Ўзбекистон Республикаси Президентининг Китоб тумани Халқ қабулхонаси ходимлари томонидан тумандаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хусусан, электр таъминотини корхонаси, тиббиёт бирлашмаси, ободонлаштириш бошқармаси, “Агробанк” туман филиали, халқ таълими, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимларида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати ўрганилиб, таҳлил қилинди ва қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўриб борилмоқда.
Ўрганишлар шуни кўрсатадики, айрим ташкилотларда раҳбарларнинг қабул жадваллари, ҳокимлик ва Халқ қабулхонасидаги қабул тартиби, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун барчага кўринадиган жойга осиб қўйилмаган. Фуқароларни қабул қилиш хоналари белгиланган тартибда ташкил этилмаган. Қабул учун шарт-шароитлар яратиш талаб даражасида эмас. Қабулга оид журналлар турли-туман юритилган.
Кўрдик, гувоҳи бўлдик, айрим идора ва ташкилотларда ё мурожаатлар билан қай тартибда ишлашни билишмайди, ё бунга амал қилишни исташмайди. Хўш, мурожаатлар билан ишлашнинг тартиби аслида қандай? Бу борада қонун ҳужжатларида нима дейилган?
Шуни билиб олиш керакки, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари масъуллари мурожаатлар билан ишлашда “Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида Намунавий низом” талабларига риоя қилишлари керак. Ушбу намунавий низом Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартдаги 73-сонли қарори билан тасдиқланган.
Қарорда вазирликлар ва идоралар ҳамда ҳокимликларга бир ой муддат ичида ўз низомларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилган. Афсуски, айрим давлат идораларида бу талаб бажарилмаган.
Мурожаат билан ташкилотдаги таркибий бўлинма ёки буйруқ билан бириктирилган масъул ходим шуғулланиши лозим. Ҳар бир ташкилотда мурожаатларни рўйхатга олиш журнали юритилиши ва унда намунавий низомнинг 14-бандида кўрсатилган ёзувлар бўлиши шарт. Бошқача тарзда журнал юритмаслик керак. Мурожаатларнинг тартиб рақамлари ҳар йил бошидан янгидан ҳисобланади. Ҳар бир мурожаат бўйича Низомнинг 2-иловасига мувофиқ тасдиқланган шакл бўйича ҳисобга олиш карточкаси тўлдирилиши керак.
Мурожаат конвертда келган бўлса, унда илованинг бор-йўқлиги текширилади. Иловалар йўқ бўлса, икки нусхада далолатнома тузилади. Мурожаат бир иш кунида раҳбарга киритилиши, резолюция қўйилгач, қўшимча бир иш кунида ижро қилувчига юборилиши керак. Ўзининг ваколатига тегишли бўлмаган мурожаат келиб тушганда, давлат органи бу мурожаатни беш кун ичида тегишли ташкилотга юбориши шарт. Агар мурожаатда бир нечта таркибий бўлинмага тегишли масалалар мавжуд бўлса, уларнинг барчаси мурожаатни кўриб чиқиш учун масъул ҳисобланади. Мурожаат муаллиф иштирокида кўриб чиқилади.
Мурожаат ўн беш кун, қўшимча текширувлар талаб этилса, бир ой муддатда кўриб чиқилади. Таклифлар бир ойлик муддатда ўрганилади. Раҳбар мурожаатни кўриб чиқиш муддатини қисқартириши мумкин. Аноним мурожаатлар эса кўриб чиқилмайди ҳамда бу ҳақда хулоса тузилади.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг сайёр қабулларини ўтказиш, аҳоли томонидан билдирилган муаммоларни жойида ҳал қилиш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ. Сайёр қабулларни ўтказиш жадваллари олдиндан тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларига осиб қўйилиши, қабул вақти ҳамда жойи ҳақида аҳоли олдиндан хабардор қилиниши керак. Мурожаат қилувчи шахс адвокат ёрдамидан фойдаланиши ҳам мумкин.
Эсда тутиш лозимки, мурожаатларга оид қонун нормаларига риоя этишни таъминлаш, аввало, биринчи раҳбарларга юклатилади. Қонун талабларига риоя этмаслик интизомий, маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.
Масалан, айрим тегишли идоралар раҳбар-ходимлари уй-жой қуриш, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун ер участкаси олишга оид мурожаатларга “Навбатга қўйилдингиз”, “Тушунтириш берилди” каби умумий, мавҳум жавоблар бериш билан чекланмоқда.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари бўлимига юборилган ишга жойлаштириш тўғрисидаги аризаларга эса “Таклиф қилинган ишга розилик бермади” каби юзаки жавоблар бериш билан мазкур мурожаатлар назоратдан чиқарилмоқда. Моддий ёрдам ва нафақа тайинлашни сўраб ёзилган аризалар муаллифларига “Даромади мезондан ошиб кетганлиги ёхуд маблағ йўқлиги сабабли нафақа тайинланмади” каби жавоблар йўлланаяпти.
Бундан ташқари, электр трансформаторлари, столбалар эскиргани ва уларни алмаштириш зарурлиги ҳамда ким ошди савдоси орқали ер участкаси олиб, уй-жой қурган фуқароларнинг хонадонини электр тармоғига улаб бериш тўғрисидаги мурожаатларини ҳокимият электр таъминоти корхонасига юбормоқда. Корхона эса бу ишлар “маҳаллий бюджет ҳисобидан бажарилиши керак” деб жавоб қайтараяпти. Натижада мурожаатлар ечимини топмасдан қолмоқда. Фуқарога масаланинг моҳияти чуқур тушунтирилмагани, асосли ечим берилмагани учун такрорий аризалар сони кўпаймоқда.
Баъзи фуқаролар юқори идоралардан уй-жойларини таъмирлаш ёхуд қурилиш материаллари бериш бўйича ҳам ёрдам сўрашади. Айтиш лозимки, бундай ишлар асосан ҳомийлар ҳисобидан амалга оширилади. Ҳокимият ташкилотлар ва тадбиркорларни ҳомийликка жалб қилишда қонунларга риоя этиши шарт. Акс ҳолда тегишли қонунларимизда жавобгарлик белгиланган. Уй-жойни суғурта қилдиришни амалиётга кўпроқ киритиш керак. Ана шунда бу тоифадаги мурожаатлар камайиши муқаррар.
Сув қувурлари тортиш, йўлларни таъмирлаш, кўприклар қуриш ва зовуру ариқларни тозалаш каби мурожаатларни ҳал қилиш учун маблағ зарур. Бундай масалаларни ҳукумат дастурларига киритиш ёхуд маҳаллий бюджетдан маблағ топиш чораларини кўриш керак. Акс ҳолда бу масалаларни ечиб бўлмайди.
Аслида аксарият мурожаатга ечим топса бўлади. Бунинг учун ҳар бир давлат ва хўжалик бошқаруви органи масалага жиддий эътибор қаратиши шарт. Ана шунда фуқароларимизни ҳаётдан, раҳбарлардан рози қила оламиз. Халқ розилиги – фаолият бош мезони экан, ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмаслиги зарур.
Абдишукур ОМОНОВ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Китоб тумани Халқ қабулхонаси мудири