Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари аъзолари, сиёсий партиялар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашувдаги нутқи
Ҳурматли парламент аъзолари, сиёсий партиялар ва жамоатчилик вакиллари!
Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!
Хабарингиз бор, шу йил 30 апрель куни мамлакатимиз ҳаётида, ҳеч шубҳасиз, том маънодаги улкан тарихий воқеа бўлиб ўтди. Биринчи марта умумхалқ референдуми асосида янгиланган Конституциямизни қабул қилдик.
Референдумда қатнашган фуқароларимизнинг мутлақ кўпчилиги "Бу - менинг Конституциям", деб ғурур билан овоз берди.
Референдум кейинги йилларда халқимизнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқараши нақадар юксалганини амалда кўрсатди. Ушбу тарихий танлов орқали халқимиз бундан олти йил олдин бошлаган ислоҳотларимизга катта ишонч билан қараб, уларни тўла қўллаб-қувватлашини яна бир бор намоён этди. Эл-юртимизнинг ана шундай азму қарори асосида давлатчилигимиз ва иқтисодиётимизни бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратилди.
Буларнинг барчаси - миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир юртдошимиз "қилса бўлар экан-ку", деб, ўз рўзғори, оиласи мисолида юртимизда юз бераётган катта ўзгаришларни яққол сезаётганидан далолат эмасми?
Конституциямиз лойиҳасини муҳокама қилишдан бошлаб то уни қабул қилгунча бўлган даврда ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида миллионлаб юртдошларимиз фаол ва муносиб иштирок этдилар. Шу нуқтаи назардан қараганда, янгиланган Конституциямизнинг чинакам муаллифи халқимиз бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор.
Энг муҳими, энди ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, "инсон - жамият - давлат" деган янги тизим асосида фақат ва фақат олдинга қараб борамиз.
Албатта, халқимизнинг референдумдаги овози, билдирган юксак ишончи барчамизга катта масъулият юклайди, эл-юртимизни рози қилиш учун бизни янги марраларга ундайди, ислоҳотларни жадал давом эттиришда янада катта куч-ғайрат ва илҳом бағишлайди.
Фурсатдан фойдаланиб, ўзининг юксак фуқаролик бурчини чин дилдан адо этиб, Асосий қонунимизни қабул қилишда амалий таклиф ва ташаббуслари, ғоя ва фикрлари билан фаол иштирок этган кўпмиллатли, мард ва олижаноб халқимизга таъзим қиламан.
Шу билан бирга, жамиятимиздаги янгиланиш ва ўзгаришларни амалга оширишда жонбозлик кўрсатиб, эзгу ишларимизда бизни қўллаб-қувватлаб келаётган муҳтарам нуронийларимиз, илм-фан ва маданият арбоблари, зиёлиларимизга, жонкуяр ўқитувчи-мураббийлар ва шифокорларимизга, иқтисодиётимиз ривожига янги куч бераётган тадбиркорларимизга, ишчи-хизматчилар, миришкор деҳқон ва фермерларимизга, кластерлар ходимларига, жамиятимизнинг таянч устуни бўлмиш маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари ва профилактика инспекторларига, келажагимиз эгаси бўлган азму шижоатли ёшларимизга, бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг барча ҳақиқий ватанпарварларига самимий миннатдорлик билдираман.
Айни пайтда халқ билан мулоқот қилиб, унинг фикрини олиб, Асосий қонунимизни такомиллаштиришга ўз ҳиссасини қўшган Конституциявий комиссия аъзоларига, барча депутат ва сенаторлар, сиёсий партиялар вакилларига, қонун лойиҳасини халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқишда фаол иштирок этган олимлар, маҳаллий ва хорижий экспертларга, референдум жараёнларини ҳаққоний ёритиб, ўзининг холис фикрларини билдирган барча оммавий ахборот воситалари ходимларига, халқаро кузатувчиларга алоҳида ташаккурлар айтаман.
Азиз ватандошлар!
Ҳеч шубҳасиз, халқимиз ўз танловини амалга ошириб, янгиланган Конституция учун овоз берган 30 апрель санаси тарихимизда унутилмас ёрқин саҳифа бўлиб қолади. Айнан шу куни кўпни кўрган, ҳаёт маъносини, тинчлик ва инсон қадрини чуқур англайдиган эл-юртимиз демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқатини яна бир бор амалда тасдиқлади.
Қадим тарихимиздан келиб чиққан ҳолда, ота-боболаримизга хос эзгу қадриятларни рўёбга чиқариш, яъни инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, одамларимиз билан бамаслаҳат иш кўриш биз учун чинакам демократия намунасидир.
