Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

02.06.2020


ЯНГИ, ЗАМОНАВИЙ, ИННОВАЦИОН ЕЧИМЛАРГА ЭГА

Ўтган жума куни вилоятимизнинг бирйўла учта тумани - Қамаши, Ғузор ва Яккабоғда Давлат хизматлари марказларининг янги, замонавий, инновацион ечимларга эга бўлган бинолари фойдаланишга топширилди.

ДХА вилоят бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, марказларнинг ҳар бирида кенг кутиш заллари, кутубхоналар, болалар майдончалари, тиббиёт хоналари, ўзи ўзига хизмат кўрсатиш зоналари мавжуд.

Масалан, Қамаши тумани давлат хизматлари маркази (ДХМ) давлат-хусусий шериклик асосида қуриб битказилиб, мазкур ҳудудда яшовчи 270  минг нафардан ортиқ аҳолига тезкор ва сифатли хизмат кўрсата оладиган, ташриф буюрувчилар учун ҳар томонлама қулай масканга айланди. Туманда жорий йилда бугунга қадар 10 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилган экан, шунинг ўзи ҳам янги бинога эҳтиёж нақадар катта бўлганлигидан далолатдир.

Қамаши тумани ДХМ биноси очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергенов, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ҳамда вилоят сектор раҳбарлари иштирок этишди.

Ғузор тумани ДХМ илгари туман халқ қабулхонаси биносининг 2 та хонасида фаолият олиб борарди. Тақдим этилаётган хизматлар тури ошгани сайин марказга ташриф буюрувчилар сони ҳам ортди. Ана шундай дамларда фуқаролар ўз навбатларини кутиб туришлари учун етарли шароит йўқлиги ёки оддий хизмат учун ҳам ходимга учрашиш лозимлиги кўплаб ноқулайликлар туғдирар эди. Энди эса туман ДХМ қайта реконструкция қилинган ва замонавий кўринишга келтирилган, умумий майдони 3545 квадрат метрга тенг икки қаватли бинода жойлашган.

"Тадбиркор аёл" уюшмаси туман бўлими раҳбари Зулхумор Жабборованинг сўзларига қараганда, фуқароларнинг ишини енгил қилиб, тадбиркорларнинг вақтини тежаб, тез ва қулай хизматлар кўрсатиб келаётган Давлат хизматлари марказининг замонавий бинога кўчиши ҳудуд аҳли учун ажойиб туҳфа бўлди.

- Ёш тадбиркор ва ишбилармон аёлларимиз учун баъзан болаларига қараб туриш учун одам тополмай, зарур ишларини кейинга қолдиришига энди зарурат йўқ, - дейди Зулхумор Жабборова. - Марказда болалар майдончаси борлигини кўриб шундай фикрлар ўтди хаёлимдан. Буви, она ва тадбиркор сифатида янги марказнинг ана шу жиҳатларини кўриб жуда ҳам хурсанд бўлдим.

Ғузор туманида шу йилнинг бошидан буён 11 минг 340 та хизмат кўрсатилган бўлса, шундан 4574 таси март-май ойларига тўғри келмоқда. Фуқаролар шу давр мобайнида асосан, солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР)ни аниқлаш, кадастр паспортини тайёрлаш, судланганлик (судланмаганлик) тўғрисидаги маълумотларни олиш учун мурожаат этишган.

Яккабоғ туманида фойдаланишга топширилган шинам ДХМ биноси ҳам қайта реконструкция қилиниб, туманнинг 264 минг нафардан зиёд аҳолисига янада сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш учун ўз эшикларини очди.

 

 Яккабоғлик тадбиркор Абдулатиф Қодиров йилдан-йилга давлат хизматларидан фойдаланиш осонлашиб бораётгани, тадбиркорлар ва фуқаролар учун содда ва тушунарли бўлиб бораётганини таъкидлар экан, бу замонавий ва кенг бинода хизмат кўрсатиш сифати ва тезкорлиги янада ошишига ишонч билдирди.

- Аввалги марказ биносига бориш зарурати туғилганда, чуқур уҳ тортардим. 2-3 та каталакдек хона доимо мижозлар билан тўла бўларди, ўтириб кутишга ҳам жой тополмасдик, - дейди Абдулатиф Қодиров. - Янги жойда эса ҳамма шароитлар бор, каттагина кутиш зали, юмшоқ ўриндиқлар, чиройли гуллар. Бундай марказга хорижлик ҳамкорларни олиб келсанг, юзинг ёруғ бўлиб, иш бошлайсан-да.

Эслатиш жоизки, шу пайтгача вилоятимизда Косон, Шаҳрисабз ва Қарши туманлари ҳамда Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларида Давлат хизматлари марказларининг янги бинолари фойдаланишга топширилганди.

Ўз мухбиримиз

Суратлар ДХА вилоят бошқармаси ахборот хизмати томонидан тақдим этилган.

Report typo