган поликлиникаларни айтилган тор мутахассисликдаги врач кадрлар билан таъминлаш осон кечмаслиги аниқ.

- 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб олий тиббиёт таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда ҳудудлар кесимида квоталар ажратилгани айни шу маммоларни ҳал этишга қаратилган муҳим тадбирдир, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Умида Ғозиева. – Бу йил ўқишга кирганларнинг тиббиёт мутахассиси бўлиб вилоятимизга қайтиши учун муайян вақт талаб этилишини инобатга олсак, масала шу билан тезда ечилиб қолмаслиги аён бўлади. Шу боис, тиббиёт муассасаларидаги кадрлар танқислигини бартараф этиш мақсадида жорий ўқув йилида тиббиёт олийгоҳларини давлат гранти асосида битираётган 281 нафар талаба уч томонлама тузилган шартномага мувофиқ камида 3 йил муддатга вилоятимизга ишга юборилади.

Ном ўзгарди, сон ўзгарди. Мақсад эса аниқ - аҳолининг барча қатламларини сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш. Бундаги олдимизда кўндаланг турган масаланинг бири юқорида айтилганидек, врач кадрлар етишмовчилиги бўлса, кейингиси янги ташкил этилган поликлиникаларни замонавий тиббий ускуналар, ташхис аппаратлари билан таъминлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш муаммосидир.

Яна ўша соғлиқни сақлаш бошқармасидан олинган маълумотларга таянадиган бўлсак, вилоятдаги тиббиёт муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2017-2018 йиллар мобайнида тиббиёт бирлашмалари ва поликлиникалар умумий қиймати 5 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлган 40 хилдаги замонавий тиббий аппаратуралар билан таъминланади.

Бу яхши, албатта. Аммо ҳозирча мавжудлари билан бир амаллаб туришга тўғри келаяпти, чоғи. Ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатадики, вилоят бўйича врач кадрлар етишмаслиги боис бошқа муассасаларда ишловчи баъзи мутахассислар поликлиникаларга 0,5 ставкага ишга қабул қилинаяпти ва уларнинг аксарияти туман марказидан вақти-вақти билан келиб кетишади. Қарши, Нишон туманларидаги янги ташкил этилган кўплаб оилавий поликлиникаларда УТТ аппарати мутахассиси етишмаслиги сабаб марказий шифохоналардан шу ихтисосликдаги врачлар ҳафтасига икки кун елкасида аппарат кўтарганча шошилинч келиб кетишади. Бу каби ҳолатлар бошқа туманларда ҳам кузатилади.

Бугун бирламчи тиббий-санитария муассасаларидан аҳолини қайта хатловдан ўтказиш, хонадонларнинг тиббий-ижтимоий ҳолатини чуқур ўрганиш, уларни замонавий тиббий-профилактика ёрдами билан тўлиқ қамраб олиш каби ишларга масъулият билан ёндашиш талаб этилмоқда. Бу билан оналар ва болалар ўлимини кескин камайтириш, юқумли касалликлар бўйича вазиятни барқарор сақлашга эришиш баробарида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасини кўрсатиш  мақсад қилинган. Бироқ мутасаддиларнинг маъмурий ишларга ўралашиб қолгани, рақам ва ҳисоботлардан нари ўтиб, етарлича амалий чора-тадбирлар кўрмаётгани тизимдаги ечимини кутаётган  муаммолар ва айрим фактларда яққол кўриниб қолмоқда. 

Масалан, ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, Чироқчи, Яккабоғ, Нишон, Муборак, Шаҳрисабз, Қарши, хуллас, аксарият туманларда тиббий патронаж тизимини изчил йўлга қўйиш, тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида қишлоқ врачлик пунктлари қўшимча керакли жиҳозлар, патронаж сумкалари, дори-дармонлар, зарур реактивлар билан ҳам етарлича таъминланмаган. Айниқса, аҳолига шошилинч ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш хизматининг талаб даражасида эмаслиги жойларда норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш - одамийликнинг энг олий мезонидир”, деган ибратомуз сўзлари ҳар бир кишидан янада фаол бўлиш, раҳбарлардан шахсий жавобгарлик ва масъулиятни янада оширишни тақозо этади. Зеро, бу борада Президентнинг ўзи ўрнак бўлаяпти. У кишининг назаридан четда бўлган соҳанинг ўзи  йўқ, ҳар бирида янги ислоҳотлар кечмоқда. Тиббиёт соҳаси ҳам шулар жумласидан бўлиб, ўша учала  йиғилишда Юртбошимиз бу тизимда қилинажак ишлар ва уларнинг берадиган самараси ҳақида гапириб, аниқ таҳлилларга асосланган фикрлар асосида ислоҳотларни амалга ошириш механизмини аниқ-тиниқ белгилаб берди. Гап уни мутасаддилар моҳиятан теран англаб етишида ва амалий натижалар қилиш йўлида фаоллик кўрсатишида қолаяпти.

Мусо МУРОДОВ  

Report typo