Халқимизда "Бирдамлик бор жойда илдамлик бор", деган доно нақл бежиз айтилмаган. Чиндан ҳам, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик бўлган юртда албатта қут-барака, тараққиёт бўлади.
Бизнинг энг катта бойлигимиз - Ўзбекистонни ўзи учун ягона Ватан деб биладиган кўпмиллатли буюк халқимиздир. Жонажон юртимизда қарор топган миллатлараро дўстлик ва аҳилликни - мана шундай бебаҳо хазинамизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг олий бурчимиздир.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Янгиланган Конституциямизнинг биринчи моддасида Ўзбекистон - суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб, қатъий белгилаб қўйилгани тарихий аҳамиятга эга. Халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан Асосий қонунда муҳрланган бу принциплар - мамлакатимизнинг тараққиёт йўли ва тақдирини, унинг келажагини белгилаб берган ушбу "бешта устун" ҳеч қачон ўзгартирилмайди.
Дунёда кундан-кунга янги-янги синовлар, хавф-хатар ва таҳдидлар пайдо бўлаётганини барчангиз кўриб турибсиз. Энг нуфузли сиёсатшунос ва экспертлар ҳам, "ақл марказлари" ҳам жаҳонда содир бўлаётган ҳозирги зиддият ва тўқнашувлар қачон ва нима билан тугашини айта олмаяпти.
Шундай мураккаб вазиятда, ҳар бир ишимизда, қабул қилаётган барча қонун ва қарорларимизда фақат ва фақат халқимиз, Ватанимиз манфаатлари энг устувор ўринда туриши шарт. Бунинг учун, биринчидан, ота-боболаримизнинг асрий армони бўлган, тенгсиз ва буюк неъмат - мустақиллигимизни асраб-авайлаш, уни янада мустаҳкамлаш ва келгуси авлодларга мерос қилиб қолдириш барчамиз учун ҳаёт-мамот масаласи эканини унутмаслигимиз зарур.
Бизнинг уч минг йиллик давлатчилик тарихига, бой ва бетакрор маданиятга эга бунёдкор халқимиз бор. Қирқ миллионга яқинлашиб бораётган бугунги Ўзбекистон халқининг тақдири ва истиқболи, фаровон ҳаёти учун барчамиз масъул ва жавобгармиз. Шу сабабдан юртимизда тинчлик ва барқарорликни асраш ва мустаҳкамлаш бундан буён ҳам энг муҳим вазифамиз бўлиб қолади.
Шу мақсадда миллий хавфсизликни таъминлаш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини оширишга қаратилган ишларимизни янги босқичга олиб чиқамиз.
Эл-юртимизнинг тинч-осойишта ҳаётини таъминлаш учун "хавфсиз шаҳар", "хавфсиз маҳалла", "хавфсиз кўча" концепцияларини жадал амалга оширамиз. Бунинг учун янги ташкил қилинган "маҳалладаги бешлик" тизимини давлат ва жамият томонидан ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаймиз. Фуқаролараро тотувлик, миллатлараро дўстлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Дунёдаги ҳозирги мураккаб вазиятда тинчликсевар ташқи сиёсатимизни давом эттириб, узоқ ва яқин давлатлар билан дўстлик алоқаларини, барча соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантирамиз.
Биз мамлакатимиз суверенитетини янада мустаҳкамлашда глобал иқлим ўзгариши, озиқ-овқат, энергетика, логистика билан боғлиқ хавф-хатарлар, сув тақчиллигининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича янги ташаббус ва дастурлар ишлаб чиқиб, ҳамкорларимиз билан бирга фаол иш олиб борамиз.
Иккинчидан, биз Ўзбекистонни ижтимоий давлат, деб эълон қилдик.
Мамлакатимизда 2 миллион 200 мингдан зиёд оилалар ижтимоий кўмакка муҳтож. Аҳолимизнинг 55 фоизи ёшлардан иборат.
Шу ўринда бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Янгиланган Конституциямизда давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари 3 баробар кўпайтирилмоқда. Бу рақамни айтиш осон, лекин уни амалда таъминлаш учун жуда кўп ишлашимиз зарур. Бунга давлат бюджетидан ҳар йили қўшимча 30-40 триллион сўм ажратиш керак бўлади. Бунинг ҳисобидан, ҳар йили юзлаб янги боғчалар, мактаб ва шифохоналар қуришимиз лозим.
