Сир эмаски, бугун давр мавжуд имконият ва ресурслардан самарали фойдаланишни, юқори иқтисодий-ижтимоий аҳамияти билан ажралиб турувчи янги тармоқларни жадал тараққий эттиришни талаб этмоқда. Тадбиркорлар томонидан илгари сурилаётган бизнес лойиҳаларда ҳам ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор берилаётгани аҳамиятлидир. Қарши шаҳрида фаолият юритаётган “Qarshi leather” Ўзбекистон-Исроил-Хитой қўшма корхонасида ҳам ишлар шу йўналишда олиб борилаяпти. Бу ерда ноозиқ-овқат саноатининг муҳим хомашёси саналган, жаҳон бозорида анча харидоргир бўлган тайёр чарм ишлаб чиқаришни ташкил этиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтиш жоизки, бироз аввал Президентимиз вилоятимизга қилган ташрифи давомида мазкур лойиҳа билан танишган, қўшма корхона таъсисчилари ва хорижлик инвесторлар билан суҳбатлашганди. Мулоқот давомида Юртбошимиз мутасаддиларга корхонада ишлаб чиқаришни самарали ташкил этиш, ташқи бозорни ўрганиб, экспорт географиясини мунтазам кенгайтириб бориш бўйича қимматли тавсияларини берганди.
Ўз навбатида ушбу лойиҳа юқори истиқболга эга эканини ҳам айтиб ўтиш керак. Боиси, чорвачилик вилоятимиз қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоғи саналади. Маълумотларга кўра, ҳудудда ҳар йили ўртача 1 миллион 200 минг донадан ортиқ тери йиғиб олиш имкони мавжуд. Яъни, ресурс сероб. Бироқ бу қимматбаҳо хомашё вилоятнинг ўзида қайта ишланмасдан қолаётганди. Замонавий корхонанинг ишга тушиши билан эса бу муаммо ўз ечимини топди.
- Умумий қиймати 14,5 миллион АҚШ долларига баҳоланган ушбу лойиҳамизни 3 босқичда амалга ошириш мўлжалланган, - дейди қўшма корхона ижрочи директори Фарҳод Панжиев. - Аввалига терини қайта ишлаб, чарм тайёрлашни йўлга қўямиз. Корхонамизда йилига 750 минг йирик ва 900 минг майда мол терисига ишлов берилади. Ундан 250 миллион квадрат дециметр чарм олинади. Бунда Хитой технологиясидан фойдаланилади. Кейинги босқичда чармни бўяш цехи ишга тушади. Якуний паллада эса пойабзал, чарм-атторлик буюмлари каби бир неча турдаги тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга киришилади. Натижада корхонада 300 дан ортиқ иш ўрни яратилиб, уларга асосан коллеж битирувчилари қабул қилинади.
Айтиш ўринлики, юртимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани, чет эл инвесторларининг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ кафолатлангани мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи йўналишларига сармоя киритиш истагида бўлган хорижий ишбилармонларга қўл келаяпти. Улар ҳеч бир иккиланишсиз муҳим лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда бевосита иштирок этаяпти. Исроиллик ва хитойлик сармоядорлар томонидан “Qarshi leather” қўшма корхонасида терини қайта ишлаб, тайёр чарм ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида қарийб 10 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирилгани фикримизнинг тасдиғидир.
- Ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жалб этмай туриб, бугунги бозор шароитида маҳсулотнинг рақобатбардошлиги ва экспортбоплигини таъминлаш мушкул, - дейди хитойлик технолог Ванг Мин. – Барча жадал ривожланаётган мамлакатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам бу жиҳатга устувор аҳамият қаратилаяпти. Умумий майдони 4,52 гектар бўлган ушбу корхона ҳудудида барпо этилаётган ишлаб чиқариш цехлари ҳам энергиятежамкор ва юқори самарали ускуналар билан жиҳозланаётгани бунга ёрқин мисолдир. Мазкур дастгоҳлар дунёнинг номдор фирмалари томонидан ишлаб чиқарилган. Эътиборлиси, цехларда барча жараёнлар компьютерлаштирилган тизимда кечади. Табиийки, бундай юксак технологиялар билан ишлаш учун малакали кадрлар талаб этилади. Шу мақсадда келгусида корхонанинг бир қанча ишчиларини тажриба алмашиш учун хорижга ўқишга жўнатиш мақсад қилинган.
Қўшма корхона мутасаддиларининг билдиришича, айни вақтда хомашё жамлаш бошлаб юборилган. Мавжуд қувватни эътиборга олиб, корхонага нафақат воҳамиздан, балки қўшни вилоятлардан ҳам тери келтириш мўлжалланмоқда. Тез фурсат ичида бу ерда терини қайта ишлашга киришилади. Биринчи босқичнинг ўзидаёқ хорижга 40 миллион долларликдан зиёд чарм экспорт қилиниши режалаштирилган. Бора-бора экспорт ҳажмида тайёр маҳсулотлар, жумладан, пойабзал, чарм-атторлик маҳсулотлари асосий улушни ташкил этиши кўзда тутилган.
Яна бир жиҳати шундаки, бугунги кунда маҳаллий тадбиркорлар вилоятимиз аҳолисининг чармдан тайёрланган маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қоплай олмаяпти ва бу борадаги тегишли кўрсаткич жуда пастлигича қолмоқда. Бу эса ишлаб чиқариш учун зарур чармнинг тақчиллиги билан изоҳланар эди. Юқорида тилга олинган истиқболли лойиҳанинг муваффақиятли рўёбга чиқарилиши билан эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳам мазкур хомашё билан узлуксиз таъминлаш имконияти кенгаяди. Натижада ички бозор ўзимизда тайёрланган, таннархи арзонлаштирилган сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдирилади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Суратларда: қўшма корхона фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.