Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Фарҳод МИРЗАЕВ

22.02.2018


ЯНГИ ТЕХНОЛОГИК ЖИҲОЗЛАР

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 20 мартда рўйхатга олинган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда асқатадиган муҳим жиҳатлар мавжуд. Яъни ишбилармон қарор билан тасдиқланган (Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар) рўйхатга киритилган қарийб 100 турдаги технологик жиҳозлар, бутловчи буюм ва эҳтиёт қисмларни четдан импорт асосида олиб келтирганда, божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши белгиланган.

Маълумотларга кўра, 2017 йилда вилоятимиз ҳудудида фаолият юритувчи 50 га яқин ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан айнан ушбу қарор билан тасдиқланган рўйхатда кўрсатилган қиймати 89,3 миллион АҚШ долларилик технологик жиҳозлар, бутловчи буюм ва эҳтиёт қисмлар 339 партияда импорт қилинди. Асосийси, мазкур маҳсулотларга 112,8 миллиард сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган. Шундан 7,03 миллиард сўми божхона божи, 105,7 миллиард сўми қўшилган қиймат солиғини ташкил этади.

- Хитой Халқ Республикасидан шартнома асосида полиэтилен хомашёсидан труба маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконини берувчи қиймати 105 минг АҚШ долларилик технологик жиҳозларни олиб келдик, - дейди “Odil Rayimqulov Komilovich” МЧЖ раҳбари Комилжон Райимқулов. - Ҳозирги кунда улар ўрнатилиб, корхонамизда ишлаб чиқаришни бошлаш арафасидамиз. Технологик жиҳозларимиз тегишли рўйхатда мавжудлиги сабабли бизга қарийб 65 миллион сўм миқдорида божхона имтиёзлари қўлланилди.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, мазкур қарорда белгиланганидек, импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғи тўлови бўйича имтиёзлар ушбу рўйхатга ТИФ ТН кодлари киритилган янги технологик ускуналарга қўлланилади ҳамда бутловчи ва эҳтиёт қисмларга, агарда улар контракт (шартнома)га мувофиқ технологик жиҳозлар билан бирга ажралмас қисми сифатида етказиб берилган тақдирда татбиқ қилинади. Янги технологик ускуна деганда эса “эркин муомалага чиқариш” божхона режимида божхона расмийлаштируви вақтида ишлаб чиқарилган йилига 3 йилдан кўп бўлмаган технологик ускуна тушунилади.

Шунингдек, олиб келинадиган технологик жиҳозларнинг ишлаб чиқарилган йилини тасдиқлаш учун “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига божхона расмийлаштируви пайтида олиб киритилаётган технологик жиҳознинг ишлаб чиқарилган йилини тасдиқловчи ишлаб чиқарувчи заводнинг техник паспорти ёки жиҳозларнинг улар томонидан ишлаб чиқарилганлиги, жумладан, ишлаб чиқарилган йили тўғрисидаги тегишли маълумотларни ўз ичига олган ишлаб чиқарувчининг ҳужжати тақдим этилади.

Албатта, тадбиркорлар бу қулайликлардан ҳар томонлама баҳраманд бўлишмоқда. Бу эса миллий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда, халқимизни сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлашда ҳамда ташқи савдони ривожлантиришда катта имкониятларни юзага келтираётир.

Фарҳод МИРЗАЕВ,

вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи

Report typo