Юртбошимизнинг "Юксак маънавият - енгилмас куч" асаридаги бу гапларда нақадар теран маъно ва мазмун мужассам. Дарҳақиқат, тилимиз кимларнинг авлоди эканлигимизни, ўтмишимизу келажагимизни англатади, ундаги жозибага йўғрилган сўзлар инсонни эзгуликка интилиб яшашга ундайди, яхши амалларга руҳлантиради.
Сўз бойлиги жиҳатидан дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келган ўзбек тилимизнинг куч-қудрати, сўз имкониятлари жуда улкан. Бу хусусда юзлаб адабиётлар яратилганига тарих гувоҳ бўлса-да, тилимизда ҳали-ҳануз ўрганилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳам бисёр.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 13 майдаги "Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида"ги тарихий Фармони ўзбек тили имкониятларини янада чуқур ўрганиш, уларни тадқиқ этиш, изланишлар олиб бориш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг "Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак - миллатнинг руҳини йўқотмакдур" деган ҳикматли сўзлари ҳам бу фармоннинг нақадар чуқур аҳамиятга эга эканлигини яна бир бор исботлайди.
Президентимизнинг фармонида келтирилган "Ўзбек тили қадимий ва бой тарихга эга бўлиб, унинг шаклланишида милоддан олдинги ва милоддан кейинги дастлабки асрларда минтақамиз ҳудудида яшаган бақтрийлар, сўғдийлар, хоразмийлар ва бошқа элат ва миллатлар ўз таъсирини кўрсатгани ҳақида мавжуд илмий манбалар далолат беради", деган сўзлар тилимиз тарихининг нақадар қадимий илдизга эгалигини тасдиқлайди.
Унинг тараққий этишида Алишер Навоийнинг ҳиссаси беқиёс. Улуғ бобокалонимиз ўз асарларида қўллаган сўзлар миқдори 26 минг 35 тани ташкил этган бўлса, айни шу рақам мутафаккир рус адабиётида энг кўп сўз қўллаган Пушкиндан 5 минг, Шекспирга қараганда 7 мингга яқин сўзни кўп ва хўб қўллаганидан далолат беради. Шу боис ҳам ташкил этилаётган олий таълим муассасасининг номи Навоий даҳосига бўлган эҳтиромнинг юксак ифодаси ҳам бўлди.
Тилимиз ривожида Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммадризо Огаҳий, Бобораҳим Машраб, Муқимий, Фурқат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарварлар ҳам катта ҳисса қўшишганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бу борадаги ишларни 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган "Давлат тили тўғрисида"ги Қонун янги босқичга олиб чиқди. Шунингдек, 1990 йили Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат тили тўғрисида"ги Қонунни амалга ошириш давлат дастури тўғрисида"ги қарори, 1993 йилда "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида"ги Қонун, 1995 йили "Давлат тили ҳақида"ги Қонуннинг янги таҳрири, 1996 йили ушбу қонунни амалга оширишга қаратилган давлат дастурига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва шу каби бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани она тилимизни асраб-авайлаш, бойитишда муҳим аҳамият касб этди. Узоқни кўзлаб, халқимиз, юртимиз манфаатини ўйлаб 2016 йил 13 майда эълон қилинган фармон эса тилимиз ва миллатимиз тарихида ўчмас из қолдириши, у тилимизнинг дунё миқёсидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Шунингдек, фармонда таъкидланганидек, "Айни вақтда бу соҳада мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳали кўп ишларни амалга оширишимиз даркор. Энг аввало, она тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, унинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш ва илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш бугунги кунда ўта долзарб масалага айланмоқда.
Бу ҳақда гапирганда, биринчи навбатда, фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби ўта муҳим тармоқларда ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришиш, шу мақсадда замонавий дарсликлар, этимологик ва қиёсий луғатлар яратиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш олдимизда муҳим вазифа бўлиб турганини қайд этиш лозим".
Мухтасар қилиб айтганда, Президентимизнинг мазкур фармони она тилимиз ва адабиётимиз ривожи учун айни муддао бўлди. Унинг ҳар бир бандини ҳаётга тўла татбиқ этиш эса юрагида ватанпарварлик ҳисси жўш урган, унинг шонли тарихини дунё миқёсида кенг тарғиб қилишни истаган ва миллат тили келажагини ўз тақдирига дахлдор деб билган ҳар бир фуқаронинг зиммасидаги масъулиятдир.
Исломиддин АБРОРОВ,
Шаҳрисабз технологиялар коллежи директори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.