Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

13.10.2018


ЯНГИ МАҲСУЛОТ – ИПАК МАТО ВА ШОЙИ ГИЛАМ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛАДИ

Сир эмас, айни пайтда юртимиз ипак саноатини янги босқичга кўтариш учун кенг кўламли ишларга қўл урилмоқда. Соҳа самарадорлигини ошириш, имкон қадар кам ресурс сарфлаб, инновацион усулларни қўллаган ҳолда кўпроқ “кумуш тола” ишлаб чиқариш чоралари кўрилаяпти. Ушбу жараённинг илк даврида қимматли хом ашёни етиштиришда иштирок этувчи пиллакорлар моддий манфаатдорлиги таъминланмоқда. Тармоқнинг озуқа, моддий-техника базаси янада мустаҳкамланаяпти. Илгари пилла етиштириш фақат бир мавсумдан иборат эди, эндиликда учтага етди. Ўз-ўзидан ўсишга нафақат ҳажм, балки сифат борасида ҳам эришилаётир.

Республикада ипак хом ашёсини етказиб берувчи муҳим ҳудуд саналган вилоятимиз мисолида қарасак, жорий йилда уч мавсум давомида воҳамиз пиллакорлари ипак қурти боқиб, ҳосил етиштириш билан машғул бўлди. Соҳада 450 нафар киши доимий, 8 минг киши мавсумий меҳнат қилмоқда. Пиллакорларга 38 минг қути уруғ тарқатилганди. Якунда 1 минг 800 тоннадан зиёд хом пилла тайёрланди. Бу 600 тонна атрофида қуруқ пилла дегани. Албатта, хом ашё тайёр маҳсулотга нисбатан арзон баҳоланади. Нима қилса, кўпроқ даромад олиш имкони мавжуд? Табиийки, у қайта ишлашга йўналтирилса, фойда ҳам 3-4 баробар, балки ундан ҳам зиёда бўлади. Бинобарин, оддий хомчўтга кўра, 600 тонна толадан 150 тоннадан ортиқ ипак-калава ишлаб чиқариш мумкин. Ҳозирги вақтда жаҳон бозорида 1 килограмм шундай маҳсулот нархи ўртача 40-60 АҚШ долларини ташкил этади.

Хўш, хом ашё захираси етарлича бўлган вилоятимизда пиллага саноат усулида ишлов бериш даражаси қониқарлими? Бунга “ҳа” деб жавоб бериш мумкин. Негаки иш бошлаганига яқинда беш йил тўладиган, Қарши шаҳридаги “Radiant Silk” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси қуввати бир йилда 450 тонна қуруқ пиллани қайта ишлашга мўлжалланган. Аён бўладики, фабрика дастгоҳларининг узлуксиз ишлаши учун ҳеч қандай монелик йўқ. Аввал корхона хом ашёни сотиб олган бўлса, ҳозир унга ўзи тўлиқ эгалик қилади. Яъни етиштирувчини уруғлик, бошланғич бадал пули, озуқа билан таъминлаб, охирида ундан хом пиллани тўлиғича қабул қилиб олади.

- Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан йўлга қўйилган бу амалиёт биз учун анча фойдали бўлди, ишлаб чиқариш жараёнида ягона занжир юзага келишига шароит яратди, - дейди корхона директори ўринбосари Толиб Қаландаров. – Энди хом ашёни етиштиришдан қайта ишлашгача бўлган барча босқичда қатнаша оламиз. Етказиб берувчидан сифат талаб қилишга ҳам ҳақлимиз. Натижада ишда унумдорлик юқори бўлаяпти. Имкониятимиздан самарали фойдаланаяпмиз. Хусусан, 2018 йилнинг 9 ойида 20 тоннадан кўп ипак-калава ишлаб чиқардик. Бозоримиз аниқ, маҳсулот чет эллик харидорлардан ортмайди. Ўтган йили қиймати 790 минг АҚШ долларидан зиёд маҳсулотни экспорт қилган бўлсак, жорий йилнинг айни давридаёқ бу кўрсаткичга эришдик. Экспортга йўллаш учун ҳали яна маҳсулотимиз бор. Йил сўнгигача мавжуд рақамни 4 миллион АҚШ долларига етказиш кўзланган.

Корхона масъулларининг билдиришича, одатда қуруқ пилланинг сифатсиз қисми йигиришда ишлатилмайди, чиқиндига чиқади. Бу ундан буткул фойдаланилмайди, дегани эмас. Чиқинди хом ашёдан ҳам бир неча турдаги ярим тайёр маҳсулот олиш мумкин. Жумладан, ипак момиғи, ип ва дағал мато шулар сирасига киради. Унга ҳам талаб бор, боз устига ташқи бозорда. Шу сабабли корхонада ишлаб чиқарилаётган бу маҳсулотлар ҳам фаол экспортга чиқарилмоқда.

Юқорида айтганимиздек, табиий гигиеник хусусиятга эга экани ҳамда экологик безарарлиги билан ажралиб туриши ипакнинг қадрини ошираяпти. Айни шу жиҳат пилла хом ашёсини чуқур қайта ишлашни ташкил этишни тақозо этмоқда. Замонавий технологиялардан фойдаланиб, ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш соҳанинг экспорт ортидан оладиган даромадини янада юксалтиришга кенг имкон беради. Аҳамиятлиси, корхона мутасаддилари бу борада аллақачон иш бошлаб юборган.

- Аввалданоқ асосий мақсадимиз ишлаб чиқаришнинг барча босқичини ишга тушириш эди, - дейди корхона цехи бошлиғи Камол Қурбонов.    – Аммо айрим омиллар бунга йўл бермаётганди. Эндиликда нафақат ўзимиз, балки хорижлик инвесторлар ҳам бунга хайрихоҳлик билдиришмоқда, истиқболли лойиҳани тезроқ рўёбга чиқариш пайида. Келгусида газлама тўқишни йўлга қўямиз. Яқин орада чет элдан тўқиш дастгоҳлари келтирилиши керак. Лойиҳамиз амалга ошса, йилига 500 минг погонаметр ипак мато ишлаб чиқара бошлаймиз. Бундан   ташқари, корхонамизда ипак гиламлар тўқишни ташкил этиш кўзда тутилган. Шу мақсадда йил охирига қадар 20 та янги ускуна ўрнатамиз. 2019 йилда эса қўшимча 50 та дастгоҳ олиб келамиз. Бунинг самарасида 50 та янги иш ўрни яратилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳага 30 миллион АҚШ доллари атрофида инвестиция киритилиши режа қилинган.  Унинг асосий қисми тўғридан-тўғри хориж сармояси бўлади.

Маълум бўлишича, бугунги пайтда корхонанинг янги ишлаб чиқариш цехини таъмирлаш, дастгоҳларни ўрнатишга мослаш ишлари жадал кетмоқда. Инвесторларни тез қарор қабул қилишга ундаган нарса эса ишлаб чиқарилажак маҳсулотнинг юқори экспортбоплик хусусиятидир. Кейинчалик корхона негизида замонавий технопарк барпо этиш мақсад қилинган. Бу эса ишлаб чиқаришни ягона занжирга бирлаштириш имконини беради. Юқори ҳосилдорликка эга янги тутзорлар ташкил қилинади. Чет эллик инвесторлар ана шундай таклиф билан чиққан.

Яна бир муҳим жиҳати, мазкур субъект вилоятимизнинг ипак қурти уруғига бўлган талабини тўлиқ ички имконият ҳисобидан қоплаш борасида иш олиб бораяпти. Гап шундаки, бироз аввал пойтахтимизда ўтган учрашувда  “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Шандун провинциясидаги “Shandong Guantong Silkworm Eggs Co” компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланганди. Мазкур компания дунёнинг кўп давлатларига ипак қурти уруғини экспорт қилади. Эътиборлиси, Чин юрти ишбилармонлари мамлакатимизда пиллачилик тармоғининг ипак қурти уруғи ишлаб чиқариш соҳасига инвестиция киритмоқчи. Бу тадбирда компания ва Қарши шаҳридаги “Radiant Silk” қўшма корхонаси ўртасида келишув баённомаси тузилган.

Унга кўра, вилоятимизда 2019 йилда 20 минг қутидан бошланиб, 2021 йилда 150 минг қутигача ипак қурти уруғи ишлаб чиқариш қувватига эга қўшма корхона барпо этилади. Бунинг учун Шаҳрисабз шаҳри танланган. Корхона масъулларининг таъкидлашича, асосий мақсад четдан уруғ олиб келинишига чек қўйиш ва уруғ импортини тўхтатиш ҳамда келажакда ўзимизда ишлаб чиқарилган уруғларни экспорт қилишдир. Натижада қўшимча равишда 100-150 доимий, 300-400 мавсумий ишчининг меҳнат билан бандлиги таъминланади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар.

Собир Нарзиев олган суратлар.

 

 

Report typo