Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Янгиланган ветеринария тизими: АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ, АТРОФ-МУҲИТ ҲИМОЯСИ

Н.ХЎЖАЕВ

02.03.2017


Янгиланган ветеринария тизими: АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ, АТРОФ-МУҲИТ ҲИМОЯСИ

- Маълумки, мамлакатимизда озиқ-овқат барқарорлигини таъминлаш, чорвачилик соҳасини ривожлантириш, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришда давлат ветеринария хизматининг ўрни катта. Шу маънода бугун юртимизда чорвачиликка қаратилаётган эътибор натижасида соҳанинг янада тараққий этиши, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш кенгаяётгани ветеринария мутахассислари зиммасига янада масъулиятли вазифаларни юкламоқда. Бу эса мазкур тизим билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришни  тақозо этади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Ветеринария тўғрисида”ги Қонуни мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида, яъни 1993 йилда қабул қилинган бўлиб, у инсон ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликлардан аҳолини ҳимоя қилиш, республика ҳудудига бошқа мамлакатлардаги ҳайвонлар юқумли касалликлари кириб келишининг олдини олиш, ягона давлат ветеринария назоратини амалга ошириш ва атроф-муҳитни ҳимоя қилишдаги ветеринария-санитария муаммоларини ҳал этишда  дастуриламал бўлиб келди.

Аммо айни пайтда унинг нормаларида ветеринария хизматининг бошқа вазирлик ва идоралар билан самарали ҳамкорлик қилиш тартиби, ветеринарияда қўлланиладиган дори воситаларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни тартибга солувчи меъёрлар йўқ эди, шунингдек, қонунда ушбу соҳада назорат тизимининг ҳуқуқий асослари белгиланмаган эди.

Бундан ташқари, унда “эпизоотия” тушунчаси мавжуд эмас ва даволаш-профилактика ишларининг моҳияти ва тамойиллари етарлича ўз ифодасини топмаганди.

Қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқишда ички зарурат билан бирга ветеринария соҳасидаги хорижий умумий низомлар ва қонунчилик ҳужжатлари, жумладан, ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти томонидан тавсия қилинган ҳайвонлар соғлиғига оид халқаро қоидалар, Австралия, АҚШ, Канада ва Болтиқбўйи давлатлари қонунчилиги ҳам ўрганилиб, таҳлил қилинди.

Шундай қилиб, қонуннинг янги таҳририда “эпизоотия” тушунчасига тегишли ҳудудда ҳайвонларнинг ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликлари тарқалиши, дея таъриф берилиб, унинг олдини олиш, аниқлаш ёки тугатишга доир ташкилий ва махсус ветеринария тадбирлари тизими белгилаб берилди.

Шунингдек, нобуд бўлган ҳайвонларни утилизация қилиш механизми, ҳайвонларнинг жасади ва ички органларини утилизация қилиш пунктлари устидан назорат қилиш тизими ўрнатилди. Юқумли касалликлардан нобуд бўлган ҳайвонлар, биологик чиқиндиларни йўқ қилиш ва зарарсизлантириш ҳамда улар кўмилган жойлар устидан назорат олиб бориш қоидалари белгиланди.

Янги таҳрирдаги қонунда давлат ветеринария назорати объектлари, эпизоотик мониторинг, давлат ветеринария назорати остидаги товарларни олиб қўйиш, йўқ қилиш, зарарсизлантириш (юқумсизлантириш) ва қайта ишлаш, ҳайвонлар юқумли касалликларининг ўчоқлари аниқланган чоғдаги чекловчи тадбирлар (карантин) ҳамда давлат ветеринария хизматининг таъминоти ва молиялаштирилиши билан боғлиқ муносабатлар ҳам тартибга солинди.

Чорвачиликнинг ривожланишини инобатга олиб, ушбу қонунга чорвачилик объектлари, қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини парваришлаш, биологик ва чорвачилик чиқиндиларини қайта ишлаш ва сақлашга нисбатан асосий ветеринария-санитария қоидалари ва меъёрлари киритилди.

6 боб, 32 моддадан иборат бўлган қонуннинг янги таҳририда давлат ветеринария хизмати, профилактика, диагностика ва даволаш тадбирлари, ветеринария назорати ҳамда ҳайвонларнинг касалга чалинишининг, республика ҳудудига бошқа давлатлардан уларнинг юқумли касалликлари олиб кирилишининг олдини олишга қаратилган бошқа ишларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг ваколатлари белгилаб берилди.

Ветеринария тадбирларини ўтказишда, бу соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишда давлат органлари ва бошқа органларга кўмак беришда ҳамда зарур ёрдам кўрсатишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар иштирок этишининг ҳуқуқий механизмлари мустаҳкамланди.

Умуман олганда, мазкур қонун ҳозирги замон талаблари ва стандартларини инобатга олган ҳолда ветеринария хизматини янада ривожлантиришга, давлат ветеринария назорати самарадорлигини оширишга, аҳоли саломатлигини, атроф-муҳитни асрашнинг ветеринария-санитария муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашади.

Н.ХЎЖАЕВ ёзиб олди.

Report typo