Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ХУДОЙБЕРДИЕВ

07.07.2018


ЯНГИ ТУЗИЛМА - “СОЛИҚ-СЕРВИС”НИНГ ВАЗИФАСИ НИМАДАН ИБОРАТ?

Аввало, “Солиқ-сервис” ДУК солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда техник жиҳатдан кўмаклашади. Шунингдек, ҳисоботлар ва декларацияларни қабул қилиш бўйича солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш юзасидан давлат солиқ хизмати органларига амалий ёрдам беради, давлат солиқ хизмати органларининг автоматлаштирилган ахборот тизими техник, дастурий ва ахборот таъминотини бошқаради, давлат солиқ хизмати органлари фаолияти натижасида юзага келадиган ҳужжатларни қоғоз ва электрон шаклда марказлашган ҳолда архивда сақлайди. Бундан ташқари, ушбу тузилма “call-марказ” махсус сервиси орқали аҳолига ахборот тақдим этиш хизматини ҳам кўрсатади.

Шунингдек, мазкур корхона солиқ тўловчиларни электрон ҳисобварақ-фактураларни юритиш қоидалари бўйича ўқитиш, уларга солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини етказиш, ахборотни ҳимоя қилиш, давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг билим ва малакасини ошириш юзасидан иш олиб боради.

Қолаверса, “Солиқ-сервис” ДУК маълумотларни қайта ишлаш маркази ишини тубдан такомиллаштириш, жумладан, солиқ тўловчилар учун янги дастурий маҳсулотлар ва сервисларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Бир сўз билан айтганда, янги ташкил этиладиган тузилма аҳолида солиқ тўлаш маданиятини юксалтиришга, шу билан бирга, давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг солиқ тўловчиларга ўз вақтида сифатли хизмат кўрсата олишига яқиндан ёрдам беради.

Ш.ҚУРБОНОВ,

Шаҳрисабз тумани ДСИ бошлиғи

ИЛFОР ТЕХНОЛОГИЯ САБАБ МАСАЛА ТЕЗ   ЕЧИМ ТОПАДИ

Барча соҳаларда бўлгани каби солиқ тизимида ҳам аҳолига ахборот технологиялари орқали хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса солиқ тўловчиларнинг ортиқча оворагарчиликларга дуч келишига чек қўйиб, уларнинг вақти ва маблағини тежашга имкон беради.

2019 йил 1 январдан эътиборан давлат солиқ хизмати органлари хизмат кўрсатиш, савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ягона солиқ тўловини, ягона ер солиғини, юридик шахслардан ер солиғини ҳисоблаш тарзида солиқ тўловчиларга сервис хизматлари кўрсатади.  Шунингдек, бу хизмат бошқа ташқи манбалар асосида декларация қилинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблашга ҳам татбиқ этилади. Ўз навбатида ҳисобланган солиқлар суммаси ҳақида солиқ тўловчининг “шахсий кабинети” орқали хабарнома юборилади.

Солиқ тўловчининг “шахсий кабинети” орқали хизмат кўрсатиш солиқ идоралари билан боғлиқ масалалар тез, осон ва шахснинг аралашувисиз ечим топишига хизмат қилади.

А.САРИҚОВ,

Қамаши тумани ДСИ бошлиғи

СОЛИҚ ҚАРЗИ ПЛАСТИК КАРТОЧКАДАН КЕСИБ ОЛИНАДИ

Бугунги кунда вилоятимизда 508 минг нафардан зиёд солиқ тўловчи жисмоний шахслар мавжуд. Солиқларни ўз вақтида тўлаб, фуқаролик мажбуриятини тўла адо этаётган шахслар кўпчиликни ташкил этади. Шу билан бирга  солиқлардан бўйин товлаётганларнинг борлиги ачинарли. Натижада давлат олдида қарздорлик вужудга келмоқда. Президентимизнинг “Давлат солиқ хизмати органлари   фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан жорий этилган янгилик мана шундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.

Эндиликда солиқ органларига юзага келган солиқ қарздорлигини солиқ тўловчи-жисмоний шахсларнинг пластик карталарига хизмат кўрсатувчи банк ҳисобварақларидан ойига энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдоридан кўп бўлмаган суммада сўзсиз кесиб олиш ҳуқуқи берилди. Бу ўз навбатида қарздорликни ундиришга, унга қўшимча ҳисобланадиган пеня суммаларининг ортиб кетмаслигига хизмат қилади.

Хулоса шуки, жорий этилаётган янгилик солиқ хизмати органи ходими иш самарадорлигини ошириш, маблағларни ўз вақтида давлат бюджетига туширишга имкон беради.

М.ЗИЁТОВ, Қарши тумани ДСИ бошлиғи

ЮРИДИК ШАХСНИНГ БАНК ОПЕРАЦИЯСИНИ ТЎХТАТИШ НЕГА КЕРАК?

Маълумки, солиқ тўловчи юридик шахслар томонидан тақдим этилган ҳисоботларда уларнинг товар айланмаси, ишчилар сони, олинган даромадлар ва бошқа маълумотлар ўрин олган бўлиб, бу солиқларни ҳисоблашга асос бўлади. Давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилган ҳисоботлар камерал назоратдан ўтказилади. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан солиқ тўловчига талабнома берилади.

Камерал назорат солиқ тўловчи томонидан белгиланган тартибда тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботини, шунингдек, солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органидаги мавжуд бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида, солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан давлат солиқ хизмати органи жойлашган ерда амалга оширилади.

Давлатимиз раҳбарининг “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан бу борада амалдаги тартибларга муҳим ўзгартириш киритилди.

Эндликда давлат солиқ хизмати органларига солиқ тўловчи қайд этилган манзилда бўлмаган, шунингдек, солиқ тўловчи томонидан солиқ ёки молиявий ҳисобот, камерал назорат натижалари юзасидан тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаган ҳолларда солиқ тўловчи-юридик шахсларнинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларини тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилди.

Бу эса давлат солиқ хизмати органлари билан хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги маълумотлар алмашинуви яхшиланишига, улар томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишига барҳам беришга замин ҳозирлайди.

М.ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Муборак тумани ДСИ бошлиғи

Report typo