Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жамшид ПИРМАТОВ

24.01.2017


ЯНГИ ҚОНУН ВА ЯНГИ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАР

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан муҳокама қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини мустаҳкамлаш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг масъулиятини кучайтириш, ушбу соҳада қабул қилинаётган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Қайд этиш жоизки, истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб Президентимиз томонидан мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб келинмоқда.

Соғлом она ва бола йили муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурида ҳам ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган эди.

“Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун лойиҳасида ёшлар тадбиркорлигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар бериш, мазкур йўналишда дастурлар ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган нормаларга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда.

Шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи давлат органлари алоҳида белгиланиб, уларнинг ваколатлари мустаҳкамлаб қўйилди. Бу борадаги давлат дастурлари ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини рўёбга чиқариш, ҳуқуқий тарғибот, ёшлар орасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик масалаларига оид нормалар кўзда тутилаяпти.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатлар, жумладан, ёшларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, ёшларга таълим бериш сифатини ошириш, уларни ишга жойлаштириш ва бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Айни пайтда мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар касб танлаш, таълим олиш ва битирувчиларнинг муносиб иш ўринларига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитларни яратишга қаратилган механизмлар кўзда тутилмоқда.

***

Маълумки, Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ички ишлар органларининг, биринчи навбатда, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги мақоми, фаолият шакли ва усулларини аниқлаштириш, шу мақсадда алоҳида қонун қабул қилиш зарурлигини таъкидлаб ўтган эди.

Шундан келиб чиқиб, мутасадди идоралар томонидан экспертларни ҳамда кенг жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида атрофлича муҳокама қилинди.

Депутатлар қайд этганидек, қонун лойиҳаси ички ишлар органларининг асосий вазифа, фаолият йўналишлари ва принциплари ҳамда уларнинг ваколат ва мажбуриятлари, шунингдек, ушбу идораларда хизмат ўташ тартиби ва шартлари, ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси яхлит ҳужжатда мужассам этилаётганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.

Ички ишлар органлари фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки ҳимоя қилинишини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика ишларини самарали амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Чунки унда ички ишлар органлари ҳуқуқий мақоми яхлит қонун даражасида тартибга солиниб, уларнинг ташкилий тузилмалари, вазифалари ва фаолият тамойиллари ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, давлат ва жамиятдаги ўрни ва роли аниқ белгилаб берилмоқда.

Қонун лойиҳасида жойларда – маҳалла, қишлоқ ва овулларда фуқаролар хавфсизлиги, жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашишда жамоатчилик билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, бу ишларга “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмасини ҳам жалб этиш назарда тутилган. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши юртимизда тинч ва осуда ҳаётни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги, мол-мулкини ғайриқонуний тажовузлардан ҳуқуқий ҳимоя қилиш чора-тадбирларини янада самарали ташкил этишга хизмат қилиши таъкидланмоқда.

Айниқса, ички ишлар органларининг ижро ҳокимияти тизимидаги ўрни, тизимга хизматга қабул қилиш ва уни ўташнинг умумий шартлари ва қоидалари, ходимларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоялаш чоралари акс эттирилган нормалар жорий этилиши мўлжалланган. Жумладан, ходимларга вазирликнинг тиббий муассалаларида бепул тиббий ёрдам кўрсатиш, ходимнинг мулкига унинг хизмат фаолияти билан боғлиқ етказилган зарарни қоплаш, имтиёзли давлат пенсия таъминоти, шунингдек, давлат суғуртасини амалга ошириш билан боғлиқ моддалар қонун лойиҳасининг ижтимоий аҳамиятини оширади.

Шуни эътироф этиш керакки, қонун лойиҳасида таклиф этилаётган нормалар эркинлик, адолат, қонун устуворлиги каби ижтимоий қадриятларни демократик ҳуқуқий давлат қуриш жараёнига сингдиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, қонун лойиҳасида айнан ҳуқуқий тартибга солишнинг хорижий ва миллий тажрибаси инобатга олинган.

***

“Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таъсирчанлигини ошириш ва қонун ҳужжатларида мавжуд камчиликларни бартараф этиш нуқтаи назаридан янги таҳрирда ишлаб чиқилмоқда. Қонун лойиҳаси биологик хилма-хилликнинг ажралмас қисми сифатида ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар генофонди комплекс равишда муҳофаза қилинишини таъминлашни назарда тутади. Унда давлат органларининг ваколатлари аниқ кўрсатиб қўйилмоқда ва ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш юзасидан уларнинг вазифалари белгилаб берилмоқда. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишга қаратилган таъсирчан чора-тадбирларни амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирок этишига оид нормалар мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Қонун лойиҳасини маромига етказиш жараёнида лойиҳа парламент қуйи палатасидаги “Демократик кучлар блоки” ҳамда мухолиф фракцияларнинг мажлисларида кенг муҳокамалардан ўтди, ҳар бир партия фракцияси ўз электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат юзасидан ўзларининг нуқтаи назарини шакллантиришди. Депутатларнинг таклифлари асосида қонун лойиҳаси “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид талаблар” деб номланган янги боб ҳамда ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни келишиб олишга, ўсимлик дунёсининг ҳолатига таъсир кўрсатадиган фаолиятга доир талабларга, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат экологик экспертизасини ўтказишга доир моддалар билан тўлдирилди.

***

Умуман олганда, мазкур қонунларнинг қабул қилиниши жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Жамшид ПИРМАТОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати

Report typo