Қайд этиш лозимки, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомиллари ошкоралигини таъминлашда “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш муҳим ўрин тутмоқда.
Хўш, жойларда ташкил қилинган “Ягона дарча” марказлари бугун нечоғлик самарали фаолият кўрсатаётир, улар фаолиятидан тадбиркорлик субъектлари мамнунми? Шунга мувофиқ Қарши шаҳар прокуратураси томонидан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир қонунчилик ижроси юзасидан асосий эътиборни тадбиркорлик субъектларига давлат хизмати кўрсатишнинг белгиланган муддатлари, сифати ва самарадорлигига қаратган ҳолда Қарши шаҳар “Ягона дарча” марказида текшириш ўтказилди.
Аниқланишича, мазкур орган томонидан тегишли қонунчилик ижросини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилиши баробарида, қонун бузилишларига ҳам йўл қўйилган.
Жумладан, марказ томонидан 2016 йил 4 сентябрь куни фуқаро У.Эсановга 1805-сонли реестр билан якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида гувоҳнома берилган. Айни пайтда 5 сентябрь куни фуқаро Х.Қодировга ҳам 1805-сонли реестр билан гувоҳнома берилган.
Худди шундай ҳолатга А.Пўлатов ва Ш.Саидовани ҳам якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказишда йўл қўйилган.
Қарши шаҳри “Ягона дарча” марказига 2017 йил 30 октябрь куни якка тартибдаги тадбиркор Н.Нарзиев Қарши шаҳри Каманди кўчасида жойлашган манзилни электр энергияси тармоғига улаш учун ариза билан мурожаат қилган. Бироқ етарли чора-тадбир кўрилмаслиги оқибатида “Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш тартиби тўғрисида”ги низом талаблари бузилиб, тадбиркорлик субъектининг мурожаати ўз вақтида ҳал этилмаган.
Шунингдек, 2017 йил 27 октябрь куни “Набиев Асилбек Акбарович” хусусий корхонаси томонидан дори-дармон воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш ҳуқуқини берадиган лицензияни қайта расмийлаштириш бўйича қилинган мурожаат ҳам ўз вақтида ҳал қилинмаслиги оқибатида “Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги низом талаблари бузилган.
Айни ҳолатга “Улгуржи чакана таъминот” хусусий корхонаси ва “Хасанжон Рашидов” МЧЖ мурожаатлари юзасидан ҳам йўл қўйилган.
Шундан келиб чиққан ҳолда қайд этилган қонун бузилиши ҳолатлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имкон яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилиши таъминланди.
Х.УМАРОВ,
Қарши шаҳар прокурори ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи