Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

04.08.2022


ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЭЛ АЗИЗ, ИНСОН АЗИЗ

Буюк сана

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами муносабати билан ўтказиладиган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари ўзида "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" деган бош ғояни мужассам этади.

Шу йил 1 август куни Президент Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида" қарор қабул қилди.

Мазкур ҳужжатга асосан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби ҳамда "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури тасдиқланди.

Республика комиссияси зиммасига мазкур дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг самарали бажарилиши ҳамда Мустақиллик байрамининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда кенг нишонланишини таъминлаш вазифаси юклатилди. Шунингдек, барча ҳудудларда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Мустақиллик байрамига бағишлаб маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, долзарб мавзулар бўйича фикр алмашувлар, маданий тадбирларни самарали ўтказиш мақсадида таниқли илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилар, маданият ва санъат арбобларидан иборат тарғибот гуруҳларини ташкил этиш ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб боришини йўлга қўйиш топширилди.

Қарорда, шунингдек, жойларда Мустақиллик байрамини юқори савияда ўтказиш мақсадида  қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш таъкидланди:

сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, халқимизнинг ҳаёти, қалби ва онгида юз бераётган ижобий ўзгаришларни таъсирчан усулларда ифода этиш;

мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессия вакиллари ўртасида аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада кучайтириш, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳамиятини чуқур таҳлиллар, аниқ ҳаётий мисоллар ёрдамида кенг жамоатчиликка етказиш;

бугунги тинч ва эркин ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга, инсон қадрини улуғлашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш;

аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган дастурларимизнинг ижобий натижаларини кўрсатиш;

байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш.

Қарорнинг тўлиқ матни билан www.president.uz сайтида танишиш мумкин.

Report typo