Маълумки, халқнинг барча моддий ва маънавий бойликлари Ватан тушунчасида жамланади. Дунё халқлари тарихида Ватандан фақат жабр кўрганларгина чиқиб кетган, ўзларига ором ва тинчликни ўзга юртлардан ахтарганлар. Бугунги кунда эса миграция деган тушунча кенг тарқалганки, унинг турли сабабларга кўра содир бўлиши кузатилмоқда. Айниқса, ноқонуний миграция халқ, миллат турмушига аянчли оқибатлар олиб келиши ҳозирда барчага яхши аён бўлиб қолди.
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Исоқ Тўраев режиссёрлигидаги томошада хорижга маблағ орттираман деб йўл олган ва адашган кимсаларнинг ҳаётида содир бўлган фожиавий қисматлари тасвирланган бўлиб, унда ноқонуний миграция касофатларининг бадиий ечимлари ўз ифодасини топган. Бу аянчли оқибатлар халқнинг тинчлик ва саломатлигига жиддий хавф солиши, миллий ҳамжиҳатлик, минг йиллик анъана ва қадриятлар, меҳр-оқибатга завол етиши кабиларда намоён бўлаётгани, ёш ватандошларимиз умрининг бевақт хазон бўлиши, тинч оилалар парокандаликка юз тутиши, ношукурлик - буларнинг ҳаммаси ноқонуний миграция таъсири экани томоша давомида тажрибали актёрлар ижросида моҳирона кўрсатиб берилган.
Спектакль томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Азизбек НОРОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.