Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

17.12.2019


"ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН - ЯНГИ САЙЛОВЛАР" МИЛЛИЙ АКЦИЯСИ ЎТКАЗИЛДИ

14 декабрь куни "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан ўтказилган "Янги Ўзбекистон - янги сайловлар" миллий акцияси вилоятимизнинг  6 гўшасида минглаб юртдошларимизни жамлади.

Хусусан, Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли истироҳат боғида жойлашган амфитеатрда ўтказилган флешмобда вилоят ҳокимлиги, вилоят сайлов комиссияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов ўтказувчи 125-Қарши округ сайлов комиссияси, сиёсий партиялар вакиллари, кенг жамоатчилик фаол иштирок этди. Аҳамиятлиси, қатнашчиларнинг салмоқли қисмини ёшлар ташкил қилди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Долли Аллаев, вилоят сайлов комиссияси раиси Музраф Икрамов, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси раҳбари Тўйчи Ёқубов ва  бошқалар бу йилги сайловларнинг аҳамияти, мамлакатимизнинг келажаги учун тутган ўрни хусусида атрофлича сўз юритдилар.

Акция доирасида сайловга тайёргарлик жараёнлари ҳамда қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида фойдали маълумотлар тақдим этилди. Энг асосийси, барча маълумотлар содда ва тушунарли тилда аҳолига етказилди.

Ҳарбий оркестр, хушовоз хонандалар ва таниқли актёрлар чиқишлари барчага завқ-шавқ улашди.

Қарши давлат университетида ўтказилган тадбирда эса Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носиров сўзга чиқиб, сайловларнинг ҳар бир инсон ҳаётида тутган ўрни бениҳоя катта эканлигини таъкидлади ва барчани сайловларда фаол иштирок этишга чақирди.

Айтиш жоиз, жорий сайловларда 20 миллиондан зиёд кишининг иштироки кутилмоқда. Уларнинг 2 миллиондан кўпроғини илк бор овоз берувчи ёшлар ташкил этади.    Ўзбекистондаги сайлов жараёнлари нафақат мамлакат ҳудудида, балки халқаро майдонда ҳам катта қизиқишга сабаб бўлмоқда. Маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар сиёсий партияларнинг 50 мингга яқин ва  фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг 10 мингдан ортиқ кузатувчилари, номзодларнинг 80 мингга яқин ишончли вакиллари, 777 нафар маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари рўйхатга олинган.

Шунингдек, 4 та нуфузли халқаро ташкилот миссиялари сайловларни бевосита кузатиб боради. Бундан ташқари, 54 та хорижий давлатдан 350 нафар кузатувчи ташрифи кутилмоқда.

Худди амфитеатрда бўлгани каби университетда ҳам викторина ташкил этилиб, сайлов бўйича қизиқарли ва қисқа саволларга тўғри жавоб берган қатнашчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Акция доирасидаги тадбирлар Қарши, Китоб, Чироқчи туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида ҳам бўлиб ўтди.

- Бугунги миллий акция кўнгилочар дастурларга бойлиги билан бирга ҳуқуқий билимларимиз ошишига ҳам хизмат қилмоқда, - дейди флешмоб иштирокчиларидан бири Камрон Турсунов. - Бу йилги сайловларга ростдан ўзгача тайёргарлик кўрилмоқда. Биз ёшлар ҳам ушбу жараёнларда фаол иштирок этиб, муносиб номзодга овоз беришни мақсад қилганмиз.

Б.САЙФИЕВ

Суратларда: тадбирдан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo