Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдуқаюм БЕККАМОВ

17.03.2022


ЯНА ДИЛДОРЛИКНИНГ ФУРСАТИ ЕТДИ

Кўнгилда кечаётган туйғулар

Бу йил қиш қаттиқ келмади. Гўёки, баҳордек бўлиб ўтди. Қишда ҳам юртимиз узра кўклам нафаси уфуриб турди.  Шу сабабдан ҳам бу галги қиш зумрад баҳорга ўз ўрнини барвақт бўшатиб берди, чоғимда.

Яшилликка чулғанган  фараҳбахш кунлар бошланди. Қиш поёнига етиб улгурмаёқ тоғли Деҳқонобод туманининг дала-даштлари ва кенгликларида баҳор элчиси - бойчечаклар униб чиқди, майсалар барқ урди, дарахтлар куртак ёйди. Ҳатто бодом гуллади. Хонадонларда Наврўзнинг асосий таомларидан бири - сумалак пиширила бошланди. Теграмизни масрур болажонларнинг хушчақчақ қийқириқлари тутиб кетди. Улар бениҳоя завқланганларича миллий ўйинларни ўйнашмоқда. Нилий само узра варрак учираётган болаларни кўриб, кишининг ҳаваси келади. Шу фурсатда болалар чеҳрасидаги шодонлик беихтиёр катталар юзига кўчади.

 Бахши-шоирлар қўлларига дўмбирасини олиб, нағмаларни чалишмоқда, халқона термаларни ижро этишмоқда. Буларнинг бари ўлкамизга баҳор кириб келганидан дарак бераётир.  Ҳа, она заминимизда баҳорий насим эса бошлади.

Невараларим Самандаржон ва Солиҳахон  Деҳқонобод калий заводи қошидаги боғчага боради. Эрталаб дадаси билан йўлга отланар экан:

- Бобо-бобо, боғчамизда Наврўз байрами нишонланаркан. Устозимиз бизга Наврўз ҳақида шеър ёдлаб келишни буюрганди.  Кеча Солиҳа билан ажойиб шеър ёдладик, - дея Самандар қалби бир олам севинчга тўлиб-тошиб, ёнимга югуриб келди. Сўнгра ярим яшар синглиси - жажжи Нафисага бир қур назар ташлаб олади-да:

- Эҳ, Нафиса ҳам гапиришни билганидайди, унга шеър ўргатардик,- дейди.

Гапга ойиси қўшилади:

- Нафисанинг ҳали тили чиққани йўқ. Тили чиқсин, кейин ўргатасизлар!

Бу гапга Солиҳа завқланиб-завқланиб кулади:

- Қизиқмисиз, ойи? Нафисанинг тили аллақачон чиққан-ку! Ана, оғзига қаранг-чи, тили бор, - дейди соддалик билан.

Ўртада енгил кулги кўтарилди. 

Дарвоқе, шарқона янги йилимиз ҳисобланган Наврўзи олам баҳор нафасини бошлаб келиши, халқимизнинг табиати ва қалбига чуқур сингиб кетгани, кекса-ю ёшга севинч ва  хушнудлик олиб келиши билан ҳам биз учун энг азиз ва энг суюк айёмдир.

Ўзбекистон Қаҳрамони, ўзбекнинг ардоқли шоири Абдулла Орипов "Наврўз" шеърида таъкидлаганидек:

Яна  кўнгиллардан  рутубат  кетди,

Яна шуълалардан қамашмоқда кўз.

Яна дилдорликнинг фурсати етди,

Демак, баҳор келди, Келмоқда Наврўз.

Айни дамларда туманда Наврўз умумхалқ байрамига ҳозирлик ишлари жадаллик билан давом этмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда кенг қулоч ёзган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида кўламли ишлар амалга оширилаяпти. Ён-атроф ободлиги ҳар бир кишини руҳлантириб юбормоқда.

Эгамберди Турдиев кўп йиллар ички ишлар идораларида хизмат қилди. Одамларга талай яхшиликлари ўтган. Ҳали ҳам маҳалла-кўй ишларида фаол иштирок этади. Ёшларга ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва одамийлик хусусида ўгитлар беради. Кўп китоб ўқийди. Адабиёт ва санъатнинг қандай хилқат эканлигини теран  англайди.

- Наврўзи оламни хуш кўришимизнинг боиси - ушбу айём бизга шодлик ва фараҳбахшлик олиб келади, - дейди у киши мамнунлик билан. - Бу байрам бизнинг онгу шууримизга сингиб кетган. Мустақиллик йилларида Наврўз умумжаҳон байрами сифатида тан олингани,  ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани бизга чексиз ғурур ва ифтихор туйғусини бахш этади.

Халқ депутатлари туман кенгашининг депутати Ғайрат Бойсариев Наврўз айёмига ҳозирлик ҳамда жойларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари шитоб билан давом этаётгани, ҳудудда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида кўламдор ишлар амалга оширилаётгани, кексаларнинг ҳолидан хабар олинаётгани, эҳтиёжмандларга меҳр-мурувват ёрдамлари кўрсатилаётгани, сумалак сайли, маънавиятимизга бардавомлик бағишловчи миллий ўйинлар ташкил этилаётганлиги ҳақида мамнуният билан сўзлайди.

Кекса шифокор Ражаб Ниёзов эса ўз фикрларини шундай ифодалайди:

- Наврўз дилларга илиқлик индирди. Барчанинг юзида хуш кайфият, кўтаринкилик зоҳир. Атрофга боқинг, ҳаммаёқ  ям-яшил. Гўёки, яшилликдан одамлар ёшарган. Маҳаллаларда ва аҳоли хонадонларида аллақачоноқ кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди.    Дунёнинг баъзи давлатларида уруш ва ўзаро низолар, талотўп ва нотинчликлар давом этаётган айни маҳалларда озод ва обод, тинч ва осуда, эркин ва фаровон Ўзбекистонимизда шукроналик билан яшамоқликнинг ўзи бир толе эмасми?! Илоҳим, юртимизни, халқимизни ёмон кўзлардан асрасин! Наврўзимиз боқий бўлсин!

Дарҳақиқат, кўнгилларимизга бўлакча завқ-шавқ ва қувонч улашиб, ўлкамизга Наврўзи олам кириб келмоқда. "Хуш келибсан, Наврўз, доимо бор бўл, Наврўз!" деймиз.

Абдуқаюм  БЕККАМОВ,

Деҳқонобод тумани

Report typo