Янги ўқув йили истиқлолимизнинг 26 йиллиги муносабати билан "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида "Мустақиллик дарслари" ва Биринчи Президентимиз Ислом Каримовни ёд этишга бағишланган "Хотира дарслари" билан бошланди.
- Бу йил вилоятимиздаги барча умумтаълим мактабларига 64 минг 268 нафар ўқувчи биринчи синфларга қабул қилинди, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Панжиев. - Уларга "Президент совғаси" - 12 номдаги ўқув қуроллари солинган мактаб сумкалари тантанали топширилди.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, бу йил мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилган муҳим ислоҳотлардан бири - мактабларда 11 йиллик таълим тизимининг жорий этилиши бўлди. Шунга асосан, 9-синфни битирган ўқувчилар ўз хоҳишларига кўра таълимнинг кейинги босқичини касб-ҳунар коллежи, академик лицей ёки мактабда давом эттириши мумкин. Вилоят халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра, ўтган ўқув йилида мактабларнинг 9-синфини тамомлаган 48 минг 910 нафар ўқувчидан жорий йилнинг 2 сентябрь ҳолатида 40 минг 514 нафари ўқишни 10-синфда давом эттирмоқда. Айрим ўқувчиларнинг аввал касб-ҳунар коллежи ёки академик лицейга ҳужжатларини топшириб, кейин яна мактабга қайтиш ҳолатларини инобатга олсак, бу рақам янада ўсиши мумкин.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