Масалан, қадимги Ҳиндистонда инсонларнинг билим олиши, яхши тарбияга эга бўлиши ва шу ўринда, устозга доимо ҳурмат бажо келтирилишига катта эътибор қаратиб келинган. Улардаги қадимий ҳикматлардан бирида шундай дейилади: “Бойлик ва доимий соғлиқ, дўстлик ва ширинсухан хотин, итоаткор ўғил ва фойдали билим – мана, бу дунёдаги олтита неъмат”, - дея таърифланган. Бундан ташқари, ҳиндистонликлар орасида: “Билим таълимга боғлиқ, иззат – ишларга, фаровонлик ғайратга, мукофот тақдирга”, “Нодоннинг ашуласини тинглагандан кўра, дононинг танбеҳини эшитган афзалроқ” каби ҳикматлар бугун ҳам машҳур.
Бизга маълумки, қадимги Юнонистон ўзининг машҳур файласуф ва донишмандлари билан таниқли. Уларнинг сиёсий ва дунёвий аҳамиятга молик фикрлари ҳамда қарашлари доимо ҳаётий эканлиги билан одамлар эътиборини тортган. Юнон файласуфлари инсонларни маърифатга, гўзал тарбияга, одоб-ахлоққа эга бўлиш тарғиботчиси сифатида ҳам машҳур бўлганлар. Улардан бири Суқротнинг шундай фикрлари бор: “Билимдан кучли ҳеч нарса йўқ. У ҳамиша, ҳамма лаззатлар ва ҳоказолардан ҳам устун келади”.
Суқрот умри давомида жуда кўп ўқийди, изланади ва шунга амин бўладики, билим уммони чексиз. Шу боис, ўз хулосаларидан келиб чиқиб дунёга машҳур қуйидаги иборасини ёзиб қолдиради: “Мен ҳеч нимани билмаслигимни биламан”. Файласуф илмни илоҳий деб билган ва у шундай дейди: “Фақат битта Худо бор, бу – билим, шунингдек, битта шайтон бор, бу – нодонлик”.
У ҳаётнинг мазмунини тарбияга боғлайди. Фарзандлар жамиятга муносиб бўлиб улғайишсагина, унинг яқинлари бахтли бўлишини исботлаб берган. Яъни: “Тарбия – қийин иш ва унинг шароитларини яхшилаш – ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчларидан бири, негаки, ўзини ва яқинларини ўқимишли қилишдан муҳимроқ ҳеч нарса йўқ”, дейди.
Демокрит эса илм олиб, ўз билимига битта сабоқ қўшганидан илҳомланиб шундай дейди: “Битта илмий исботни топиш мен учун бутун форс подшолигига эга бўлишдан афзал”.
Арасту фарзандлар тарбиясига катта аҳамият қаратиш лозимлигини уқтиради. У таълим бериш ва билим эгаллашни шунчаки ҳодиса деб ҳисобламайди. Инсоннинг комилликка эришишида унинг яхши тарбия олиши билан бирга гўзал ахлоқ эгаси бўлиши лозимлигини таъкидлайди. “Ким илм-фанда олға кетиб, ахлоқда оқсаса, у олдинга қараганда, кўпроқ орқага кетади”, дейди.
Арасту устоз номига ва унинг фаолиятига эътиқод билан қарайди. Шу боис, унинг учун устоз ота-она мавқейида кўрилган. Яъни у: “Фарзандлар тарбияси учун бурчли бўлган устозлар, ота-оналарга қараганда, ҳурматлироқдирлар: бирлари бизга фақат ҳаёт ато этадилар, бошқалари эса – яхши ҳаёт”, деб билади. Шунингдек, унинг қуйидаги фикри ҳар бир давр авлоди учун ҳам керакли хулоса. У айтадики: “Тирик ва ўлик одам ўртасида қандай фарқ бўлса, ўқимишли ва ўқимаган киши ўртасида ҳам худди шундай фарқ бор”.
Ҳар қайси давр ўз ўқимишлиларининг рақобатига гувоҳдир. Унинг йўлларини Арасту шундай талқин қилади: “Ўқувчилар муваффақият қозониш учун орқадагиларни кутмасликлари ва олдиндагиларни қувиб етмоқлари керак”.
Юнонистоннинг машҳур масалчи донишманди Эзоп устозни қадрлаш, унинг улуғ инсонлар сафига қўшиш лозимлигини уқтиради. Унинг учун билим олишнинг қадри баланд. У таълим олиш ҳақидаги қарашларини шундай фалсафа билан ифодалайди: “Устозингни ота-онанг даражасида иззат қил: ота-онангни сенга табиат инъом этган, устозинг эса сени ўз хоҳиш-иродаси билан яхши кўрадики, бунинг учун сен ундан икки баробар миннатдор бўлмоғинг лозим”. Билим олишга иштиёқи баланд бўлган бу файласуф “Катта ёшга кирганингда ҳам ўқиб ўрганишдан уялма: ҳечидан кўра, кечикиб ўқиб-ўрганган ҳам яхши”лигини уқтиради.
Хитойликлар қадимдан зукко, теран ва тез фикрловчи халқ сифатида дунёга машҳур. Айниқса, уларнинг устозларга, ота-онага нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш эътиқоди доимо қаттиқ тутилган. Бу мамлакатдаги файласуф донишмандларнинг фикрларида эса бугунга қадар ҳам ўз таъсирини йўқотмай келаётган фалсафа ётади. Шулардан бири машҳур донишманд Конфуцийнинг қарашлари бугунги авлод учун ҳам ҳақиқий тарбия мезони бўлиши мумкин. Мисол учун, файласуфнинг “Эскига мурожаат қилиб, янгини кашф этишга қобилиятли киши устоз бўлишга муносибдир”, деган фикрида яхши ва ёмон устозлик даражаси белгиланади.
Шундай қилиб, қайси даврда бўлса-да, устозларга нисбатан ҳурмат туйғуси юксак саналган. Таълим-тарбия эса инсон камолотини, унинг жамиятдаги ўрни ва даражасини белгиловчи муҳим омилдир. Шу боис, доимо устоз ота каби мўътабар, устоз таълими эса ҳаёт сабоғи бўлиб қолаверади.
Соҳиба СУЮНОВА тайёрлади.