Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Рўзимурод НОРБОЕВ

06.11.2018


ЯЛТИРАГАН ҲАР НАРСА ОЛТИН БЎЛАВЕРМАЙДИ

Ҳозирда Марказий Осиё, шу жумладан, республикамиз христиан миссияларининг диққат-эътибори қаратилган ҳудудлардан бирига айланган. Миссионерлар ҳудудий ўзига хосликларни инобатга олган ҳолда фаолият олиб бораётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Мисол учун, улар хорижий ҳамкор ташкилотлар билан бирга “ичимлик суви сифатини яхшилаш”, “экологик вазиятни барқарорлаштириш”, “болалар ва оналар саломатлигини мустаҳкамлаш”, “қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни оқилона ташкил этиш” каби шиорлар ва тамойиллар асосида иш олиб боришга уринмоқдалар.

Миссионерлар макон ва замонга мослашиб, услуб-воситаларини доим такомиллаштириб борадилар. Хусусан, сўнгги вақтларда маълум ижтимоий қатламни ажратиб олиб, аралаш миллат вакилларидан иборат оилалар аъзолари, илгари ҳеч бир динга эътиқод қилмаган, оғир хасталикка, жудоликка, моддий қийинчиликка дуч келган, ахлоқ тузатиш муассасаларидан чиқиб келган, яъни моддий ва маънавий кўмакка муҳтож кишиларга асосий эътиборни қаратмоқдалар. Айни пайтда саноат корхоналари жойлашган ҳудудларда ишчилар ва вақтинча ишсизлар ҳамда хусусий тадбиркорлар билан ишлашга ҳам диққат қаратишган.

Турли секта аъзолари уйма-уй юриб, гўёки “хушхабар” етказиш усулидан фойдаланаётир. Бунда одамлар билан шу куннинг долзарб масалалари ҳақида суҳбатлашиш, уларни қийнаётган муаммолар билан қизиқиш ва ундан чиқиш йўлларини таклиф қилишга урғу берилади. Бу албатта миссионерлар учун яхши самара берадиган ва катта маблағ талаб қилмайдиган усул саналади. Мисол учун, ушбу усулдан фаол фойдаланаётган “Иегова шоҳидлари” диний гуруҳи аъзолари ўзларининг Исо Масиҳ ҳаворийларига буюрган йўлдан бораётганини таъкидлашади. Мусулмонларга Иегова Аллоҳнинг 99 исмидан бири, деган хато фикрни сингдиришга интилиш баробарида насронийлик барча миллатлар орасига кириб бораётганини уқтиришга уринадилар. Мутахассисларнинг фикрича, “Иегова шоҳидлари” ўз тарғиботларида жалб этишнинг 80 дан ортиқ усулидан фойдаланади. Жумладан, ўз даъватчиларининг овоз оҳангларида тинчлантириш ва меҳр бўлишига эътибор берадилар.

Миссионерлик билан шуғулланаётган айрим диний ташкилотларнинг у ёки бу мактабга янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш учун таъмирлаш материаллари олиб бериш, ибодатга қатнайдиганларнинг бевосита таъмир ишларида қатнашиши шаклида ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилиши ортида ҳам ғараз мақсадлар борлигини англаш қийин эмас.

Миссионерлар тил ва компьютер ўргатиш марказлари, ҳатто мактаб ёшигача бўлган болалар учун ихтисослашган боғчалар очиш орқали  тарғиботларини ташкил этишади. Бунда тўловларнинг нисбатан арзон бўлишига аҳамият берилади.

Шунингдек, озиқ-овқат пакетлари тарқатиш, беморларга дори-дармон олишда кўмаклашиш, аввал фойдаланилган кийим-бошлар, пойабзалларни муҳтожларга тарқатиш, ҳафтанинг муайян куни, аксарият ҳолларда пайшанба ва якшанба кунлари хайрия тушликлари ташкил этиш орқали диний сектага жалб этишга ҳаракат қилишади.

Диний секталар аҳолининг диний билимлари пастлигидан фойдаланади. Кишиларни охиратнинг яқинлиги билан қўрқитадилар. Яширин фаолият олиб бориб, секта ичидаги ишлар кўпчиликка маълум бўлиб қолмаслигини қаттиқ назорат қилишади.

Эътиборга молик яна бир жиҳат, диний секта аъзолари ҳарбий хизматга бориш, сайловларда иштирок этиш, давлат идораларида хизмат олиб бориш, донорлик (қон қуйиш, ҳатто инсон ўлим остонасида турган бўлса ҳам) хизматидан фойдаланишни тақиқлайдилар.

Кўриниб турибдики, уларга давлат ва жамият тақдирига бефарқ, фақат ўзини, манфаатини ўйлайдиган манқуртлар керак. Улар айтган йўлдан юриш кишини фақат ва фақат залолат сари бошлайди. Ахир “Текин пишлоқ қопқонда бўлади” деб бежиз айтишмаган.

Рўзимурод НОРБОЕВ,

вилоят ИИБ ТЭҚКБ ходими, майор

Report typo