Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Тиббиёт
  • Янги датчик диабет ёки қон босимидан азият чекаётган беморларга асқатади

23.02.2021


Янги датчик диабет ёки қон босимидан азият чекаётган беморларга асқатади

АҚШнинг Сан-Диего шаҳрида жойлашган Калифорния университети муҳандислари учта бошқа-бошқа техник ишланмани битта датчикда бирлаштирди. Катталиги почта маркасича келадиган ва терига ёпиштириб қўйишга мўлжалланган янги қурилма қон босимини ўлчаш билан бирга, организмнинг бир неча биокимёвий кўрсаткичларини кузатади.

Ҳозирча датчик ташқи манбадан қувватланади ва аниқлаган кўрсаткичларини худди шу тартибда бошқа қурилмага узатади. Бироқ, уни ҳозирданоқ қайсидир маънода оммабоп ишланма, деб аташ мумкин. Қурилма орқали олинаётган кўрсаткичлар эса етарли даражада аниқ, дея ёзилган "Nature Biomedical Engineering" нашрида чоп этилган мақолада.

Қўшимча қилинишича, қон босимини қурилмага ўрнатилган махсус сенсор аниқлайди. Бу вақтда кимёвий сенсор тер чиқишини қўзғаш ва олинган суюқлик ёрдамида биокимёвий кўрсаткичларни ўрганиш учун махсус модда ажратади, шу тарзда кофеин, алкоголь ва сут кислотаси миқдорини ўлчайди. Қон таркибидаги глюкоза миқдорини аниқлайдиган учинчи сенсор эса таҳлил учун кучсиз электр қувватини ишга солади. 

"Ушбу инновацион ечим кун бўйи тақиб юриш кишига ноқулайлик туғдирмайдиган кичик датчик ёрдамида организмдаги ўзгаришларга оид кўплаб маълумотларни олиш имконини беради, - дейди наномуҳандис Жозеф Ван".

Янги ишланма соғлиғи ҳолатини доимий кузатиб юриши лозим бўлган, мисол учун, қандли диабет ёки қон босимидан азият чекаётган беморларга  асқатиши тахмин қилинаяпти. Яна, ушбу қурилма беморлар ҳолатини мунтазам мониторинг қилиб бориш учун айниқса шифохона шароитида фойдали бўлиши мумкин.

Энди америкалик муҳандислар инсон саломатлигига оид янада кўпроқ муҳим кўрсаткичларни аниқлайдиган датчик яратиш устида иш бошлашган. Умид қилиш мумкинки, тез орада симли узатмалардан мутлақо холи янги ишланма тайёр бўлади.

 

Report typo