Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Янги корхона ижтимоий дафтарларга киритилган юзлаб хотин-қизларни иш билан таъминлади

Собир НАРЗИЕВ

14.12.2023


Янги корхона ижтимоий дафтарларга киритилган юзлаб хотин-қизларни иш билан таъминлади

Бандлик

Доимий иш ўрни - фақат маош олиш ва моддий даромад топиш манбаигина эмас. Бу инсоннинг ҳаётига мазмун бағишлайдиган, қолаверса, уни ва оиласи аъзоларини янги режалар ва мақсадлар сари бошлайдиган восита ҳамдир.

Шу жиҳатдан олганда жорий йилда Касби тумани марказида "Naxshab Tex Group" масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий тикувчилик корхонасининг ишга туширилиши юзлаб маҳаллий хотин-қиз учун айни муддао бўлди.

Умумий қиймати 22,3 миллиард сўмни ташкил этган ушбу корхонада замонавий технологиялар асосида йилига қарийб 5,5 миллион дона эркаклар, аёллар ва болалар кийим-кечаклари ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

- Корхонамизнинг асосий таъсисчиси "Sulton Tex Group" компанияси ҳисобланади, - дейди "Naxshab Tex Group"  МЧЖ раҳбари Ёрқин Авлаёров. - Бу компания текстиль саноатида катта тажрибага эга бўлгани учун ҳам ишни йўлга қўйишда деярли қийинчиликларга дуч келганимиз йўқ. Корхонага эса асосан ҳудуддаги "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ва "Темир дафтар"га киритилган ишсиз хотин-қизларни маҳаллалар тавсияси асосида ишга олишга эътибор қаратдик. Улар ишни қисқа муддатда ўзлаштириб олишди. Ҳозир бу хотин-қизлар тайёрлаётган маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилмоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, жорий йилда Касби туманида саноат йўналишида 5 та йирик лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган эди. Айни вақтга келиб улардан бири ўз фаолиятини бошлаган бўлса, қолган лойиҳалар бўйича ҳам амалий саъй-ҳаракатлар кетмоқда.

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.

Report typo