Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • ЯНГИ ЙИЛ "ЧЕГИРМАСИ", "АЖОЙИБ" НАРХ: ЯРМАРКАДА 14 МИНГ, КЎЧАДА 7 МИНГ!?

Б.ЎКТАМ

27.12.2018


ЯНГИ ЙИЛ "ЧЕГИРМАСИ", "АЖОЙИБ" НАРХ: ЯРМАРКАДА 14 МИНГ, КЎЧАДА 7 МИНГ!?

Янги йил байрами тобора яқинлашаркан, ўтган йили байрам дастурхонига ярмаркадан бозорлик қилганим ёдимга тушади: ярмаркада нархлар чўнтакбоп бўлади, деган хомхаёл билан арзон жойни қидириб, роса сарсон бўлганман. Шунга яраша мушкул осон бўлса-ку қани, қимматига олиб, устига-устак сотувчиларнинг "Нима энди ярмарка экан, деб текинга бериш керакми?!" деган иддаоларига ҳам чидашга тўғри келган.

Хўш, бу йилги аҳвол қандай? Вилоятда ташкил қилинган янги йил ярмаркаларидан аҳоли мамнунми? Маҳсулотлар кўчадагидан арзонми?

Маълум бўлишича, доимги одатга биноан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 декабрдаги махсус йиғилишида берилган топшириқлар ижроси бўйича 14 декабрь куни вилоят ҳокимлигида ҳам мажлис чақирилган. Унда ички истеъмол бозорини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли тўлдириш, шаҳарлар ва туманлардаги  деҳқон бозорлари, йирик савдо     комплекслари ва аҳоли зич яшайдиган маҳалла гузарларида махсус ярмарка савдоларини ташкил этиш ҳисобига нарх-наво барқарор сақланишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланиб, тегишли мутасаддиларга вазифалар тақсимлаб берилган.

Масалан, маҳсулотларнинг ярмаркаларга тўлиқ олиб келинишига туман ҳокимлари шахсан жавобгар бўлса, улар ўз навбатида товар ишлаб чиқарувчилар, деҳқон ва фермер хўжаликлари, савдо ташкилотлари, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларнинг савдолардаги иштирокини таъминлаши кўрсатилган.

Шу билан бирга, банк тизими расталарни терминаллар билан таъминласа, унинг ижросини солиқчилар ўрганиши, вилоят давлат солиқ, рақобат, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармалари ярмаркаларда сотилаётган маҳсулотлар нархини кунлик назоратга олиши, давлат санитария-эпидемиология назорат маркази ва ветеринария бошқармаси озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини текшириши керак.

Хўш, бунча чора-тадбиру вазифа белгилашга нима зарурат? Гап шундаки, айнан шу вақтда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ҳар қачонгидан ошиб кетади, чунки ҳамма имкони етганича сархил ноз-неъматлар билан байрам дастурхони тузашга ҳаракат қилади. Аслида оммавий равишда катта харажат қилинадиган Янги йилдан бошқа байрам йўқ ҳисоби.

Буни сотувчилар ҳам яхши билишади, шунинг учун кечагина 3-4 минг сўм бўлган маҳсулот устига байрам арафасида дарров 5-6 минг сўм "миниб" олади. Яъни нарх сунъий равишда ош(ирил)ади. Ушбу ҳолатнинг олдини олиш учун эса юқорида айтганимиздай ярмаркалар ташкил қилинади.

Аслида ярмарка сўзи немисча "ярмаркт" сўзидан олинган бўлиб, "йилда бир бўладиган бозор" маъносини бераркан. Демак, бир йилда бир марта бўладиган бу тадбир ҳар томонлама кўнгилдагидай, аҳолига қулай шакл ва нархларда ўтиши керак. Агар аксинча бўладиган бўлса, ундан нима наф, не мантиқ? Тўғрими?

