Инфратузилма
2024-2030 йилларда вилоятимизда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида 195 та, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларида эса 275 та автобус бекатини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш режалаштирилган.
Мазкур рақамлар республика ҳукуматининг жорий йил 14 ноябрдаги "Ҳудудларда жамоат транспорти инфратузилмасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган дастурларда акс этган. Уларга кўра, воҳамиз умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ҳар йили 25-30 тадан, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларида 30-45 тадан янги, реконструкция қилинган ва белгиланган тартибда жиҳозланган автобус бекатлари пайдо бўлади. Бунга тегишли равишда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари йўналтирилади.
Ҳужжатда алоҳида таъкидланишича, автобус бекатлари лойиҳаси йўловчилар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратилишини инобатга олган ҳолда, ишлаб чиқилади ва белгиланган меъёрларга мувофиқ намунавий лойиҳа (енгил конструкция) асосида қурилади. Уларда фақатгина реклама воситаси, банкоматлар, маҳсулотларни ва электрон чипталарни харид қилишга мўлжалланган ўзига ўзи хизмат кўрсатиш (вендинг, инфокиоска) автоматлари, аҳолининг интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиши учун "Wi-Fi" алоқа тизимини жойлаштиришга рухсат этилади. Бунда инфокиоскаларни жойлаштиришда ижара тўловлари олинмайди, электр қувватини ҳисоблаш қурилмаларини ўрнатмасдан ойлик тўлов нормаси белгиланади.
Эътиборли жиҳати, янги ва реконструкция қилинадиган бекатлар жойлаштириладиган ер майдонларида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш тақиқланади. Демак, янги автобус бекатлари ҳозир Қарши шаҳрида мавжуд, айримларининг ҳатто 90 фоиз майдони савдо дўконлари, кичик тамаддихоналар ва уларнинг омборлари билан банд қилинган аксарият бекатлардан фарқли равишда ҳақиқатан ҳам жамоат транспорти инфратузилмасининг муҳим таркибий қисмига айланади.
Шаҳар марказларида жойлашган автобус бекатларида маълумотларни онлайн акс эттирувчи электрон таблолар қўйилади. Уларнинг ҳар бирида мажбурий тартибда уриндиқлар ва чиқинди ташлаш қутилари ўрнатилади. Айни пайтда қарорда тегишли идораларга автобус бекатларида жамоат транспорти, йўловчилар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва хавфсиз шарт-шароит яратиш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.
Яна бир аҳамиятли томони - ҳукумат томонидан қабул қилинган ҳужжатда мамлакатимиз Президентининг "Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан мавжуд автобекатларни хатловдан ўтказиб, улар жойлашган ер участкаларининг ҳуқуқий мақомини аниқлаштириш, шунингдек, автобекатларда тадбиркорлик объектларини жойлаштиришга рухсат беришнинг шаффоф электрон механизмларини яратиш ва улардан фойдаланишнинг аниқ талабларини белгилаш назарда тутилганлиги эслатиб ўтилган.
Ўз мухбиримиз