Ёшлар сиёсатини, таълим-тарбия, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантиришни устувор вазифа сифатида юқори босқичга кўтариш бўйича ҳам янги имкониятларни сафарбар этамиз. Нуронийлар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган инсонлар, алоҳида эътиборга муҳтож аҳоли қатламига ижтимоий хизматлар кўламини янада кенгайтирамиз. Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдорини мунтазам ошириб борамиз.
Ўзимизга савол берайлик нима учун аҳолимиз референдумда бунчалик фаол бўлди?
Нимага улар ислоҳотларимизни қўллаб-қувватламоқда? Чунки, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларимизнинг қишлоқ ва овулларидан тортиб, пойтахтимиз маҳалла ва кўчаларидаги улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишларини ўз кўзлари билан кўраяптилар.
Биргина мисол, ўтган йилдан бошлаб "очиқ бюджет" тизимини жорий этганимиз қишлоқ ва маҳаллалардаги оддий одамларимиз кайфиятига қандай ижобий таъсир кўрсатганини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз. Лекин, одамларимизнинг ўсиб бораётган талабларини қондириш учун ҳозиргидан кўра икки карра кўп ишларни бажаришимиз керак.
Яхши биласизлар, биз мамлакатимизда камбағаллик борлигини тан олиб, алоҳида дастурлар асосида уни қисқартириш бўйича катта иш олиб бормоқдамиз.
Шу мақсадда аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадини ошириш борасида "учта дафтар", ижтимоий реестр тизимини йўлга қўйиб, салмоқли натижаларга эришдик. Лекин ҳали қиладиган ишларимиз ҳам оз эмас.
Бу борада одамларимиз янгиланган Конституциядан, биз жорий этаётган янги тизимдан кўп нарсаларни кутмоқда.
Аҳолимизга муносиб турмуш шароитларини яратиш учун, энг аввало, иқтисодий ўсишни таъминлаш зарур. Ялпи ички маҳсулотимиз ҳажмини ҳозирги 80 миллиард доллардан яқин йилларда 160 миллиард долларга етказиш учун бор имкониятларни ишга солишимиз керак. Бу - аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 4 минг долларга етади, дегани.
Биз бундан буён ҳам хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, солиқ маъмурчилигини янада соддалаштириш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш борасидаги ишларни жадал давом эттирамиз. Айниқса, қишлоқ ва сув хўжалиги, саноат, энергетика, транспорт, қурилиш соҳаларига катта-катта инвестициялар жалб қилинади.
Умуман, ҳукумат 1 августга қадар давлат ўзига олган ҳар бир янги мажбурият бўйича уларнинг маблағлари, ижро механизмлари, бу масалада масъул вазирлик ва ҳокимликлар ҳамда мутасаддилар аниқ кўрсатилган алоҳида дастур ишлаб чиқиб, парламентимизга киритади.
Учинчидан, Конституциямизда илк бор, Ўзбекистон Республикасига ҳуқуқий давлат деган таъриф берилди.
Бош қомусимизда инсон ҳуқуқлари кафолатларига оид нормалар ҳам 3 баробар кўпайтирилди.
Бу - авваламбор барча соҳада қонун устуворлиги таъминланади, дегани.
Бундан буён, қонунлардаги ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлади.
Энг муҳими, "Қонун - муқаддас, ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтириш шарт!" деган қараш жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, мансабдорлар учун ҳаёт қоидасига айланиши керак.
Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш учун судларнинг одил ва мустақил иш юритишини албатта амалда таъминлашимиз зарур.
Шу мақсадда, Асосий қонунимизда ҳеч ким суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланди. Эркинликни чеклашга фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши ҳақидаги қоида мустаҳкамланди. Айбланувчига ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни "сукут сақлаш" ҳуқуқи биринчи марта алоҳида белгилаб қўйилди. Адвокатлар мақоми оширилиб, уларнинг терговчи ва прокурор билан тенг ваколатга эга экани қайд этилди.
Албатта, Асосий қонунга киритилган бу илғор янгиликларни амалда жорий этиш осон бўлмайди, кўп жамиятлар бундай ўзгаришларни фақат орзу қилади. Бунинг учун суд-ҳуқуқ идораларининг кадрлар салоҳиятини яхшилаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашимиз зарур.
Энг муҳими, терговчи, прокурор, судья, адвокатларнинг билим ва малакаси, маънавий дунёсини юксалтириш билан бирга, аҳолининг ҳам ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳаммамиз учун дунёқарашимизни ўзгартириш талаб этилади. Қандай оғир бўлмасин, бу ишларни амалга оширишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда.