Маълумотларга кўра, вилоятда асосий турдаги озиқ-овқатлар ва мева-сабзавотлар ярмаркаси 2018 йил 7 декабрдан бошланиб, 2019 йил 5 январига қадар давом этади. Биргина Қарши шаҳрида Ерқўрғон, Марказий, "Нақшаб дарвозаси" деҳқон (озиқ-овқат) бозорлари, "Орзу" ва "янги" бозорлар ҳамда "Яшил бозор" ёнида кам пулга кўп маҳсулот харид қилиш имкони кўзда тутилган. Яхшики, бу йил ярмаркасиз ҳам мева-чева, картошка-пиёз арзон. Бу ўз-ўзидан ярмарка ўтказадиган мутасаддилар ташвишини ҳам бир ҳисса аритади, сабаби, 10-15 турдаги маҳсулот нархини назорат қилиб бориш қаёқдаю, фақат гўшт, товуқ, тухум ёки гуруч нархидан ҳушёр бўлиб туриш қаёқда?!

Тўғриси, вилоятда ўтаётган ярмаркалар, уларга бириктирилган масъуллар рўйхатига назар ташлаб, бу борада бирор муаммо йўқ, деган хаёлга боради киши. Аммо фақат қоғоздаги ҳарф ва рақамлар сабаб пайдо бўлган бу хаёл ҳаётда ўз ифодасини топмаётгани кўнгилни хира қилади.

Мисол учун, "Оқтепа файз савдо" мажмуаси МЧЖ, халқ тилидаги "Орзу" бозоридаги ярмаркани олайлик. Ҳали бозорга кирмасдан туриб, кўчани лиқ тўлдирган мева-чева, тўкин-сочинликни кўриб, кўз қувнайди, нарх ҳам ёмон эмас. Аммо улар шунчаки ёйма, демак, ярмаркада бундан ҳам арзон, бундан ҳам сифатли маҳсулот харид қиламан, деган ўйда кираркансиз, ичкаридаги нархлар ташқаридан деярли фарқ қилмаслиги  кишини таажжубга солади. Помидор-бодринг ярмаркада - 14 минг, кўчада 6-7 минг сўм эканига нима дейсиз?! "Янги йил чегирмаси. Ажойиб нарх" дея "реклама" қилинган 32 минг сўмлик гўштни эса олгингиз келмайди. Шунчаки таъб тортмайди.

- Бизга маҳсулотлар Яккабоғ, Қамаши туманларидан келтирилиши керак эди, бироқ ҳеч нарса келмади, - дейди "Оқтепа файз савдо" мажмуаси МЧЖ бош иқтисодчиси Эштемир Намозов. - Бу бўйича хат қилиб берганмиз. Имкон доирасида ўзимиз тадбиркорларни жалб қилиб, ярмарка ўтказаяпмиз.

Аслида улар "имкон доирасида" ташкил қилган савдонинг ярмаркага ҳеч қандай дахли йўқ. Чунки "ярмарка" деб баннерга ёзиб қўйган билан ҳеч нарса ўзгармайди, ҳамма гап ярмаркадаги нарх кўчадагидан кескин фарқ қилишида. Бу ердаги ишлар номига эканини сотувчининг сўзлари ҳам тасдиқлайди.

- Ярмаркага, мана, 2 минглик олмаларимиз бор, лекин уларни ҳеч ким олмаяпти, - дейди Нуржамол Тошева. - Тўғриси, байрамга ҳамма яхши нарса олгиси келади. Биз ҳам "Ерқўрғон"дан олиб келамиз, помидор-бодрингни 13 мингга олсак, 14 минг қилиб сотамиз. Бошқалариям шу. 5-6 кун бўлди савдони бошлаганимизга, фойда қилайлик, деб келдик-да.

Кўриниб турибдики, хўжакўрсинга ташкил қилинган бу каби ярмаркалар ҳар қачонгидан кўра кўпроқ фойда қилишни кўзлаган сотувчилар учун айни муддао бўлаяпти. Айни шу масалада, шу бозорга масъул этиб биркитилган солиқ инспекцияси, ИИБ ва ДСЭНМ масъуллари эса негадир жим.

"Орзу" бозорида байрам дастурхонига харажатнинг "каттаси" кетадиган ҳўкиз гўшти 38, қўй гўшти 39 минг сўмдан сотилаяпти.

