Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сожида АЛЛАЁРОВА

25.06.2019


ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИ ҚАМРОВИ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги давлат тест маркази вилоят бўлими бошлиғи Бектош Шодиев қуйидагиларни гапириб берди.

ҚАБУЛ КВОТАСИ 20 ФОИЗГА ЎСДИ

- Жорий йилги қабул жараёнида абитуриентлар учун кўплаб янгиликлар ва қулайликлар яратилди. Айниқса, Президент ташаббуси билан Республика олий таълим муассасаларига қабул квоталарининг қарийб 20 фоизга оширилгани қўшимча тарзда яна 120 мингдан ортиқ ўғил-қизнинг талабаликка қабул қилинишига замин ҳозирлайди.

Статистик маълумотларга кўра, ўтган йили вилоятимиздаги ОТМга жами бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича 51 минг 529 нафар абитуриентдан ҳужжатлар қабул қилинган. Шундан 4 минг 220 нафарига талабалик бахти насиб этган. Бу эса бир ўринга 12 нафардан ортиқ номзод тўғри келганини кўрсатади.

Ўтган йилгидан фарқли равишда жорий йилда вилоятимиздаги 3 та олий ўқув юртига бакалавриат йўналишлари бўйича 5 минг 290 та қабул квотаси ажратилди.

Жумладан, Қарши давлат университетининг кундузги бакалавриат йўналишларига жами 2 минг 80 нафар талаба ўқишга қабул қилинади. Улардан 460 нафари давлат гранти, 1620 нафари эса тўлов-контракт асосида таълим олади. Сиртқи таълим йўналишларига эса яна 830 нафар талаба қабул қилинади. Шунингдек, магистратура босқичига жами 116 нафар талаба қабул қилиниб, уларнинг 61 нафари давлат гранти, 55 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқийди. 

Шунингдек, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида бакалавр босқичининг кундузги 27 таълим йўналишига жами 1715 нафар абитуриент қабул қилинади. Улардан 460 нафари давлат гранти, 1255 нафари эса тўлов-контракт асосида таҳсил олиш имконига эга бўлади. Сиртқи бўйича эса 350 та, магистратура йўналишига жами 76 квота ажратилган. Шундан 54 таси давлат гранти, 22 таси тўлов асосида ўқийди. 

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали эса 2019/2020 ўқув йилида кундузги бакалавриатга 250 нафар талаба қабул қилади. Уларнинг 65 нафари давлат гранти асосида таълим олса, 185 йигит-қиз тўлов-контракт асосида ўқиши белгиланган. Филиалда сиртқи таълим йўналишига 75 нафар ўғил-қиз ўқишга қабул қилинади.

Муассасада магистратура йўналишида 5 та квота ажратилиб, барчаси давлат гранти асосида ўқийди.

ВИЛОЯТИМИЗДА ОТМЛАР СОНИ ОШМОҚДА

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида, Шаҳрисабзда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ва Тошкент кимё-технология институтининг филиаллари очилди. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Қарши филиали ҳам иш бошлаши кутилмоқда.

ҚАШҚАДАРЁЛИКЛАР УЧУН АЖРАТИЛГАН АЛОҲИДА КВОТАЛАР БОР

- Президентнинг тегишли қарори билан мамлакатимиздаги ОТМга ҳудудлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича давлат грантлари асосида мақсадли қабул параметрлари ҳам тасдиқланди. Унга кўра, республика бўйича 2 минг 13 та квота белгиланди. Шундан 140 таси вилоятимиз абитуриентлари учун.

Ҳудуддаги эҳтиёждан келиб чиқиб, энг кўп (95 та) квота тиббиёт йўналишидаги  ОТМлардан ажратилди. Масалан, қашқадарёликлар учун Тошкент тиббиёт академиясидан 39 та квота ажратилиб, ундан 7 таси Тошкент шаҳрига, 2 таси муассасанинг Урганч филиалига ҳамда 30 таси Термиз филиалига тўғри келади. Худди шундай, Самарқанд тиббиёт институтидан 37 та, Тошкент тиббиёт педиатрия институти ҳамда Самарқанд ветеринария медицинаси  институтидан 15 тадан, Тошкент фармацевтика институти ва Тошкент давлат стоматология институтидан 2 тадан ўрин берилган. Шунингдек, Тошкент давлат аграр университетидан 23 та, Ўзбекистон давлат консерваториясидан 5 та, Миллий рақс ва хореография олий мактабидан 2 та квота ажратилган.

202 ЎРИН ҲАРБИЙ ТАВСИЯНОМАСИ БОРЛАР УЧУН

- Қуролли кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаларига эга абитуриентлар учун  Республика бўйича 4 минг 8 та қабул квотаси ажратилди. Ундан 202 таси Қашқадарё ОТМларига тегишли. Жумладан, хизматни намунали ўтаган аскар йигитлар учун Қарши давлат университетидан 104 (23 грант, 81 та контракт), Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтидан 86 (23 та грант, 63 та контракт), ТАТУ Қарши филиалидан 12 (3 грант, 9 та контракт) ўрин ажратиб берилди.

ТЕСТНИ ҚАЕРДА ТОПШИРИШ АБИТУРИЕНТГА ҲАВОЛА

Тест синовлари июль-август ойларида, ўтган йилги каби катта сиғимли павильонларда ўтказилади. Биз Қарши ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати ҳамда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг спорт залларини танлаб олганмиз.

Бу йил абитуриентлар республиканинг исталган ҳудудидаги  ОТМдан рўйхатдан ўтиб, бошқа ҳудудда тест синовида қатнашиши мумкин. Фақат рўйхатга олинаётганида қаерда тест топширмоқчи эканини аниқ кўрсатиши шарт. Дейлик, қашқадарёлик абитуриент Тошкентдаги      3  та ОТМга ҳужжат расмийлаштирди. Аризасида эса тестни Қашқадарёда топширишини белгилади. Демак, у Тошкентга бормасдан ҳам тест синовида қатнаша олади. Ёки самарқандлик абитуриент Бухородаги 3 та ОТМни танлади. Лекин у тест ўтадиган вақтда оилавий сабабларга кўра, Самарқандда эмас, Навоийда бўлади. Аввалдан шуни эътиборга олиб, ҳужжат расмийлаштираётганда тестни Навоийда топширишини қайд этиши керак. Ҳудудни кейинчалик қайта ўзгартириб бўлмайди. 

ҲУЖЖАТЛАРНИ СОХТАЛАШТИРГАНЛАР КЕЧИРИЛМАЙДИ

- Абитуриентлар рўйхатдан ўтиш жараёнида фақат зарур ҳужжатларни кўрсатиши ва қайд этиши аввалдан маълум қилинган эди. Агар абитуриент ўзига тегишли ҳужжатларда ёки имтиёзларга оид маълумотларда сохтакорликка йўл қўйса ва натижасига кўра талабаликка тавсия қилинса, барибир талабалар сафидан четлаштирилади. Уларга ўқишни қайта тиклаш имконияти берилмайди.  

Сожида АЛЛАЁРОВА суҳбатлашди.

Report typo