Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

20.03.2018


ЯНГИ УЙ - ҲАРБИЙЛАРГА МУНОСИБ БАЙРАМ СОВҒАСИ БЎЛДИ

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Жумладан, замонавий ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш ва реконструкция қилиш, ана шу объектларда энг юксак талабларга ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари эҳтиёжларига жавоб берадиган қулай   ижтимоий-маиший шароит ҳамда    инфратузилмаларни яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга 4 қаватли, 48 хонадонга мўлжалланган, 2 ва 3 хонали, кенг ва ёруғ хизмат  уйининг калитлари топширилиши ҳам ана шу ғамхўрликнинг яна бир ифодаси бўлди.

- Асли Тошкент шаҳриданмиз, - дейди майор Умид Носировнинг турмуш ўртоғи Ақида Носирова. –  Уч нафар фарзандимиз бор. Замонавий талаблар асосида бунёд этилган уйнинг уч хонали хонадони бизга берилгани барчамизни қувонтирди. Бу ерда бир оила тўкис яшаши учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Айниқса, болалар хонаси ва ошхона менга янада манзур бўлди.

Янги хонадон эгаларининг қувончига ҳамоҳанглик касб этган тадбир Наврўз сайлига уланиб кетди. Шу куни ҳарбий шаҳарча ҳудуди байрамона тус олди. Вилоятимиз санъаткорлари, фольклор-этнографик гуруҳлар, ёш истеъдод эгаларининг чиқишлари дилларга шодлик улашди. Байрам баҳонасида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисмлар ўртасида “Ош чемпионати” ташкил этилди. Унда ошпазлик борасида энг моҳир ҳарбий хизматчилар асл миллий таомимиз бўлмиш палов тайёрлаш, чиройли кўринишда дастурхонга тортиқ қилиш бўйича баҳслашди. Йиғилганларга сумалак ва    бошқа баҳорий таомлар улашилди.

Шу куни ҳарбий шаҳарчада китоблар кўргазмаси ва озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган ярмарка савдоси ҳам ташкил этилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев сўзга чиқди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

 

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.

Report typo