Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддаси.
Модернизация
Косон туманидаги "Косон дон маҳсулотларини қабул қилиш" масъулияти чекланган жамиятида янги тегирмон цехи фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси масъуллари, туман ҳокимлиги мутасаддилари, корхона жамоаси ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, айни пайтда мамлакатимиздаги ун ишлаб чиқарувчи корхоналарни тубдан модернизация қилиш, уларнинг қувватини ошириш, сарф-харажатларни камайтириш, юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга эришиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида "Ўздонмаҳсулот" АК тасарруфидаги 12 та корхонада умумий қиймати 16,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган эди. "Косон дон маҳсулотларини қабул қилиш" МЧЖга янги тегирмон цехининг ўрнатилиши ҳам улардан бири ҳисобланади.
- Мазкур технология Туркияда ишлаб чиқарилган бўлиб, ресурс тежамкорлигига эришиш, маҳсулот сифатини ошириш борасида жуда катта қулайликларга эга, - дейди "Косон ДМҚҚ" МЧЖ раиси Ўлмас Равшанов. - Мисол учун, эски тегирмонимиз ёрдамида бир кунда 60 тонна буғдой қайта ишланган бўлса, янги технология суткасига 120 тонна буғдойни қайта ишлаб, 90 тонна юқори навли ун олиш имконини беради. Сарфланаётган электр энергияси ҳажми 20-25 фоизга камаяди. Пировард натижада эса маҳсулот таннархини пасайтиришга эришамиз.
Тадбир сўнгида корхона томонидан ҳудудда истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган фуқароларга ҳомийлик ёрдами кўрсатилди ҳамда узоқ йиллардан буён корхонада фаолият кўрсатиб келаётган фаол ходимларга эсдалик совғалари топширилди.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.