Тўртинчидан, демократик тараққиёт йўлини қатъий давом эттирамиз.
Бош қомусимизда бу мақсадга эришиш кафолатларини янада кучайтирдик. Бизга инсон ва бизнеснинг оғирини енгил қиладиган, уларга сифатли хизмат кўрсатадиган ихчам ва самарали бошқарув тизими керак. Маъмурий ислоҳотларни айнан шу мақсадда бошладик. Биринчи босқичда ҳукумат ва вазирликлар ихчам қилиниб, уларнинг иш услуби ўзгартирилди. Навбатдаги вазифамиз - вилоят ва туман даражасида ҳам бошқарув сифатини оширишдан иборат.
Менинг энг катта ниятим - одамларни қийнаётган муаммоларни маҳалланинг ўзи ечадиган халқчил тизим яратиш. Шу боис, молия, солиқ, бандлик каби идораларнинг камида 30 фоиз ваколатларини маҳалла даражасига тушириш мўлжалланмоқда.
Шу билан бирга, янгиланган Конституциямиздаги ўзгаришлар бир қатор сиёсий ислоҳотларни ҳам назарда тутади. Бу борада парламент фаолиятида муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса 14 тадан 18 тага етказилди.
Айни пайтда, палаталарнинг ваколатларига ҳам аниқлик киритилди. Масалан, ҳукуматни шакллантириш, унинг фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш масалалари Қонунчилик палатасининг ваколатига ўтказилди.
Шу билан бирга, депутатларимиз асосий эътиборни қонунларнинг сифати ва таъсирчанлигини оширишга қаратадиган, уларнинг ижросини самарали ташкил этишда ҳукумат билан биргаликда қаттиқ ишлайдиган вақт келди.
Сенатнинг фаолияти эса ҳудудлар билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, маҳаллий Кенгашларга ҳар томонлама кўмаклашиш, жойларда, айниқса, маҳаллаларда қонунлар ижросини таъминлашга йўналтирилиши зарур.
Буларнинг барчаси, депутат ва сенаторларимиз зиммасига катта масъулият юклаши табиий, албатта. Энди улар пастга тушиб, кўпроқ одамларимиз билан учрашиб, уларнинг муаммоларини эшитса, вазирлар ва ҳокимлар билан биргаликда ҳар бир масала бўйича аниқ ечимларни топса, бундан умумий ишимизга фақат фойда бўлади.
Бугунги кунда халқ овози ва фикрини кенг жамоатчиликка, давлат идоралари эътиборига олиб чиқаётган энг таъсирчан куч, бу - оммавий ахборот воситалари, журналистлардир.
Жамиятимиздаги очиқлик сиёсатини изчил давом эттириш мақсадида оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, ахборот олиш, фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқлар қатъий кафолатланмоқда.
Шу билан бирга, сўз эркинлиги, бу - масъулият ҳам дегани. Яъни ахборот маконида ҳаққонийлик ва холислик бош мезон эканини унутмаслигимиз зарур.
Айни пайтда нодавлат ташкилотларнинг ролини ошириш, ҳуқуқларини кафолатлаш орқали фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Бешинчидан, Ўзбекистон - дунёвий давлат ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Халқимизнинг референдум орқали билдирган хоҳиш-иродаси, қатъий танлови ҳам шу.
Бундан буён ҳам миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг виждон эркинлиги таъминланади. Барча диний конфессиялар эркин фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб берамиз.
Мамлакатимизда миллатлар ва конфессиялар ўртасида тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш сиёсатини изчил давом эттирамиз. Жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга ҳеч қачон йўл қўймаймиз.
Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!
Мен Президент сифатида иш бошлаган биринчи кунданоқ "Биз халқимизга хизмат қилгани келганмиз. Биз халқимизни рози қилиш учун келганмиз", деган гапларни доим такрорлайман.
Биз ислоҳотларни бошлаган пайтда, ўзимиз тасаввур ҳам қилмаган жуда кўп муаммо ва синовларга дуч келдик. Уларга эл-юртимиз билан биргаликда ечим топиб, ҳар бир масалани жойида ҳал қилиб боряпмиз. Чунки, янгиланган Конституциямизнинг маъно-мазмуни, бош мақсади ҳам халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиб беришдан иборатдир. Бу мақсад йўлида қанчалик оғир бўлмасин, зарур маблағларни, керак бўлса, ортиқчаси билан топиб, барча имкониятларни ишга солаяпмиз.
Халқимизнинг ўзи - энг адолатли ҳакам. Мен аминман, бугун юртимиздаги ҳар бир инсон "ҳаётимда ижобий ўзгариш бўлмоқда", деб айта олади.
