Афсуски, Муборак саноат касб-ҳунар коллежи директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Б.Раҳматов ҳам ана шу ҳақиқатни эсдан чиқарди. У ўз ишига ҳалол, қонуний ёндашиш ўрнига коллеж ўқувчилари М.Алиев ва Ж.Мардоновга қишки якуний назорат баҳоларини қайта топшириш учун бериладиган йўлланма эвазига ҳар бир ўқувчидан 400 минг сўмдан пул сўради.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш (СВОЖЖДЛҚК) департаменти вилоят бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идора ходимлари ҳамкорлигида 2015 йилнинг 27 февраль куни ўтказилган тезкор тадбирда Б.Раҳматов ўзининг хизмат хонасида 800 минг сўм пулни пора тариқасида олган вақтда ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Б.Раҳматовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди ва суд ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланди.
ДАРД УСТИГА “ЧИПҚОН”
Соғлиғига путур етиб, дардига даво истаган одам ҳар нарсадан мадад кутади. Саломатлик – туман бойлик, деганларидек, киши соғлиғи учун ҳеч нарсани аямайди. Шу маънода бемор айниқса шифокорга илинж билан қарайди. Чунки шифокор ўз номи билан дардга шифо топади, беморни даволайди. Аммо айрим шифокорлар кишиларнинг ана шу палладаги, яъни дард билан курашиб, ҳар нега тайёр турган вазиятдаги қийин аҳволидан фойдаланишга уриниши кўнгилни хира қилади.
Косон туманилик А.Саломов (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) вилоят сил касалликлари диспансерида даволанишни бошлаганида унда ҳам ана шундай илинж бор эди. Аммо диспансер шифокори Н.Аллабердиевга умидвор бир кишининг соғлиғидан кўра моддий манфаатдорлик бирламчи экан. Яъни шифокор А.Саломовдан мазкур шифохонада ётиб даволанаётгани ҳамда унинг ётоқ жойи билан таъминлангани эвазига 400 минг сўм сўраганини нима билан изоҳлашга ҳайрон қоласан киши.
Натижада Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш (СВОЖЖДЛҚК) департаменти вилоят бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идора ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда вилоят сил касалликлари диспансери шифокори Н.Аллабердиев 400 минг сўм нақд пулни пора тариқасида олган вақтда ашёвий далиллар асосида ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан диспансер шифокорига нисбатан жиноят иши қўзғатилди ва суд ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланди.
Шуҳрат ЗОКИРОВ,
СВОЖЖДЛҚК департаменти вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи.
Жасур БАХТИЕВ,
бошқарма матбуот гуруҳи катта инспектори.
БАҲОНИНГ БАҲОСИ ҚАНЧА?
Баъзида “сессия сезони” деган ибора қулоғимизга чалиниб қолади. Айрим тамагир ўқитувчилар семестр якунини “сезон”га айлантириб олишгани, ўзи ўтган фанларга “ставка” белгилаб олгани сабабли шундай хунук ибора юзага келган.
Бунга эса айрим тамагир ўқитувчилар, хусусан, Қарши транспорт касб-ҳунар коллежи аниқ фанлар кафедраси мудири Т.Сатторов каби ҳар нарсадан фойда кўзлайдиган кишиларнинг ноқонуний хатти-ҳаракати сабаб бўлган.
Т.Сатторов гўёки коллеж ўқувчиси А.Асадовга ёрдам бериш, яъни 2015/2016 ўқув йили 1-ярим йиллик фанларидан баҳо қўйдириб беришга қарор қилади, ўзини ҳожатбарор инсон қилиб кўрсатади. Аммо бу “ҳожатбарорлик” ортида тама, манфаат бор эди.
Кафедра мудири ўқувчига агар фанлардан ўта олмаган бўлса, қайта топшириш зарурлигини, ўз устида ишлаб, фанларни пухта ўзлаштириши лозимлигини уқтириш ўрнига ундан осонгина баҳоларини қўйдириб бериши эвазига 100 АҚШ долларини пора тариқасида сўрайди.
СВОЖЖДЛҚК департаменти вилоят бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идора ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Қарши транспорт коллежининг кафедра мудири Т.Сатторов коллеж ётоқхонасида А.Асадовдан 100 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтда ашёвий далил билан бирга қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан бошқарманинг суриштирув бўлими томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Суднинг ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланди.
Ўйлаб қоласан киши: баркамол авлодни тарбиялашда таълим муассасасининг, устоз-мураббийларнинг ўрни ниҳоятда катта. Хўш, тамагир ўқитувчиларнинг ўрни қаерда? Бугун тамагирлиги, порахўрлиги билан “ўрнак” бўлаётган одам ўқитган болалардан эртага нимани кутиш мумкин? Қинғир иши ташвиш келтирган бундай ўқитувчи ўйламай қилинган биргина ҳаракати муқаддас касб шаънига иснод келтираётганини билармикан?!
Нурбек АЗИЗОВ,
Муҳаммад БЕГАЛИЕВ,
СВОЖЖДЛҚК департаменти вилоят бошқармаси ходимлари.