Кодекснинг 1-моддасида белгиланганидек, мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни ва транспорт воситаларини олиб ўтиш, божхона тўловларини ундириш, божхона расмийлаштируви, божхона назоратини амалга ошириш, шунингдек божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳолларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш тартибини белгилаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
Аслида юқорида қайд этилган муносабатлар авваллари ҳам божхона соҳасига оид қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган. Фарқли жиҳати шундаки, улар бир ҳужжат доирасида жамланмасдан, бир нечта ҳужжатларда ўз аксини топган ва янги таҳрирдаги Божхона кодексида бу тартиб-қоидалар жамланди.
Мисол учун, божхона соҳасининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланган божхона тўловлари Божхона кодекси, “Бож тарифи тўғрисида”ги Қонун ва бошқа бир қанча қонун ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинаётганди. Биргина “Бож тарифи тўғрисида”ги Қонуннинг ўзига 14 марта тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганди. Божхона соҳасида юзага келаётган баҳсли муносабатларни одилона ҳал қилиш учун эса турли норматив ҳужжатларга мурожаат қилишга тўғри келиб қолар, қолаверса, айрим операциялар суд жараёнларида турлича талқин этилган ҳоллар ҳам учраб турарди. Янги таҳрирдаги кодекс божхона соҳасидаги деярли барча қонун ва қонуности ҳужжатларини ўзида жамлади. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларига бир қанча енгилликлар яратиб, эндиликда тадбиркор-ишбилармонлар божхона соҳасида ўзларини қизиқтираётган йўналишлар бўйича бир қанча норматив ҳужжатларга мурожаат қилмасдан, биргина Божхона кодексидан ўзларини қизиқтирган масала, савол бўйича жавоб топишлари мумкин бўлади.
Божхона тўловлари тўланишининг таъминланиши юзасидан тадбиркорларга енгилликлар яратиш мақсадида янги усуллар жорий қилинди. Масалан, аввалги Божхона кодексининг 111-моддасига мувофиқ, божхона тўловларини тўлаш товарлар ва транспорт воситаларини гаровга қўйиш, учинчи шахснинг кафолати ёхуд тегишли суммаларни божхона органининг депозит ҳисобварағига ўтказиш йўли билан таъминланарди. Янги таҳрирдаги Кодекснинг 339-моддасига асосан эса божхона тўловлари тўланишини таъминлаш тўловчининг танловига кўра қуйидаги исталган усуллар орқали амалга оширилади:
пул маблағларини божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига киритиш;
товарларни гаровга қўйиш;
банк кафолатини тақдим этиш;
божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаш;
кафиллик.
Кодекснинг 345-моддасига асосан Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш сифатида тўловчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш шартномасига кўра суғурталовчининг мажбуриятлари кучга кирганини тасдиқловчи суғурта полиси қўлланиши мумкин.
Суғурта полиси билан тасдиқланадиган божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммасининг миқдори тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг ва фоизларнинг суммасидан кам бўлмаслиги керак. Мазкур тартиб юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳисобида божхона тўловларини тўлаш бўйича етарлича маблағлар бўлмаган тақдирда ҳам божхона расмийлаштирувини амалга оширишга ёрдам беради.
Маълумки, қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари одатда энг баҳс-мунозарали ҳолат ҳисобланади. Ушбу йўналишда ҳам тадбиркорларга бир қанча енгилликлар яратилди.
Аввалги Божхона кодексининг 112-моддасига асосан, тўланмаган божхона тўловлари божхона органи томонидан сўзсиз тартибда ундирилиши белгиланган. Бундан ташқари, 113-моддага мувофиқ ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари бундай тўловлар тўланган ёки ундирилган пайтдан эътиборан бир йил ичида тўловчининг талабномаси бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қайтарилиши ёхуд бўлғуси тўловлар ҳисобига ўтказилиши лозимлиги белгиланган.
Янги таҳрирдаги Божхона кодексининг 350-моддасига асосан эса тўловчи томонидан эътироз мавжуд бўлган қўшимча ҳисобланган божхона тўловларини ундириш суднинг божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори асосида амалга оширилади. Шунингдек, 353-моддага мувофиқ ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари шундай тўловлар тўланган ёхуд ундирилган пайтдан эътиборан уч йил ичида қайтарилиши ёки дастлабки пул маблағлари ҳисобига ўтказилиши лозим.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Божхона кодексида тижорат ва нотижорат мақсадларидаги транспорт воситаларини, шунингдек, товарларни божхона чегарасидан қувур транспорти ва электр ўтказувчи линиялар орқали олиб ўтиш тартиби анча мақбуллаштирилган. Божхона назоратининг янги шакллари жорий этилган. Жумладан, божхона назорати маълумотлар олиш, божхона кўздан кечируви, товарлар махсус белгилар билан маркаланганини текшириш, божхона кузатуви, товарлар чиқарилгандан кейинги божхона назорати каби янги шакллар билан тўлдирилган.
Юқоридаги меъёрлар, албатта, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши юзасидан назоратнинг кучайтирилишига олиб келади. Бундан ташқари, ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларини қайтариш муддатининг узайтирилиши уларнинг ўз ҳуқуқларини амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтиради.
Собир ХОЛМУРОДОВ, вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати катта инспектори.