Бугун биз тарихнинг янада масъулиятли ва ҳал қилувчи палласида турибмиз. Мамлакатимиз тараққиётида мутлақо янги даврга қадам қўймоқдамиз. Чунки, янгиланган Конституциямизни қабул қилиш билан биз Учинчи Ренессанс учун ҳуқуқий пойдевор яратдик. Бугун халқимиз интилаётган ана шу буюк мақсадни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшаман, деган ҳар бир юртдошимиз, аввало ушбу пойдеворга таяниб, ҳаракат қилиши лозим.
Айниқса, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқаришда, ёшларимиз келажаги учун мустаҳкам замин ҳозирлашда Асосий қонунимиз уларга беқиёс имкониятлар очиб беради.
Шу муносабат билан, мен бугун иккита муҳим Фармонни имзоладим.
Биринчи Фармон янгиланган Конституциямизни ҳаётга жорий этиш, ижросини таъминлаш учун унинг мазмун-моҳиятини халқимиз ўртасида кенг тарғиб қилиш бўйича аниқ вазифаларни назарда тутади.
Шу маънода, Бош қонунимизнинг ҳар бир банди ва моддасини жамиятимиз, айниқса, ёшларимиз учун ҳаёт қоидасига айлантириш, бу борада уларнинг тушунча ва тасаввурларини кенгайтириш, ҳар бир маҳалла, таълим маскани, ташкилот ва корхонада чуқур ўрганиш мақсадида ўқув дастурлари, дарслик ва қўлланмалар яратиш зарур.
Шу билан бирга, янгиланган Конституциянинг 128-моддасида мамлакат Президентига берилган ваколатдан фойдаланиб, мен иккинчи муҳим Фармонни имзоладим. Унга мувофиқ, юртимизда муддатидан илгари Президент сайлови ўтказилади.
Бундай қарорга келиш учун қандай объектив зарурат бор, деган савол туғилиши табиий, албатта.
Нима учун, қолган уч ярим йиллик Президентлик муддатидан ўз ташаббусим билан воз кечаяпман? Чунки, ўзингиз кўриб турибсиз, Асосий қонунимизга мувофиқ, биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда.
Иккинчидан, янгиланган Конституциямиз Президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўймоқда.
Учинчидан, халқимиз биздан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда.
Тўртинчидан, дунёда ва минтақамизда кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланмоқда.
Шу муносабат билан бутун халқимизга мурожаат қилмоқчиман.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар, барчангиз кўриб турибсиз, олдимизга бугун янада улкан марралар қўймоқдамиз.
Бундан буён ҳам жамият ва давлат ҳаёти, бугунги ва келгуси тараққиётига оид ҳар бир масала бўйича фақат ва фақат сизлар, донишманд, бағрикенг халқимиз билан бамаслаҳат иш олиб борамиз.
Асосий қонунимизда халқ - давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи, деб бежиз ёзилмаган. Шу нуқтаи назардан, янгиланган давлат ҳокимияти тизимида халқимиз, яна бир бор айтаман, фақат халқимиз ўзи ишонган раҳбарга мандат бериши мақсадга мувофиқ.
Ўйлайманки, бугунги мавжуд шароитда бу - энг тўғри ва адолатли қарор бўлади.
Сайловлар қонунга тўла мувофиқ ҳолда, очиқ ва ошкора тарзда ўтказилади. Бунда сиёсий партиялар, Президентликка номзодлар юртимиз тинчлиги ва унинг равнақига, халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқадилар, деб ишонаман.
Қадрли юртдошлар!
Шу ўринда бир фикрни яна таъкидлаб айтмоқчиман: кўзлаган марраларимиз қанчалик юксак ва мураккаб бўлмасин, уларга эришиш учун бизда барча имкониятлар бор.
Буюк аждодларимиз мероси, халқимизнинг бунёдкорлик қудрати, интеллектуал ва маънавий салоҳияти, унинг меҳнатсеварлик ва тадбиркорлик фазилати бу йўлда бизга куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади.
Ишончим комил, сизлар билан, бутун халқимиз билан эзгу мақсадларимизга албатта етамиз. Янги Ўзбекистонни барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, биргаликда қурамиз.
Мана шундай улуғ мақсад йўлида ҳаммангизга сиҳат-саломатлик, янги ютуқ ва зафарлар, оилавий бахт-саодат тилайман.
Яратганнинг ўзи барча олижаноб ишларимизда мададкор бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат.
Манба: president.uz