Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ЯҚИН 5 ЙИЛДА ЯНА 33 ТА АҲОЛИ ПУНКТИ ШАҲАРСОЗЛИК ҲУЖЖАТЛАРИГА ЭГА БЎЛАДИ

21.09.2023


ЯҚИН 5 ЙИЛДА ЯНА 33 ТА АҲОЛИ ПУНКТИ ШАҲАРСОЗЛИК ҲУЖЖАТЛАРИГА ЭГА БЎЛАДИ

 Қарор ва шарҳ

Яқин беш йил ичида вилоятимиздаги 3 та шаҳар - Бешкент, Шаҳрисабз ва Китоб, 5 та шаҳарча ва 25 та қишлоқ аҳоли пунктининг шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилади.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 11 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган 2023-2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурига мувофиқ, Бешкент шаҳрининг бош режаси 2023 йилда, Шаҳрисабз шаҳриники 2023-2024 йилларда, Китобники эса 2024 йилда корректура қилинади, яъни обдон тузатилади.

Шу билан бир қаторда жорий йилнинг охиригача Шаҳрисабз туманидаги Чоршанбе ва Косон туманидаги Пўлати, 2024 йилда Яккабоғ туманидаги Эски Яккабоғ, 2026 йилда Муборак туманидаги Қарлиқ ва 2027 йилда Нишон тумани Нуристон шаҳарчаларининг ҳам бош режа лойиҳаларини тайёрлаш мўлжалланган.

Айни пайтда 2023-2027 йилларда вилоятимиздаги кўплаб қишлоқ аҳоли пунктлари, шу жумладан, 2023 йилда Шаҳрисабз туманидаги Хўжахуросон, Касби туманидаги Касби, Қарши туманидаги Чарағил ҳамда Китоб туманидаги Бектемир ва Алақуйлиқ маҳаллаларини шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш схемалари ишлаб чиқилади. 2024 йилда бу борада яна олтита маҳалла - Китоб туманидаги Макрид, Нишон туманидаги Оқ олтин, Косон туманидаги Мудин, Муборак туманидаги Қарлиқ ҳамда Шаҳрисабз туманидаги Янги қишлоқ ва Хитойнинг навбати келади. 2025 йилда тўртта - Яккабоғ туманидаги Қайрағоч, Ғузор туманидаги Жарариқ, Қарши туманидаги Файзиобод, Китоб туманидаги Рус қишлоқ, 2026 йилда ҳам тўртта - Яккабоғ туманидаги Эдилбек, Қамаши туманидаги Қизилтепа, Чироқчи тумани Жар ва Уйшун, 2027 йилда эса бешта - Косон туманидаги Оброн, Ғузор туманидаги Гулшан ва Совлиғор, Нишон туманидаги Ширинобод, Қамаши туманидаги Чим ва Ғиштли маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларининг шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш схемаларини ишлаб чиқиш режа қилинган.

Эътиборли томони, 2023-2027 йилларда қишлоқ аҳоли пунктларининг ҳудудларини шаҳарсозлик  жиҳатидан ривожлантириш схемаларини ишлаб чиқиш жадвалида юқорида номлари келтирилган МФЙлар билан бир қаторда уларга чегарадош маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳам кўрсатиб ўтилган. Зеро, мисол учун Шаҳрисабз тумани Хўжахуросон маҳалласининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш жараёнида унга чегарадош Лолистон, Шаматон ва Ровот маҳаллалари ҳудудларини шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш схемаларини ҳам қисман тайёрлашга эришилади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, дастур билан тасдиқланаётган шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқиладиган аҳоли пунктлари рўйхатига Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши томонидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. 2023 йилда ишлаб чиқилиши режалаштирилган аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари бўйича буюртмачи функцияси Урбанизация ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш республика маркази фаолияти тўлиқ ташкил этилгунга қадар ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаларига юкланади.

Дарвоқе, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Урбанизация ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш республика маркази ҳам Президентнинг юқорида  қайд этилган қарори билан ташкил этилган бўлиб, унинг зиммасига ҳудудларнинг жорий ҳолатини аниқлаш, аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича буюртмачилик функцияларини амалга ошириш юклатилган. Бундан ташқари, бу марказнинг асосий вазифалари сирасига аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва улардан фойдаланишнинг умумий ёндашувлари, мезонлари ва методологияси ишлаб   чиқишни ташкил этиш, давлат шаҳарсозлик кадастрини юритиш ҳамда "Давлат шаҳарсозлик геоахборот тизими" идоралараро геоахборот дастурий комплексини юритиш ва оператор функциясини бажариб, ушбу тизимга маълумотларни жойлаштириш, сақлаш, фазовий маълумотлар алмашинувини таъминлаш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқларини бошқариш ҳам киради.

Умуман олганда, қарорда шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ҳамда 2023-2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурларини тасдиқлаш чора-тадбирлари жамланган бўлиб, мазкур ҳужжат 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширишга оид давлат дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, ҳудудлар ва аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.

Ўз мухбиримиз

Report typo