14 январь - Ватан ҳимоячилари куни
Деҳқонобод туманида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бошқармаси тасарруфида ташкил этилган янги ҳарбий қисм хизматчилари учун қуриб битказилган ҳарбий шаҳарча мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан уюштирилган тантанали тадбирда вилоят ҳокимлиги, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси, ДХХ Чегара қўшинлари бошқармаси масъуллари ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 январдаги тегишли қарорига асосан Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бошқармаси тасарруфида янги ҳарбий қисм ташкил этилган эди. Эндиликда алоҳида жанговар вазифаларни бажариш, сарҳадларимиз дахлсизлигини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу ҳарбий қисмнинг тўлақонли фаолияти учун маъмурий бино ва бошқа зарур объектлар, ҳарбий хизматчилар учун 48 хонадонли хизмат уйини ўз ичига олган ҳарбий шаҳарча янгидан қуриб битказилди.
Тадбирда қурилиш ишларида фаоллик кўрсатган мутахассислар, ходимлар тақдирланди. Шундан сўнг барча шарт-шароитларга эга хизмат уйлари ўз эгаларига топширилди.
- Уч нафар фарзандим бор, - дейди кичик сержант Файзулло Очилдиев. - Бугун 2 хонали, кенг ва ёруғ хонадонга эга бўлдик. Бу ерда бир оила тўкис яшаши учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Албатта, ҳарбий хизматчининг оиласи тинч, фарзандларидан кўнгли хотиржам бўлсагина бор диққат-эътиборини хизматига қарата олади. Давлатимиз томонидан шуни ўйлаб биз ҳарбийларга яратиб берилаётган шарт-шароитлардан жуда мамнунмиз.
Шу куни тадбир иштирокчилари ҳарбий шаҳарчада яратилган шарт-шароитлар билан танишишди, ҳарбий техникалар кўргазмаси намойиш этилди.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар