Наврўз тарихидан
Наврўз байрами, Наврўзнинг келиб чиқиши ҳақида кўплаб фикрлар, афсоналар, ривоятлар мавжуд. Масалан, зардўштийлар давридаги баъзи бир тушунчаларга кўра, яхшилик худоси Ахурамазда (Хурмуз) баҳор ва ёзда, ёмонлик худоси Ахриман куз ва қишда ҳукмронлик қилар эмиш. Баҳорнинг биринчи кунини яхшилик худоси ёмонлик худоси устидан ғолиб чиққан кун - Муқаддас сана, деб байрам қилинган. Шу кун Наврўз экан. Бошқа бир афсонада Одам Ота ва Момо Ҳаво учрашган кун Наврўз байрами бўладиган сана, деб айтилади.
Шу кунни янги кун, байрам, дейишар...
Фирдавсийнинг "Шоҳномаси"да янги йил - Наврўз байрами шоҳ Жамшид номи билан боғланади. Яъни Жамшид юртга яхшилик қилиш мақсадида одамларни касбга ўргатади, темир эритиб қурол ясатади, ип йигиртириб кийим тўқитади, уй, саройлар бунёд қилади. Табиблик сирларини очади, кема ясатади. Ниҳоят, ишлари ривож топганда, бир куни тахт ясатиб, унда осмонга кўтарилади:
Тахт кўкда чарх урар мисоли қуёш,
Фармондор ўтирар унда ирғаб бош.
Барча жам одамлар қарар тахтига
Жаҳон қойил бўлиб шукуҳ-бахтига.
Жамшидга сочишар олтину гавҳар,
Шу кунни янги кун, байрам, дейишар.
Мир Алишер Навоий ҳам "Тарихи мулки ажам" асарида Жамшиднинг буюк кашфиётларидан сўнг Наврўз байрами ўтадиган бўлганини ёзади.
Беруний эса Наврўзни Жамшидга боғлаб шундай қайд этади: "Жамшид ўзига арава ясаб олгач, ўша куни аравага чиқиб олди, жинлар ва шайтонлар уни ҳавога кўтариб, бир кунда Дунбованд (Дамованд тоғи)дин Бобилга олиб бордилар. Одамлар бу ажойиб воқеани кўргач, ўша кунни ҳайит қилдилар ва Жамшиднинг аравада учишига тақлид қилиб арғамчоқларда учдилар".
Наврўз ҳақида афсона ва ривоятлар қанчалик хилма-хил бўлмасин, аммо бир нарса аниқ. Узоқ аждодларимиз Қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кеча ва кундузнинг тенг бўлиши, табиатда жонланишнинг бошланиши, баҳорнинг келишини пухта билишган ва Наврўз деҳқончилик маданиятига ўтиш даврида, янги иш мавсумининг бошланиши олдидан ўтказиладиган байрамга айланган.
Дастурхонда - етти хил кўк ўсимлик
Наврўз байрами ўта кўтаринкилик билан ташкил этиладиган Шарқ халқлари шодиёнасига айланиб кетган. У турли-туман маросимлар, урф-одатлар, расм-русумлар билан бойитилган. Жумладан, байрам куни ширинликлар ҳадя қилиш, гуллар тақдим этиш, сув сепишиш ҳаётнинг тинч-тотув, гўзал кечириш, йил давомида сувнинг сероб бўлишини англатса, мўмиё бериш, зайтун ёғи суртиш саломатлик тилаш, бало-қазоларни даф қилиш ниятини билдирган. Байрамга узоқ ва астойдил тайёргарлик кўрилиб, хилма-хил таомлар тайёрланган. Етти хил дон (буғдой, арпа, нўхат, жўхори, гуруч, мош, ловия)дан гўжа тайёрланиб, қўни-қўшниларга тарқатилган. Эроний "С" ҳарфи билан бошланувчи етти хил кўк ўсимлик - себ (олма), сабзи, саримсоқ, сирка, сатар (тошу гул), сиёҳдон (қора данак), синджид (ёввойи зайтун) уруғидан ўстирилган кўкатлар билан дастурхон безатилган.
