Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

16.03.2023


Янгиланиш ва яшариш, меҳр-оқибат фасли

Қадрият

Барчамиз учун севимли бўлган Наврўз айёми юртимизда "Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!" деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва катта шодиёна билан нишонланмоқда.

Шарқ тақвими бўйича янги йилнинг бошланиши 21 март - баҳорги тенг кунликка тўғри келса-да, аслида халқимиз Янги кунни кўклам кириб келган пайтданоқ - дала ва боғдаги қизғин меҳнати билан, бу гўзаллик фаслида она заминга янада файз ва мафтункорлик бағишлаш иштиёқи билан тантана қила бошлаган. Ҳар бир шаҳар ва туманда, маҳаллалар ва қишлоқларда Наврўз айёмига хос янгиланиш ва бунёдкорлик руҳи сезилиб турибди. Масалан, Яшил шаҳар - Шаҳрисабзда бу йилги баҳор мавсумида 200 мингтага яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш мўлжалланган бўлса, бу ишга бутун шаҳар аҳли - етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган барча инсонлар ўз ҳиссасини кўшишга интилмоқда. Биргина   Шаҳрисабз эмас, Қашқадарёнинг ҳар бир бурчагида Наврўз байрами арафасидаги анъанавий ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш юмушлари "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кенг қамровли ишлар билан чамбарчас боғлиқ ҳолда рўёбга чиқарилмоқда.

Истиқлол йилларида урф бўлган одатга кўра, эл-юртимиз яшариш ва янгиланиш, меҳр-оқибат фасли сифатида эъзозлайдиган Наврўз айёмида барча ҳудудларда кўплаб янги иморат ва иншоотлар қуриб битказилиб, халққа хизмат кўрсата бошлайди. Бу йил ҳам ана шу анъанага содиқ қолган нишонлик тадбиркорлар туманда бугунги кун андазаларига жавоб берадиган йирик умумий овқатланиш мажмуасини фойдаланишга топшириб, Нишон аҳли ва меҳмонлари учун замонавий сервисни йўлга қўйишди ва 15 нафар киши учун доимий иш ўринлари яратишди. Касби тумани Қорахўжа қишлоғида ишбилармон Нодир Тошевнинг саъй-ҳаракатлари билан давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган "Суғдиёна" мактабгача таълим ташкилоти иш бошлади. 25 ўринга мўлжалланган бу болалар боғчасида ҳам шу кунларда жажжи болажонлар иштирокида Наврўзга бағишланган гўзал тадбирлар ўтказилмоқда. Миришкор тумани Оқмачит маҳалласида эса илгари ишсиз бўлган 13 нафар фуқарога тикув машиналари, яна 5 нафарига юк ташувчи мотоцикллар тақдим этилди.

Айни пайтда халқимизнинг кўп асрлик эзгу қадриятларини, унинг орзу-интилишларини ўзида мужассам этган қутлуғ Наврўз байрамида воҳамизда муҳтарам нуронийларимизни ҳар томонлама эъзозлаш, ёрдам ва кўмакка муҳтож фуқароларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ, юртимизда миллатлараро дўстлик ва фуқаролараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган, халқимизнинг ҳаёти, дунёқарашида юз бераётган ижобий ўзгаришларни намоён этадиган қатор тадбирлар ва учрашувлар, турли хил кўрик-танлов ва мусобақалар, спорт беллашувлари ҳам ўтказилмоқда. Масалан, Муборак туманидаги ҳарбий қисмлардан бирида ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясига масъул ташкилотларнинг вакиллари ва 100 нафар ўсмир иштирокида "Жасорат мактаби"нинг бу йилги илк ўқув йиғини бошланган бўлса, "Муборак ИЭМ" акциядорлик жамиятида шахмат-шашка бўйича турнир ташкил этилди. Нишонда ёшларнинг Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, шу тумандаги 18-умумий ўрта таълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Маъмура Тўраева билан мулоқоти уюштирилди. Наврўз ва 21 март - Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов туғилган куни олдидан ушбу Халқ шоири ижодиёти билимдонлари ўртасида жойларда кўрик-танловлар бўлиб ўтмоқда. Қарши шаҳрида эса ҳунармандлар ва фольклор-этнографик ансамбллар иштирокидаги фестивалда Қашқадарё туристик мавсуми очилиб, ҳудудларнинг диққатга сазовор жойлари ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида ранг-баранг тақдимотлар ўтказилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан халқаро байрам деб эътироф этилган ва ҳалқимиз маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутган Наврўз айёмига бағишланган асосий тадбирлар, аниқроғи, халқ сайиллари бугундан бошланади. Янги кун тантаналари “эстафета”си Яккабоғ туманида 16 март куни эрталаб 1-сонли БЎСМ ўйингоҳида ва Деҳқонобод тумани Мустақиллик майдонида бошланса, эртага Ғузор тумани Қоракамар қишлоғи адирлигида, Кўқдала тумани Наймансарой маҳалласидаги сайилгоҳда, Қамаши тумани Манғит маҳалласидаги очиқ майдонда, Шахрисабз туманидаги “Зиё чашмалари” ва Шаҳрисабз шаҳридаги “Беруний” оромгоҳларида, Касби туманидаги  “Мўғлон” ва Косон туманидаги “Ёшлар хиёбони” истироҳат боғларида давом этади. Китоб туманида янгиланиш ва яшариш айёми 20 март куни Қайнар маҳалласидаги адирликда нишонланади.

Вилоятимиздаги асосий Наврўз сайли 19 март куни эрталаб Қарши шаҳридаги амфитеатр мажмуасида ўтказилиб, унинг дастуридан ҳам қадимий урф-одатларимиз ва халқ ўйинлари, маданий меросимизнинг ёрқин намуналари бўлган куй ва қўшиқлар, ўлан ва лапарлар кенг ўрин эгаллайди.

Ўз мухбиримиз

Report typo