Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

30.09.2021


ЯККАБОҒДА “ЎЗБЕКИСТОН ОТЛАРИ” КЎРГАЗМАСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Маълумки, Президентнинг 2021 йил 5 августдаги тегишли қарорига асосан, жорий йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь ойида Қашқадарё вилоятида “Ўзбекистон отлари” номли кўргазма ўтказилиши белгиланган эди.

28 сентябрь куни мазкур қарор ижроси доирасида Яккабоғ туманидаги “Қорабайир” отчилик мажмуасида “Ўзбекистон отлари”  кўргазмаси ташкил этилди.

Вилоят ҳокимлиги, Миллий гвардия, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ҳамда бошқа масъул ташкилотлар иштирокида ўтказилган кўргазмада дастлаб мазкур мажмуада парваришланаётган бир неча отлар очиқ манежда намойиш этилиб, уларнинг ёши, зоти, тана тузилиши ва келиб чиқиши, қолаверса, сара отларни тана тузилишига қараб қандай ажратиш мумкинлиги ҳақида кенг маълумот берилди.

Шундан сўнг Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамда “Қорабайир” отчилик мажмуаси чавандозлари иштирокида отлар пойгаси ўтказилиб, ғолиблар аниқланди. Мажмуа чавандозлари томонидан от спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) тури бўйича ўтказилган беллашув ҳам кўпчиликда катта таъсурот қолдирди.

Якунда эса яна Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамда “Қорабайир” отчилик мажмуаси чавандозлари спортнинг от устида кураш тури бўйича ўзаро куч синашди.

Ўз ўрнида айтиб ўтиш керак, мусобақа шу куни соат 15:00да бошланиши айтилган эди. Кўргазма ўтказиладиган майдондаги ўриндиқлар айтилган вақт бўлмасидан ҳам вилоятнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган от спорти ишқибозлари билан тўлиб бўлди. Чавандозлар аллақачон отларини майдонга олиб чиққан. Санъаткорлар эса ўз куй-қўшиқлари билан тадбирга файз киритишга шай. Хуллас, қизиқарли тадбирни бошлаш учун ҳамма нарса тайёр. Аммо...

Ташкилотчилар қайсидир масъулнинг келиши ва тадбирни бошлаб беришини кутишди чоғи, тадбир ўша куни соат 18:00 га борибгина бошланди. От ўйинларини кўриш иштиёқида ташриф буюрган юзлаб мухлислар эса мусобақа бошланишини уч соат кутди. Уларнинг орасида кекса-нуронийлар, ёш болалар ҳам кўп эди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

Report typo