Матбуот анжумани
Қашқадарёда 3176 та (шундан, 2718 таси нодавлат) мактабгача таълим ташкилоти, 1217 та умумтаълим мактаби бор. Янги 2023/2024 ўқув йилидан улар сони Косон, Муборак ва Яккабоғ туманларида қурилаётган мактаблар ҳисобига 1220 тага етиши кутилмоқда.
Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Убайдулла Орипов маълумот берди.
- Янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш мақсадида ажратилган 296,8 миллиард сўм (маҳаллий бюджетдан 41,7 миллиард сўм) маблағ ҳисобига умумтаълим мактаблари бўйича 3 та янги қурилиш, 50 объектда реконструкция, 26 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди, - дейди у. - Натижада 11 минг 150 та қўшимча ўқувчи ўрни ташкил қилинди ҳамда 50 та мактабнинг навбатлилик коэффициентини 1,2 фоизга камайтиришга эришилди. Шунингдек, 21,2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 204 та мактабда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.733 та мактаб 76,8 миллиард сўмлик замонавий мебель жиҳозлари билан таъминланди. 689 та мактабга 111 турдаги 13 минг 773 дона ўқув адабиётлари етказиб берилди.
Анжуманда таъкидланишича, мактабларда фаолият олиб бораётган 1100 нафардан ортиқ чет тили фани ва 817 нафардан ортиқ информатика фани ўқитувчилари ўзларининг малака даражасини оширганлик тўғрисида халқаро даражадаги сертификатни қўлга киритган.
Янги 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларни иккита хорижий тил ва касбга ўқитиш бўйича ҳар бир туман (шаҳар)дан биттадан, жами 16 та мактаб танлаб олинган. Уларнинг 9 тасида замонавий ахборот технологиялари (8 тасида дастурчилик, 1 тасида компьютер оператори) 16 тасида тикувчилик, 4 тасида дурадгорлик ва 3 тасида сантехника йўналишидаги касблар ўргатилади.
Матбуот анжумани савол-жавоб руҳида ўтди.
Шоҳиста БОЗОРОВА