Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
10 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

31.08.2023


ЯНГИ ДАВРНИ БОШЛАБ БЕРГАН УНУТИЛМАС ТАРИХИЙ ВОҚЕА

Шавкат МИРЗИЁЕВ:

Орадан йиллар, асрлар ўтади. Лекин миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз ва инсоний ҳақ-ҳуқуқларимизни тиклаб берган, барча ютуқ ва марраларимизнинг замини бўлган Мустақиллик куни биз учун, келгуси авлодларимиз учун доимо энг улуғ, энг азиз байрам бўлиб қолади.


Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги байрами мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари Қашқадарёда ҳам юртдошларимизнинг талаб ва истаклари асосида, бугунги давр руҳига ҳамоҳанг тарзда кенг нишонланмоқда.

Халқимиз ўз Ватани, тақдири ва келажагига ўзи эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиб, дунё харитасида Ўзбекистон Республикаси -  суверен ва мустақил давлат пайдо бўлган санага бағишланган байрам тадбирлари воҳамизнинг ҳар бир шаҳар ва тумани, қишлоқ ва маҳалласида юқори савияда ўтказилмоқда. Қашқадарёнинг "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!" деган бош ғояни ўзида мужассам этган асосий     байрам тантаналари эса вилоят марказидаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи амфитеатрида воҳанинг барча ҳудудлари вакиллари - турли соҳа ва жабҳаларда самарали фаолият кўрсатаётган фидойи инсонлар, меҳнат фахрийлари ва нуронийлар, иқтидорли ёшлар ҳамда узоқ ва яқиндан келган меҳмонлар иштирокида ташкил этилди.

Вилоят ҳокими Муротжон Азимов тадбир қатнашчилари ва улар орқали бутун воҳа аҳлини энг улуғ, энг азиз байрамимиз билан табриклар экан, мустақиллик Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги бир даврни бошлаб берган унутилмас тарихий воқеа, дея таъкидлади ва йиллар ўтгани сари биз бу олий неъматнинг қадрини тобора чуқур ҳис қилаётганимизни эътироф этди.

- Сўнгги йилларда мамлакатимиз миқёсида амалга оширилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар пировард мақсад - инсон шаънини улуғлашга, унга муносиб турмуш шароитларини яратишга қаратилаяпти, - деди вилоят раҳбари. - Юртдошларимизнинг хоҳиш-иродаси ҳамда таклифлари асосида Констутициямиз янги таҳрирда қабул қилинди. Янги Ўзбекистонга хос бўлган, янгиланган Конституция "инсон - жамият - давлат" тамойили асосида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини тўлақонли таъминламоқда.

Ҳоким ўз табрик сўзида Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги вилоятимизда ҳам  бир қатор муваффақиятлар билан кутиб олинаётганини айтиб, Қашқадарёда 2023-2024 йилларга мўлжалланган, умумий қиймати 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 500 га яқин саноат ва бошқа лойиҳалар амалга оширилаётганини маълум қилди.

Айни пайтда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш борасида 530 миллиард сўмлик 687 та объект фойдаланишга топширилиб, 2,5 триллион сўм маблағ ажратилиши эвазига 1 минг 700 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилаётгани ҳам билдирилди. "Ташаббусли бюджет" ва "Менинг йўлим" лойиҳалари доирасида ички йўлларнинг таъмири учун 200 миллиард сўмга яқин, ижтимоий соҳа объектлари учун 65  миллиард сўм ва бошқа тадбирлар учун 25 миллиард сўм маблағ ажратилиб, ишлар юқори суръатда олиб борилаётгани қайд этилди.

- Ҳақиқатан ҳам, бу кенг кўламли ишлар ҳар бир юртдошимиз ҳаётида акс этмоқда, - дейди байрам тадбири иштирокчиси - Миришкор туманидаги Чаманзор маҳалла фуқаролар йиғини раиси, "Шуҳрат" медали соҳиби    Исмоил Қодиров. - Биргина бизнинг маҳалламизни мисол қилиб оладиган бўлсак, 2 минг 300 нафардан ортиқ киши яшайдиган ҳудудимизда кейинги йилларда 8 километр узунликдаги ички йўллар асфальт қилинди, 2 километр узунликдаги сув қувури янгиланди. Маҳалла маъмурий биноси мукаммал таъмирланди, Найистон қишлоғида 28-сонли оилавий поликлиниканинг шохобчаси учун янги иморат қурилди, кутубхона, тикувчилик цехи, бошқа масканлар ташкил этилди. Шуларнинг барчаси, албатта, одамлар кайфияти ва дунёқараши, қолаверса, ташаббускорлиги ва интилувчанлигига ижобий таъсир кўрсатаяпти.

Вилоят ҳокимининг табригида мустақилликнинг тарихий аҳамияти ва юртдошларимизнинг истиқлол туфайли турли соҳаларда эришаётган ютуқлари, келгуси режалари ҳақида сўз юритилар экан, шуларнинг барчаси амфитеатр саҳнасида намойиш этилган театрлаштирилган мусиқий дастурда ҳам ўз аксини топди. Устоз санъаткорлар ва истеъдодли ёш ижрочилар, мақом ва бахшичилик санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар, фольклор-этнографик ансамбллар аъзолари ва миллий-маданий марказларнинг фаоллари, ҳарбийларнинг чиқишларида халқимизнинг озодлик учун кураш йўлидаги қатъияти, қадимий тарихимиз ва бой маданиятимиз, эзгу қадрият ва анъаналаримиз қайта тикланиши, юртимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги дўстлик ва тотувлик муҳити, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар юксак дид ва маҳорат билан бадиий ифода этилди. "Ҳар бир кун - бу имконият, ҳар бир кун - бу келажак учун пойдевор" деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамияти яна бир карра ажойиб тарзда очиб берилди.

- Бу мотивацион ибора менинг ҳам ҳаётий шиоримга айланиб, бизнес-фаолиятим олға юришига ёрдам бераяпти, - дейди Ғузор тумани Дўстлик маҳалласида жойлашган "Сунбула" касб-ҳунар ўқув маркази раҳбари Дилафрўз Муҳаммадиева. - Жорий йилнинг ўзида марказимизда янги ўқув йўналишларини очиб, чекка ҳудудларда яшайдиган ёшлар ва хотин-қизларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган яна бир қатор касб-ҳунарлар ўргатишни йўлга қўйганмиз. Йил бошидан буён 400 нафарга яқин шогирд тайёрладик. Шу кунларда кўплаб битирувчиларимиз тадбиркор ва ҳунарманд сифатида фаолият юритаётгани ёки ўзини ўзи банд қилиб, даромад топаётгани, ўз сартарошхоналарию дўкон ва кафеларини очаётганини кўриб, чин юракдан хурсанд бўлаяпман. Зеро, улар ҳам ҳар бир кун - бу имконият эканлигини тўлиқ англаб етишган.

Юртимиз истиқлолини тараннум этувчи қўшиқлар, чуқур маънога эга саҳна кўринишлари ҳамда улкан экранда намойиш этилган тарихий кадрлар ва бетакрор манзаралар томошабинларда катта таассуротлар қолдирди. Тадбир якунидаги байрамона мушакбозлик Қаршининг тунги осмонини ёритиб, шаҳарнинг турли бурчакларидан кўриниб турди. Амфитеатр яқинида барпо этилган янги мусиқали-чироқли фавворанинг ранг-баранг жило ва садолари барчанинг кайфиятига кайфият қўшди.

Темур НИЗОМОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo