Унинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Баҳодир Қодиров ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда Юртбошимиз раҳнамолигида ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук қилиб тарбиялаш, ёшларнинг ижодий-интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, жойларда одамларнинг маданий ҳордиқ олиши учун барча зарур шароитлар яратилаётганини, фойдаланишга топширилаётган мазкур маданият ва аҳоли дам олиш маркази ана шу эзгу ишларнинг бир намунаси эканини таъкидладилар.
Қайд этиш ўринли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги “2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мазкур марказда 575 миллион сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилди. Янгиланган марказда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун 150 ўринли концерт зали ҳамда ансамбль ва бадиий гуруҳлар учун барча шароит яратилган.
Марказ раҳбари Раҳматилла Йўлдошевнинг айтишича, бу ерда хореография, ёш рассомлар, бичиш-тикиш, карнай-сурнай ва рубоб чолғучилиги, бахшичилик ва миллий кураш тўгараклари, фольклор-этнографик жамоалар фаолият олиб бориши режалаштирилган.
Б.ЖОНИМОВ