Ўйлаймизки, у шунчаки "пиар" учун катта тантана билан барпо этилган айрим боғлардек тез орада йўқолиб кетмайди
Кўкаламзорлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан Яккабоғ тумани Учтепа маҳалласи ҳудудида "Вазирлик боғи" барпо этилади.
Ўтган ҳафтада халқ депутатлари Яккабоғ тумани Кенгаши ўз қарори билан туман ободонлаштириш бошқармаси балансида бўлган 1,5 гектар ер майдонида "Вазирлик боғи" яратишга рухсат берди. Маълумотларга кўра, унда 500 миллион сўм маблағ ҳисобидан 1,5 минг дона дарахт кўчати экилиб, сув қудуғи орқали суғориш тизими жорий этилади.
- Дарахт ва бўта кўчатларини экиш, парваришлаш, аҳолининг сайр қилиши ва маданий ҳордиқ чиқариши учун яшил майдонлар ва паркларни кенгайтириш, бошқа кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади, - дейилади Кенгаш қарорида. - Бундан ташқари, инвестицион фаоллик суръатларининг ошиши, саноат, ишлаб чиқариш, қурилиш ва бунёдкорлик кўламининг кескин кенгайиши аҳоли пунктларига тушаётган экологик юкламани камайтириш механизмларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Кенгаш қарорига биноан ҳудуддаги бир қатор мутасадди ташкилотлар зиммасига янги боғни барпо этиш билан боғлиқ турли вазифалар юклатилди. Хусусан, туман ободонлаштириш бошқармасига "Вазирлик боғи" учун танланган ер майдонини кўчат экиш учун тайёрлаш ва экилган дарахт кўчатларини сақлаш ва парвариш қилиш ишларини ташкил этиш, туман табиат ресурслари бўлимига эса боғ ҳудудидаги хар бир дарахт шикастланиши ва нобут қилинганлиги учун жавобгарликни кучайтириш, мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини ўрнатиш топширилди.
Ўйлаймизки, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан яратиладиган "Вазирлик боғи" барча учун ўрнак ва намуна бўлиб, ҳудуднинг кўркига айланади. Шунчаки "пиар" учун катта тантана билан барпо этилган айрим боғлардек тез орада йўқолиб кетмайди.