Унда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ННТМА) масъуллари, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган ННТлар раҳбарлари, давлат бошқаруви органлари ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Кенгайтирилган йиғилишда Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори Абдулазиз Абдуллаев ҳамда Ўзбекистон ННТМА Кенгаш раиси Абдумажид Каримов ННТларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, бугунги кундаги фаолияти, вилоятимиздаги ННТлар иши, улар томонидан амалга оширилаётган янги лойиҳалар борасида ўз фикрларини билдирдилар.
Маълумки, вилоятимизда ижтимоий шерикчилик асосида аҳолини тадбиркорликка ўргатиш, эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтожларни қўллаб-қувватлаш, соғломлаштиришга оид қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда. Тадбирда ана шу лойиҳалар самарадорлигини таъминлаш ва лойиҳалар йўналишлари қамровини кенгайтиришга оид тавсиялар билдирилди.
Ўтган йилнинг 10 сентябридан 10 октябригача Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан “ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатда кучли фуқаролик жамиятини барқарор ривожлантиришни таъминлашга ва ижтимоий шерикликни янада рағбатлантиришга қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги давлат грантларини ажратиш бўйича қўшимча танлов ўтказилган эди. Тадбирда ушбу танловда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган вилоятимиздаги 2 та ННТга махсус сертификатлар топширилди.
Х.ҚИЛИЧЕВА