Қадрият
Халқимизга хос инсонийлик ва бағрикенглик Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб уюштирилаётган “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остидаги тадбирларда ҳам ўз аксини топмоқда.
Байрам муносабати билан вилоятимизда Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, Миришкор туманида ҳам бирламчи аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари юкланган карвон йўлга чиқиб, оилаларга қувонч улашилди.
Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Хуршид Шаропов, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғи Азамат Вакилов бошчилигида жойлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 8 хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва саховатпеша тадбиркорлар томонидан йирик ва майда шохли қорамоллар топширилмоқда.
Бўстон маҳалласида яшовчи Дилором Холбоеванинг фарзанди бетоб, шу куни “Темир дафтар”га киритилган бу оилага йирик шохли қорамол, 10 та оилага озиқ-овқат маҳсулотлари ва 5 та оилага майда мол етказиб берилди.
- Бу каби ғамхўрлик ва эътибордан кўнглимиз тоғдек кўтарилди, - дейди Дилором Холбоева. – Топган маблағимизни фарзандимизни даволашга сарфлаймиз. Шу сабабли қорамол сотиб олишга қўлимиз калталик қилаётганди. Бугунги ёрдам учун маҳалла фаоллари, саховатли инсонлардан миннатдормиз.
Шоҳиста БОЗОРОВА