Ваҳоланки, вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган, рақобат қўмитаси, вилоят давлат солиқ, молия бошқармалари бошлиқлари, вилоят бозорлар уюшмаси бошқарув раиси имзолаган, деҳқон бозорларида кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг шу йил 16-31 декабрь кунлари учун белгиланган энг юқори чекланган нархига биноан, қўй ва мол гўшти ярмарка махсус растасида 28 мингдан, тадбиркорлар растасида 36 минг сўмдан ошмаслиги зарур. Аммо "Орзу" бозорида гўштга қўшимча 10-12 минг сўм "миниб" олганки, бу нархдаги гўштни исталган жойдан топиш мумкин. Бозор мутасаддилари эртаданоқ гўшт нархи 28 мингга туширилишини, бу бўйича қассоблар билан гаплашилганини маълум қилди. Эрта ҳам қочиб кетмас, кўрамиз, шу нархда сотиладими ва у харидор таъбига мос келадими?

Энг юқори чекланган нархи ярмаркада 500 сўм бўлган тухум бу бозорда 600-650 сўм, қизиғи, шундоқ кўчадаги савдо шохобчасида "оптом" 400 сўмдан турибди. Балиқнинг ҳам чекланган баҳоси сотувчиларни қаноатлантирмаяпти, шекилли, ярмаркада дудланганидан бошқасини тополмайсиз.

"Яшил бозор" савдо маркази ёнидаги ярмаркада ҳартугул қўй гўшти ҳам, мол гўшти ҳам бир хил нархда - 33 минг сўм. 28 мингга эса аҳолининг катта қисми диний мансублигига кўра истеъмол қилмайдиган чўчқа гўштини топасиз. Унинг ҳам юқорисига "26 минг сўм" дея хўжакўрсин лавҳа илиб қўйишган. "26 мингга қопламайди, айтишаверади-да", дейди қассоб ёғни кесаркан.

Бу ерда товуқ гўштини 20 минг сўмга топасиз. Аслида юқорида келтирилган чекланган нархларга биноан товуқнинг бир килоси махсус растада 15, тадбиркорлар растасида 17 минг сўмдан сотилиши керак.

Қизиғи, помидор-бодринг ярмаркада 14-15 минг сўмдан сотилаётган бир чоғда, бир неча қадам наридаги "Яшил бозор"да помидор 13 минг 500, бодринг 12 минг 300 сўм атрофида турибди. Ярмаркада савдо марказидагидан қиммат?!

Худди шундай, Марказий деҳқон (озиқ-овқат) бозори, яъни "эски бозор"да ориқроқ товуқ гўштини 19, яхшироғини 20 мингдан олса бўлади. Демак, ҳар килосига 4-5 минг қўйиб сотилаётган бундай товуқни ярмаркага бормай ҳам топиш имкони кўп.

Фақат бу ерда гўшт нархи бошқа жойларга қараганда сал қимматроқ. Молники 38, қўйники 40 минг.  28 мингликлари ҳам бор, уям боя айтганимиздек, кўнгилда недир шубҳа уйғотади. Буни маршруткада бировига айтгандим, "28 минглик гўшт? Тирик молникими?" деб сўради. Бу каби ишлардан хабари бор шекилли, ўтган йили арзон сотилган гўштга молнинг туёғи, жағигача қўшиб сотишганини айтди. "Арзоннинг иллати бўлади, деб бекорга айтишмайди" деб қўшиб қўйишни ҳам унутмади.

- Бозоримизда ярмарка ўтказиш учун туманлардан вакил бириктирилган, лекин маҳсулот келгани йўқ, - дейди Қарши марказий деҳқон (озиқ-овқат) бозори АЖ раиси Ойбек Пўлатов. - Масалан, Миришкор туманидан 15 тонна гўшт келтирилиши керак эди, келмади. 14-15 минглик товуқ савдога чиқарилганди, ҳеч ким олмади. Лекин эртадан бошлаб савдога ҳақиқий байрам кайфиятини берамиз.

Демак, кўп нарса туманларга ҳам боғлиқ. Балки туман ҳокимлари ушбу масалага панжа орасидан қарамаганда, ҳаммаси жойида бўлармиди. Чунки қайси ярмаркага борманг, туманлар зиммасига юкланган маҳсулот келмаётганидан нолишади.

