“Қутадғу билиг” (бахт-саодатга йўлловчи билим) - Юсуф Хос Ҳожибнинг машҳур асари. Унда турли мавзулар қатори эр ёки хотин танлашда унинг қайси сифат ва фазилатларига эътибор бериш зарурлиги ҳақида қимматли фикрлар айтилган. Хусусан, уйланмоқчи бўлган йигитларга қарата: “Сен хотин олсанг, ўзингдан қуйисини ол, зоти олийсига боқма, сен қул бўлиб қоласан. Асли, уруғи ҳамда зоти яхши бўлсин, уятли, андишали, покизасини истагин. Юзи чиройини истама, хулқи яхшисини иста, феъл-атвори яхши бўлса, сенинг юзингни ёритади”, деган гаплари эътиборга молик. Асарда хотин билан бир қаторда эр ҳам билимдон, фаросатли, ақл-идрокли, зукко, шу билан бирга оила тартибини сақлаш ва уни юритишда интизомли, меҳрибон, тўғрисўз бўлиши оилада муҳимлиги таъкидланган.
Абу Райҳон Беруний оилавий муносабатларда хотин-қизлар тарбияси, ақл-заковатини муҳим деб билган. У ўзининг “Минерология” асарида турмуш қураётган қизларга ота-онанинг насиҳатларини келтириб, оиладаги тинчлик, тотувлик, бахтиёрлик кўпроқ аёллар зиммасига тушишини таъкидлайди. Ва шундай ёзади: “Эй қизим! Сен ўрганган уйингдан кетиб, нотаниш хонадонга тушмоқдасан. Сен бўлажак куёвингнинг ҳамма хислатларини билмайсан. Сен ер бўл, у эса осмон бўлади. Демак, сен у билан шундай йўл тутки, унинг олдида ер каби камтар бўлсанг, у осмон каби олижаноб бўлади. Эринг сендан фақат юмшоқ ва ширин сўзларгина эшитсин, ярамайдиган ёки эски либосда ёки юзларингга оро берилмаган ва сочларинг тартибга солинмаган ҳолда унинг олдида ўтирма”.
Шу мавзу тилга олинган Абу Али ибн Синонинг “Донишнома”, “Рисолаи ишқ”, “Тиб қонунлари”, “Уй хўжалиги” каби асарларида берилган насиҳатлар ҳам диққатга сазовор. Алломанинг фикрича, оилавий муносабатларнинг тўғри ўрнатилиши кўп жиҳатдан эркакка боғлиқ. Ҳақиқий оила бошлиғи бўлиш учун у тарбиявий ишларга доир ҳам назарий, ҳам амалий маълумотларга эга бўлиши шарт. Шундагина у эр-хотин муносабатида одилона, тенглик, ҳамжиҳатликни ўрната олади. Аллома наздида, “Эркак киши оила бошлиғидир, у оиланинг барча эҳтиёжларини қондирмоғи лозим, чунки бу унинг бирламчи вазифасидир. Аёл эса эркакнинг яхши, муносиб йўлдоши ва бола тарбияси борасида энг яхши ворис ва ёрдамчисидир”.
Абу Наср Форобий эса “Фозил одамлар шаҳри” асарида баён этишича, оила мустаҳкамлиги эр-хотиннинг ақл-идрокига боғлиқ. Аллома жамият тараққиёти қонуниятлари ва инсон камолоти босқичлари, ҳаёт давомида бахт-саодатга эришув йўллари ҳақида тўхталар экан: “Ақлли деб шундай кишиларга айтиладики, улар фазилатли, ўткир мулоҳазали, фойдали ишларга берилган, ёмон ишлардан ўзларини четга олиб юрадилар. Бундай кишиларни оқил дейдилар ва улар оиланинг кўрки ва бойлиги саналади”, дея қайд этган. Асарда оқиллар бор жойда ҳеч қачон муаммолар ва келишмовчиликлар бўлмаслигига ишора қилинади.
Кайковуснинг “Қобуснома”си Шарқ халқлари орасида маълум ва машҳур асар. Унда ҳам қатор ибратли ва ҳаётий панд-насиҳатлар ўрин олган. Асарнинг “ишқ ва унинг одатлари зикрида”, “хотин олмоқ зикрида” инсон ҳаёти учун қимматли угитлар баён этилган. Хусусан, йигитларга қарата: “Бас, агар ошиқ бўлсанг шундоқ кишига бўлгилки, ул маъшуқаликка лойиқ бўлсин”, деб уқтирилади. Бунда бўлғуси эр-хотиннинг никоҳигача даврда бир-бирини кўриб-билиб, синаб маъшуқанинг оқила, ораста, тежамкор, саранжом-саришта, бола тарбиясини, уй-рўзғор ишларини ўрнига қўядиган камтарин ва эрига садоқатли бўлиши назарда тутилади.
Алишер Навоийнинг бу борадаги қарашлари эса асрлар давомида инсонлар учун ҳаётий дарс сифатида хизмат қилиб келмоқда. Унинг «Маҳбуб ул қулуб», яъни “қалблар севгилиси” ва “Вақфия” асарларида оилавий турмуш билан боғлиқ эр ва хотиннинг вазифалари, бурчлари, ўзаро муносабат, мулоқот маданияти, уларнинг мувофиқлиги ва номувофиқлиги ҳақида қимматли пандлар битилган. Шоир аёлнинг турмушдаги ҳиссасига қуйидагича тўхталади: “Яхши хотин оиланинг давлати ва бахти. Уйнинг озодалиги ундан, уй эгасининг хотиржам ва осойишталиги ундан. Ҳуснли бўлса - кўнгил ёзиғи, хушмуомала бўлса - жон озиғидир. Оқила бўлса рўзғорда тартиб-интизом бўлади, асбоб-анжомлар покиза ва саранжом туради”, дейди. Мутафаккир ўз қарашларида оилада тинчлик ҳукм суриши бевосита аёлларга боғлиқлигига эътибор қаратади. Алломаларимизнинг ана шу каби панд-насиҳатларига қулоқ тутиш шубҳасиз бугунги авлод учун ҳам ғоят муҳим.
СОЖИДА тўплади.