Наврўз байрами уч кундан бошлаб то далаларда экин-тикин бошлангунча давом этган. Байрамнинг тантанали қисми махсус сайилгоҳларда, майдонларда уюштирилган. Дастлабки кун карнай-сурнайлар чалиниб, дорбозлар, полвонларнинг чиқишлари, мусиқачилар, қўшиқчилар, аскиячилар, бахшиларнинг ижролари, хилма-хил рақслар, қизиқарли, ҳаракатли ўйин ва беллашувлар узлуксиз давом этган. Кўпкари, кураш, отда, эшакда, пиёда пойгалар байрамнинг кўрки ҳисобланган.
Баҳор элчиси
Наврўзнинг бошлангани, баҳор келганининг хабари болаларнинг бойчечакни мадҳ этишидан бошланган. "Бойчечак" қўшиғи ўйинга тушиб, ҳар хил рамзий ҳаракатлар билан айтилган:
Бойчечагим бойланди,
Қозон тўла айрондир.
Айронингдан бермасанг,
Қозон-товоғинг вайрондир.
Қаттиқ ердан қаталаб чиққан бойчечак,
Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак.
Бойчечакни тутдилар,
Тут ёғочга осдилар,
Қилич билан чопдилар,
Бахмал билан ёпдилар.
Қаттиқ ердан қаталаб чиққан бойчечак,
Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак.
Митти бойчечак эзгулик, янгиланиш, яхлитлик, гўзаллик, шодлик, қувонч, омад рамзи бўлган.
Байрамларга ҳаракатли ўйинлар, ҳолатлар билан бирга сўз, мусиқа бирлашган ҳолда самарали таъсир этади. Бу Наврўз билан алоқадор деҳқончилик, оилавий-маиший маросимларда ҳам ўз аксини топади. Наврўз муносабати билан фақат тириклар йўқланмаган, балки байрам арафасида марҳумлар қабрини зиёрат қилиш, дуои фотиҳалар ўқиш одат тусига кирган.
Сумалакжон, сумалак...
Наврўз байрами маросимлари, тантаналаридан бири сумалак сайлидир. Сумалак сайли сумалак учун тайёргарлик кўриш, уни тайёрлаш ва сумалакхўрликдан иборат бўлган. "Сумалак" атамаси "шарбат учун қилинган, ундирилган арпа ёки буғдой" маъносини билдирувчи қадим туркий "сума" сўзидан олинган. Сумалак ҳақида, унинг юзага келиши, хусусиятлари тўғрисида ўнлаб афсона ва ривоятларнинг бири оташпарастлик билан боғланса, бошқасида исломий ғоялар устун туради, ўзгасида ҳаётийлик кўпроқ. Шулардан бирига кўра, деҳқон экиш учун охирги буғдойини ивитиб қўйганда, ҳаво айниб қолибди, аммо буғдойлар ниш уриб чиқибди. Оила аъзолари оч қолишгач, ниш урган буғдойни нобуд қилмаслик учун деҳқон бу буғдойни майдалаб, хотинига қайнатишни буюрибди. Уй бекаси узоқ вақт қайнатавергач, ёқимли ҳид таралибди. Еб кўришса, мазали эмиш. Натижада келгуси баҳорда ўша деҳқон яна шу тарзда овқат тайёрлатибди ва у аста-секин оммалашибди.
Сумалак муқаддас таом ҳисобланиб, буғдой донасини нишлатиб, сумалакни пишириб тарқатгунча бўлган жараёнга эл назарига тушган, шу соҳанинг билимдони, тажрибали онахонлар раҳбарлик қилишади. Сумалакни пиширишда ҳам, дастлаб сузишда ҳам, ейиш ва егандан сўнг ҳам дуо-олқишлар айтилиб, соғлик, осойишталик, эл юртга барака, узоқ умр кўриш ният қилинган ва бу анъана ҳозир ҳам давом этади.
