Жараён
Халқимизда яхши бир анъана бор: тўйга тўёна билан борилади. Мустақиллик куни элимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами. Шунинг учун ҳам шодиёналар арафасида бунёдкорлар томонидан турли бинолар, иншоотлар фойдаланишга топширилади, рамзий маънода байрамга тўёна тортиқ этилади.
Табиийки, бу йил ҳам ушбу эзгу удум яна бардавом бўлди. Бугуннинг ўзида биргина Қарши шаҳрида кўплаб объектларнинг очилиш маросимлари ўтказилди. Вилоят ҳокими Муротжон Азимов, шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев, нуронийлар қувончли онларни маҳаллалар аҳли, мактабгача таълим муассасалари ва тиббиёт ходимлари билан баҳам кўрдилар.
Қарши шаҳридаги 3-сон оилавий поликлиниканинг янги биноси фойдаланишга топширилиши тиббий хизмат самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. Мазкур оилавий поликлиниканинг 1956 йилда қурилган биноси маънан эскириб, аҳоли ва тиббиёт ходимлари учун қатор ноқулайликлар мавжуд эди. Унинг ўрнига 4 миллиард сўмга яқин маблағ эвазига замонавий типдаги, 3 қаватли поликлиника биноси қуриб битказилиб, жами 36 нафар шифокор, 114 нафар ўрта ва 20 нафар кичик тиббиёт ходимлари меҳнат қиладиган муассасада барча шарт-шароитлар яратилди.
Бугун, шунингдек, вилоят халқ таълими бошқармаси ва Мустақиллик, Рогузар, Ғафур Ғулом маҳаллалар фуқаролар йиғинларида иш куни янги бинода бошланди. Бундай хурсандчилик, янгиликлар шукуҳи давом этади.
Жаҳонгир ДЎСТОВ
Суратларда: жойларда ўтказилган тадбирлардан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.