Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

02.04.2021


Xiaomi электромобиллар ишлаб чиқаришга 10 миллиард доллар тикмоқчи

Xiaomi ўз бренди остида электромобиллар ишлаб чиқаришни режа қилаётгани ҳақидаги хабарни расман тасдиқлади. Компания ушбу йўналишдаги бизнесга 10 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизишни режалаштиряпти.

Келгуси ўн йил давомида Хитой технология гиганти электр қуввати билан ҳаракатланувчи транспорт воситалари ишлаб чиқаришга катта миқдорда маблағ йўналтириш учун тайёрланаяпти. Бу ҳақда Xiaomi компанияси асосчиси ва бош директори Лэй Цзюн эълон қилган. 

"Bloomberg" нашри тарқатган маълумотларга кўра, янги тармоқ тизимини Цзюннинг ўзи бошқаради. Лойиҳанинг бошланғич инвестицияси 10 миллиард юан ёки 1,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида бўлиши кўзда тутилган.

"Мен автомобиль саноати билан боғлиқ таваккалчиликни тўлиқ ҳис қилаяпман, - деган Пекин конференциясидаги чиқишида Лэй Цзюн. - Шунингдек, лойиҳани амалга оширишга камида 3-5 йил ва 10 миллиардлаб маблағ кетишини ҳам яхши тушунаман. Бу менинг фаолиятимдаги сўнгги стартап бўлади".

Xiaomiнинг электромобиллар ишлаб чиқариш режаси ҳақида оммавий ахборот воситалари ўтган ҳафтада хабар тарқатганди. Унда компаниянинг электр қуввати билан ҳаракатланувчи транспорт воситалари Great Wall заводларидан бирида йиғилиши тахмин қилинган. Бироқ Хитой автоконцерни вакиллари бу маълумотларни рад этди.

"Bloomberg"нинг ёзишича, Xiaomi янги бизнесни тўлиқ ўз назоратига олишни хоҳлайди ва шунинг учун ҳамкор ҳамда ташқаридан инвестор қидиргани йўқ. Хитой электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчисининг ўз бренди остидаги илк электромобили 2023 йилда чиқарилиши мумкин.

Report typo