"Янги бозор" - Қарши марказий буюм савдо комплексида ҳам ярмарка ўтиши кўзда тутилган, мутасаддилар эса кириш дарвозаси ёнидаги байрам совғаларини ярмарка деб тушунтиришди. Агар бўй баробар чиқмайдиган биргина сунъий арча 550 минг сўмдан сотилаётгани ярмарка бўлса, қолганини билмадик.

Ярмаркалар ташкил этиш бўйича Қарши шаҳар ҳокимининг 2018 йил 10 декабрдаги фармойишига асосан назорат шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Дўстмурод Султонов зиммасига юкланган.

- Чиндан ҳам туманлардан айтилган маҳсулот келмагани учун шаҳарнинг ўзидаги тадбиркорлар билан эҳтиёжни қоплаб бўлмаяпти, - дейди Дўстмурод Султонов. - Лекин ҳозир 1 кило ем қанча? Гўштни ярмаркада айтилган нархда сотиш қопламаслиги ҳам бор гап. Эртага чиқиб, ҳаммасини ўрганиб чиқаман, жойига тушади.

Аслида гап бир кило емнинг нархи қанча эканида эмас. Чунки ярмаркада гўшт учун чекланган нарх белгиланаётганда, ҳамма харажат ҳисоб-китоб қилинган, сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган, сотувчи ютқазмайдиган, харидор мамнун бўладиган тўхтамга келинган.

Вилоят марказидаки, аҳвол шу бўлса, туманлардаги ярмаркаларни тасаввур қилаверинг. Хусусан, Чироқчида ҳар йили ҳокимият биноси ёнида ўтадиган ярмаркадан бу йил негадир дарак йўқ. Ҳар ҳолда аҳоли ярмарка қаерда ўтаётганини билмайди. Шунданми, гўшт 40-42 минг сўмдан. Қарши тумани ҳокимлиги масъул ходими Марат Ходжаев эса вилоят ҳокими селекторда берган топшириққа асосан ярмарка ўтказилаётганини таъкидлаган бўлса-да, амалда доимги савдо жойидан бошқасини учратмайсиз. Гўшт мол ва қўйникилигига қараб 35, 37 минг сўмдан.

Миришкор тумани ҳокимлиги вакили Ҳалим Кароматов туман ҳокимлиги олдида ярмарка ташкил қилингани, гўшт 25 минг сўмдан сотилаётганини маълум қилди.

Суриштирувимизда маълум бўлишича, дарҳақиқат, бир неча кун аввал бир қўй келтирилиб сўйилган, 20 килограмм гўшт қилган ва унинг ҳар килоси 25 минг сўмдан сотилган экан. Масъуллар айтган жойда эса ярмарканинг "я"сини ҳам кўрмайсиз.

Очиқ айтиш керак, савдо нуқталарида 28 минглик гўшт бор, йўқ эмас. Аммо уни ким олаяпти? Дейлик, ярмаркага масъул этиб бириктирилган мутасаддиларнинг ўзи шу гўштдан харид қиладими? Қилармиди?

Биз маҳсулотлар нархини асосан қимматлари мисолида кўрдик. Аммо арзонлари, мисол учун, картошка 2 минг сўмдан гўёки арзон сотилаётгандай кўринса-да, айни кунларда унинг чекланган баҳоси 1500 сўм, холос. Ҳар килосидан 500 "туғаётган" картошканинг ўзидан сотувчига қанча фойда қолишини тасаввур қилаверинг.

Бир пайтлар жуда машҳур русча қўшиқда шундай жумлалар бўларди: "Туғилган куним жуда яхши, афсуски у йилда бир марта". Буни сотувчилар тилига кўчирсак, номига ярмарка деб аталган, амалда назорат йўқ, масъуллари "эрта-индин жойига тушади" дейдиган ва ҳеч жойига тушмайдиган, нархлари ҳатто кўчадагидан қиммат ярмарка "сотувчилар учун жуда яхши, "афсуски" у йилда бир марта..." Афсуски, ҳар йили одамлар ярмаркадан арзонроғини, сифатлисини харид қиламан, деган умид билан чўнтак кавлайдилару, амалда фақат ютқазиб юраверадилар. Афсуски, ҳар йили...

Б.ЎКТАМ

 

Report typo