Бандлик
Давлатимиз раҳбари томонидан маъқулланган дастурга мувофиқ, жорий йилда Қашқадарёда 28 минг 45 та доимий янги иш ўрни яратиш, шунингдек, 38 минг 349 нафар фуқаронинг бандлигига кўмаклашиш назарда тутилган.
Маълумки, шу йил 28 апрелда мамлакатимиз Президенти "2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури тўғрисида" қарор қабул қилган. Ушбу дастурга биноан жорий йилда Ўзбекистонда 457 минг 127 та доимий янги иш ўрни яратиш прогноз қилинган бўлса, уларнинг 6,1 фоизидан ортиғи вилоятимиз ҳиссасига тўғри келади.
Воҳамизда 2021 йилнинг охиригача ташкил этиладиган янги иш ўринларининг бир қисми тармоқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш (1 минг 267 та) ва саноат (3 минг 342 та), қишлоқ хўжалиги (2 минг 764 та) ҳамда хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда (2 минг 542 та) ҳудудий инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш ҳисобидан яратилади. Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш натижасида эса соғлиқни сақлаш ва таълим жабҳаларида яна 680 та янги доимий иш ўрни пайдо бўлади.
Вилоятимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тараққий эттириш орқали йил давомида 17 минг 450 та, шу жумладан, янги кичик корхона ва микрофирмалар ташкил этиш ҳисобидан 10 минг 27 та, якка тартибдаги тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобидан эса 7 минг 423 та қўшимча иш ўрни вужудга келади. Прогнозларга кўра, бир йилда воҳамизда якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ)лар сафи 6 минг 775 нафарга кенгайиб, шундан 775 нафари "Ҳунарманд" уюшмасининг аъзоси сифатида рўйхатдан ўтади. Тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланувчи ЯТТлар томонидан жалб этиладиган ёлланма ишчилар сони 648 нафарга кўпайиши назарда тутилмоқда.
Аҳоли бандлигига кўмаклашиш жараёни доирасида вилоятимизда жорий йилда 18 минг 225 нафар ишсиз фуқарони бўш ва захира иш ўринларига ишга жойлаштириш режалаштирилган. Айни пайтда 10 минг 506 нафар киши ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиниб, 5 минг 620 нафар фуқарони касбга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мўлжалланмоқда. 3 минг 588 нафар кишининг бандлиги турли хил субсидиялар ажратиш, яна 410 нафариники эса Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан кредит бериш йўли билан таъминланади.
Қарорнинг иловаларидан бирида акс этган рақамларга қараганда, 2021 йилда Қашқадарёда тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш харажатлари учун 519,7 миллион сўм, квоталанган иш ўринлари учун 431,4 миллион сўм, малака ошириш харажатлари учун 1 миллиард 412,3 миллион сўм, томорқа ер эгаларига 5 миллиард 139,7 миллион сўм, кооператив аъзолари учун 2 миллиард 288 миллион сўм, жами 9 миллиард 791,1 миллион сўм миқдорида субсидиялар ажратилади. Бу кўрсаткични ишсизлик нафақаси учун йўналтириладиган маблағ ҳажми (5 миллиард 873,4 миллион сўм) билан таққосласак, субсидияларнинг салмоғи анча юқори эканлиги аён бўлади.
Вилоятимизда янги иш ўринлар яратилишини назарда тутувчи кичик лойиҳаларни кредитлаш учун учта тижорат банки - "Микрокредитбанк", "Агробанк" ва Халқ банкига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 11 миллиард 496 миллион сўм миқдорида молиявий ресурслар ажратилади.
Ўз мухбиримиз