Сумалак пишириш катта маросим бўлганидан бутун қишлоқ, овул, маҳалланинг кекса-ю ёши, эркагу аёл бир жойга тўпланган. Болалар ҳар хил қўшиқлар айтишган, ранго-ранг ўйинлар ижро этишган. Ҳатто яқин-яқингача йигит-қизлар, ўсмирлар "Оқсуяк", Кес-кес", "Кўчмак", "Ҳалинчак" ўйинларини ўйнаганлар, тарафма-тараф айтишувлар ўтказишган. Сумалак қилувчилар қозон атрофида доира чалиб рақсга тушган, қўшиқлар айтишган. Сумалакка ёрдам бериш савоб ҳисобланган.
Дошқозонда сумалак,
Кавламаган армонда.
Бир-бирининг кўнглини
Овламаган армонда.
Сумалакжон, сумалак...
Наврўзнинг ажралмас бир қисми бўлган сумалак пишириш билан боғлиқ удумлар, одатлар, олқишлар ҳам жуда кўп ва ўта маънодор, миллий ва руҳий қадриятларга бойдир. Аммо ХХ асрнинг 80-йилларида Наврўзни шу қадар қатағон қилишдики, сумалак пиширишлар ҳам эскилик қолдиғи сифатида рад этилди. Миллий маданиятимиз, мафкурамиз, қадриятларимиздан батамом жудо этиш ниятида уч минг йиллик тарихга эга Наврўз байрамига, уни ўтказишга тамоман қарши турилди.
Республикамиз истиқлолга эришгач, халқимиз тарихини, маънавиятини тиклашга эътибор кучайгани сабабли Наврўз ҳам яна чинакам умумхалқ байрамига, шодиёнасига айланди. Унинг таркибидаги фольклор жанрлари янгича жилолана бошлади.
"Қозон тўлди" - оилавий удум
Узоқ асрлик тарихга эга Наврўз байрами билан боғлиқ кўплаб удумлар бўлиб, улардан бири "Қозон тўлди"дир. Бу удум Наврўзнинг биринчи куни, 21 мартдан 22 мартга ўтар кечаси ўтказилади.
"Қозон тўлди" - оилавий удум. Ҳар бир оила ўз имкониятидан келиб чиқиб тансиқ таомлар, ҳар хил кўкатли сомсалар, бўғирсоқлар тайёрлайди. Айни вақтда Бободеҳқон ҳақига ис чиқарилади. Эртаси куни ис (бўғирсоқ) пиширишдан қолган ёғ билан қўшга қўшиладиган ҳўкизларнинг шохлари мойланади.
"Қозон тўлди" аждодларимизнинг ҳосилдорлик ва қут-барака билан алоқадор қадимий эътиқодларига боғлиқ. Маросим ўтказиладиган оқшомда тайёрланган таомлар ва пишириқлар қўшниларга улашилган. Кўпчилик бўлиб сумалак ва ҳалим пиширилган.
Қадимги қозон, айниқса катта қозонлар муқаддас ҳисобланган ва бундай қозонларда тангриларга уюштирилган қурбонлик таомлари пиширилган. Халқ катта қозон тўлатиб, таом пишадиган тантаналарни қувонч билан қаршилаган. Чунки қозонлар тўлиши - бу мўл ҳосил тимсоли, тўкин-сочинлик, мўл-кўлчилик, барака белгиси.
Ҳозирги вақтда ҳам қозон муқаддас бўлиб, қишлоқларда айрим савобталаб кишилар, фарзандсиз оилалар катта қозон сотиб олиб, тўй-маъракалар, байрам тантаналари учун бериб қўйиш одати сақланган.
Абдиолим ЭРГАШЕВ,
фольклоршунос олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси