Жорий йилда Қарши шаҳрида янги - РК-5 марказий қозонхонаси ва иссиқлик тармоқларининг қурилиши натижасида вилоят марказидаги Чўлқувар ва Истиқлол маҳаллаларида 54 та кўп қаватли уйдаги 2 минг 160 та хонадонга иссиқлик энергияси етказиб бериш йўлга қўйилади.
Бу ҳақда таҳририятимизга вилоят "Иссиқлик манбаи" ДУК раҳбари Қаҳрамон Жўраев маълум қилди.
- Хабарингиз бор, кейинги йилларда мамлакат Президентининг бевосита ташаббуслари ва алоҳида топшириқлари асосида вилоятимизда кўплаб ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектлар, шу жумладан, иссиқлик таъминоти иншоотлари ва тармоқлари барпо этилган, - деди Қ.Жўраев. - Масалан, давлат раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ республика бюджетидан ажратилган 29,8 миллиард сўм ҳисобидан Қарши шаҳридаги Шўртангаз маҳалласида қуввати 14 мегаваттга тенг РК-4 қозонхонаси ва 4,8 километр узунликдаги иссиқлик тармоқлари ишга туширилди. 38 та кўп қаватли уйда яшовчи минглаб оилаларнинг хонадонлари иссиқлик энергияси ва иссиқ сув билан таъминланди. Вилоят марказидаги Шодлик маҳалласида қуввати 18 мегаваттни ташкил қиладиган РК-3 қозонхонаси ва 7,4 километрлик иссиқлик тармоқларини қуришга эса республика бюджетидан 42,3 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Бу Шодлик ва Истиқлол маҳаллаларидаги яна 54 та уйга иссиқлик энергиясини етказиб бериш учун зарур шарт-шароитлар яратди. Навбатдаги лойиҳа Қарши шаҳридаги Буюк Турон маҳалласида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан рўёбга чиқарилди. У ерда қурилган 4 мегаваттли қозонхона ва 2,1 километр узунликдаги иссиқлик тармоқлари 10 та кўп қаватли уйда яшовчи аҳолининг мушкулини осон қилди. Шу ўринда Чўлқувар маҳалласида бунёд этиладиган янги объектларни соҳада амалга оширилаётган тизимли ишларнинг мантиқий давоми, деб аташ мумкин.
Президентнинг 2024 йил 24 декабрдаги қарори билан тасдиқланган манзилли рўйхатда қайд этилишича, Қарши шаҳри Чўлқувар ва Истиқлол МФЙларда янги қозонхона ва 12 километр иссиқлик тармоқларини қуришга қарийб 38,5 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилган. Айни пайтда мазкур рўйхатда Косон туманидаги Дўстлик ва Қарши туманидаги Чаман маҳаллалари ҳудудидаги "Янги Ўзбекистон" массивларида иссиқлик тармоқлари қурилишини давом эттириш учун тегишли равишда 2 миллиард сўм ва 8,6 миллиард сўм йўналтирилиши кўрсатиб ўтилган.
Темур НИЗОМОВ